21:53 / 24.01.2024
27941

Ҳаво ифлосланиши ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқироздан чиқиш: Япония тажрибаси

Экологик стандартларга амал қилиш бўйича энг илғор давлатлардан бири ҳисобланувчи Япония ўз тарихида (тезкор саноатлашув йилларида) ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ касалликлар авж олишининг тўртта тўлқинини бошдан кечирган. Бу мавзуда Японияда тадқиқот олиб борган Бобур Турдиев Kun.uz'га тақдим этган мақоласида кунчиқар юрт тажрибаси ҳақида сўз юритиб, Ўзбекистон учун тавсияларни санаб ўтади.

Фото: Getty Images

Бугун глобал исиш ва иқлим ўзгариши халқаро даражадаги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Афсуски, бу муаммо кўпчилик давлатлар қатори Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ўзбекистондаги экологик ҳолатнинг нақадар жиддий эканини Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиб бораётгани, халқаро рейтинг ва индикаторлардан ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, 2022 йилги Экологик самарадорлик индексига кўра, Ўзбекистон умумий 38,2 балл билан 107-ўринни банд этган бўлса, ҳаво ифлосланиши бўйича 16,7 балл билан 167-ўринни эгаллаган. Худди шундай, 2022 йилги Жаҳон ҳаво сифати ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳавоси энг ифлосланган 20 та давлатдан бири ҳисобланиб, ҳаводаги қум-чанг заррачалари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларидан ўртача 6,7 баравар юқори ҳисобланади.

Афсуски, ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн узатувчи станциялар асосан Тошкент шаҳрида (8 та) жойлашган бўлиб, бу бутун Ўзбекистон бўйлаб умумий экологик ҳолатни баҳолаш имконини бермайди. Жумладан, IQAir маълумотларига кўра, Термиз шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражаси Тошкент шаҳридан қолишмайди ва баъзи ҳолларда ундан ҳам юқорироқ. Шунчаки маълумот учун, қўшни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ҳаво сифатини ўлчовчи станциялар сони 50 га яқинни ташкил этиб, бошқа кичик шаҳарларда ҳам 2-3 тадан станциялар мавжуд.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги ПФ-81-сон фармонига мувофиқ, 2023 йилнинг 1 декабрига қадар туман (шаҳарлар)да атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун жами 347 та автоматлашган станциялар харид қилиш ва ўрнатиш белгиланган бўлиб, мазкур қарор ижроси муддати ҳозирда 2024 йил 1 октябрга ўзгартирилган.

Эътиборлиси, атроф-муҳит ифлосланиши ва унинг натижасида юзага келадиган табиий омиллар нафақат иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга, балки фуқаролар соғлигига ҳам салбий таъсир қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, экологик омиллардан ҳар йили 13 млн киши ҳалок бўлиб, шундан 6,5 млн ўлим ҳаво ифлосланиши оқибатида юз беради. Бунда 90 фоиз ўлим кўрсаткичлари ривожланаётган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон расмийларига кўра, қурилишдаги хаос, машинадан чиқаётган заҳарлар, ривожланмаган жамоат транспорти, инфратузилма йўқлиги, саноат чиқиндилари, кўмир ва мазутдан фойдаланишнинг ортгани Тошкент шаҳри ҳавосини ифлослантирувчи асосий омиллар ҳисобланади.

Экология ифлосланиши ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқироз (Япония мисолида)

Ҳаво ифлосланиши ва у билан боғлиқ экологик инқироз иқтисодий ривожланиш палласида бўлган ривожланаётган давлатларда тез-тез кузатилади. Айрим давлатлар бу жараёндан тезроқ ва оқилона қарорлар ҳисобига муваффақиятли ўтиб олган бўлса, айрим давлатларда мазкур инқирозли ҳолат янада мураккаблашганини кўриш мумкин.

Хусусан, Осиёда экологик ҳолати барқарор ва юқори экологик стандартларни жорий этиш бўйича Япония етакчи ҳисобланади. Афсуски, бундай натижага эришиш учун мамлакат атроф-муҳит ифлосланиши натижасида юзага келган касалликлар (минамата, астма, ва итаи-итаи касаллиги) ва жамоат соғлиғи билан боғлиқ тўртта жиддий инқирозларни бошидан ўтказишига тўғри келган. Улардан учтаси 1950-60 йиллардаги юқори иқтисодий ўсиш ва саноатлашиш даврига тўғри келади.

Жумладан, Япониянинг Мие префектурасидаги Ёккаичи порти атрофида жойлашган урушдан кейин хароба бўлиб ётган собиқ ҳарбий ёқилғи омбори ҳудудида 1955 йилда нефт-кимё мажмуаси қуриш лойиҳаси тасдиқланади. 1959 йилдан тўлиқ ишга тушган мажмуа томонидан атмосферага чиқарилган ташланмалар туфайли ҳудуддаги ҳаво юқори даражада ифлослана бошлайди.

Маҳаллий аҳоли томонидан нефт-кимё корхоналаридан чиқаётган заҳарли газ, тутун, шовқин ва кўланса ҳидлардан шикоятлар кўпаяди. 1961 йил ўрталарига келиб аҳоли, айниқса 10 ёшгача болалар ва қариялар орасида астма касаллигига чалиниш ҳолатлари жиддий ошади, нафас олиш йўллари билан боғлиқ турли касалликлар кўпаяди.

Бундан ташқари, мажмуа денгиз кўрфазида жойлашгани ва чиқинди сувлар етарли ишлов берилмай денгизга қуюлгани сабабли, сув манбалари ҳам ифлосланиб, бир неча километр радиусдаги денгиздаги балиқлар таъми ўзгариб, балиқ сони ва сифати пасайиб кетади. Мазкур ҳуддудда овланган балиқлар ифлослангани, ҳиди борлиги сабабли бозорда қўшимча текширувларга, балиқчилар даромади тушиб кетишига ва уларнинг ишсизлигига олиб келади ҳамда жиддий норозиликларга сабаб бўлади.

1963 йилда ушбу ҳудудда иккинчи нефт-кимё мажмуаси ишга туширилади. Бу пайтга келиб экологик ифлосланиш қўшни туман ва ҳудудларга ҳам ёйила бошлайди ҳамда бу инқироз тарихда “Ёккаичи астма” ёки “Ёккаичи ифлосланиши” номлари билан қолади. Ифлосланиш даражасини пасайтириш учун корхоналар томонидан 1965 йилда атмосферага чиқариладиган ташланмалар миноралари баландлиги оширилади. Бу чора бевосита ёндош ҳудудларга етказиладиган зарар кўламини камайтирган бўлса-да, умумий ҳолда ифлосланиш ҳудуди янада кенгайишига олиб келади.

Экологик инқироздан аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқироз сари

Иқтисодий ўсишга устуворлик берилгани, давлат ва маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан ишлаб чиқарувчи компанияларга нисбатан ён босилгани сабабли, ҳаво ифлосланиши ва унинг натижасида аҳоли саломатлиги ёмонлашуви бевосита боғлиқлиги рад этилади. Аҳоли саломатлиги ёмонлашувига қарамай, ҳудуддаги нефт-кимё корхоналари ва ҳокимият идоралари томонидан ҳаво ифлосланишини камайтириш юзасидан етарли даражада амалий чоралар кўрилмайди.

Ифлосланган ҳаводан зарарланиш даражасини камайтириш учун шифокорлар тавсияси билан аҳоли, айниқса болалар учун 1960-йиллар ўрталарида мактабларда кунида 5-6 мартадан оғиз чайқаш, маска тақиш тартиби жорий этилади ҳамда мактабларда ҳавони тозаловчи мосламалар ўрнатилади.

Лекин кўрилган чораларга қарамай вазият яхшиланмайди. Ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ экологик инқироз айниқса болалар саломатлигига жиддий зарар етказиб, касал бўлган беморларнинг 50 фоизга яқинини болалар ташкил этади. Натижада, мазкур ҳудудда болалар ўлими кўрсаткичлари ўртача умуммиллий кўрсаткичларга (18,1) нисбатан икки баравар юқорига кўтарилиб, ҳар минг нафарга 36,1 нафарни ташкил этади. Шунингдек, аҳолининг ўртача умр давомийлиги қисқариб, ҳудудда яшовчилар орасида хроник бронхит, бронхиал астма билан бўғлиқ ўлим кўрсаткичлари сони ошади.

Жумладан, ҳаво ифлосланиши натижасида Наоко Танида исмли қизалоқ 2-синфда ўқиётганида астма касаллигига чалинади. Кейинчалик шифокорлар тавсияси билан қизалоқнинг оиласи бошқа ҳудудга кўчиб ўтади. Бироқ, кўрилган чораларга қарамай, соғлиғига жиддий путур етган қизалоқ астма хуружи натижасида 9 ёшида (1972 йил сентябрда) бевақт ҳаётдан кўз юмади.

Қизалоқнинг онаси Теруко Танида мана ўн йилдирки мазкур фожиа билан боғлиқ хотираларини ёшларнинг экологик хабардорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида ҳикоя қилиб келади. “Атроф-муҳит ифлосланиши жуда жиддий оқибатларга, болалар ўлимига олиб келади. Биз ушбу фожеадан тўғри хулоса чиқаришимиз, иқтисодий ўсиш учун фарзандларимиз ва бошқа инсонлар ҳаётини қурбонлик қилмаслигимиз зарур”, дея таъкидлайди у.

Намойишлар, маҳаллий аҳолининг норозилиги ва қаршилиги ҳеч қандай самара бермагач, бир гуруҳ жамоатчилик фаоллари томонидан айбдор компанияларга қонуний чора кўриш мақсадида ҳуқуқий механизмларга мурожаат қилинади. Гарчи жабрланувчилар сони кўп бўлса-да, фақат 9 нафар фуқарогина судда даъвогар сифатида қатнашишга рози бўлади.

Шундай қилиб, 1967 йили даъвогар фуқаролар томонидан экология ифлосланишига сабабчи бўлган 6 та жавобгар компанияга нисбатан етказилган зарарни қоплаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш бўйича зарур чораларни кўриш учун судга даъво аризаси киритилади. Суддаги асосий мунозара жабрланувчилар соғлиғига етказилган зарар билан нефт-кимё корхоналаридан атмосферага чиқаётган заҳарли ҳаво (тутун) ўртасида боғлиқлик борми ёки йўқми деган савол атрофида кечади.

5 йил давом этган ва ОАВ томонидан кенг ёритиб борилган суд жараёни ниҳоят 1972 йилда даъвогарларнинг ғалабаси билан якунланади. Афсус, бу пайтга келиб энг ёш ҳисобланган даъвогар жабрланувчи вафот этган эди. Суд қарори жабрланувчиларга нафақат зарарни қоплаш имконини беради, балки компаниялар ва уларга ён босган марказий ва маҳаллий ҳокимият билан келгусидаги чоралар юзасидан музокаралар олиб бориш, давлатнинг экологик сиёсати ва стандартларини қайтадан кўриб чиқиш, экология қонунчилигини такомиллаштиришда туб бурилиш юз беришига олиб келади.

Суд ўз қарорида “компаниялар иқтисодий самарадорлик ва фойда олишга устуворлик беришдан воз кечиши, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш бўйича барча чораларни кўриши, бунда дунёдаги энг илғор технология ва билимларни қўллаши кераклиги”ни қайд этади. Суд, шунингдек, миллий ҳукумат ва маҳаллий ҳокимият идоралари компанияларни атроф-муҳитга таъсирини етарлича баҳоламай туриб ҳудудга жалб этгани учун масъулият уларнинг бўйнида эканини кўрсатиб ўтади.

Шунингдек, бу суддаги ғалаба Япониянинг бошқа ҳудудларида ҳам экология ифлосланиши билан боғлиқ жамоат манфаатлари учун даъво аризаларини қўзғатишга туртки беради ва япон компанияларининг экологик масъулияти ошишига хизмат қилади.

Экологик ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ бу инқироздан кечикиб бўлса-да япон ҳукумати тўғри хулоса чиқаради. Биринчи навбатда экология соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиб, соҳани тартибга солувчи бир қатор янги қонунлар қабул қилинади. 1963 йилда “Тутунларни назорат қилиш тўғрисида”, 1966 йилда “Сув сифатини назорат қилиш тўғрисида”, “Саноат суюқ чиқиндиларини назорат қилиш тўғрисида”, 1967 йил “Атроф-муҳит ифлосланишини назорат қилиш тўғрисида”, 1968 йил “Ҳаво ифлосланишини назорат қилиш тўғрисида”, 1973 йил “Атроф-муҳит ифлосланиши натижасида аҳоли соғлиғига етказилган зиённи компенсация қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинади.

1971 йилда Мие префектураси томонидан ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, атмосферага ташланмалар миқдори бўйича чекловлар ўрнатиш ва ташланмалар миқдорини кескин қисқартириш бўйича 5 йил муддатга эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар жорий этилади ҳамда белгиланган кўрсаткичларга муддатидан бир йил аввал эришилади.

Ҳаво ифлосланиши даражасини мониторинг қилиш мақсадида 1960 йил охиридан бошлаб ҳаводаги олтингугурт оксиди ва тушадиган чанг миқдори ўлчана бошлайди, 1962 йил якунларида ҳаво сифатини автоматик ўлчайдиган ускуна ўрнатилади. 1966-69 йилларда 28 гектар майдонда шаҳарнинг Марказий яшил боғи барпо этилади. 1967 йил Мие префектурасининг атроф-муҳит ифлосланиши аҳволини доимий ўрганиш ва тадқиқот қилиш учун Атроф-муҳит ифлосланиши маркази ташкил этилган бўлса, 1971 йилга келиб Япония Экология вазирлиги ташкил этилади.

Ўз навбатида компаниялар томонидан ҳам атмосферага ташланмалар ва чиқинди сувларни тозалаш ва зарарсизлантиришга қаратилган чора тадбирлар (филтрлар ўрнатиш, бир неча босқичли тозалаш технологиялари жорий этиш) амалга оширилади. 1969 йилда нефт-кимё корхоналари ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш бўйича шартнома имзоланиб, ифлослантириш шароитида корхоналар фаолиятини тўхтатиб туриш, шаҳар ҳокимиятининг аҳволни жойига чиқиб текшириш ваколатлари белгиланади. Шартнома шартларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат қўшма кенгаш ташкил этилади.

Ўша пайтда даволаниш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ харажатлар тўлиқ фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши ва тиббий суғурта тизими орқали қамраб олинмагани аҳоли учун жиддий иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқараётган эди. Шу сабабли 1965 йилда Ёккаичидаги маҳаллий ҳокимият томонидан Японияда илк маротаба ҳаво ифлосланишидан жабр кўраётган фуқароларнинг тиббий харажатларини давлат томонидан қоплаш тизими жорий этилади.

1990 йилда шаҳар ҳокимлиги томонидан атроф-муҳит ифлосланишини олдини олишга қаратилган технологияларни бошқа ривожланаётган давлатлар ҳам фойдаланиши учун Экологик технологиялар трансфери маркази ташкил этилади. 2015 йилда Ёккаичи ифлосланиши ва келажак авлодлардаги хабардорликни ошириш бўйича экология музейи ташкил этилади.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида атроф-муҳит ифлосланиши ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ юзага келган инқирозли ҳолат тўлиқ бартараф этилади.

Бугунги кунда Японияда, хусусан Ёккаичи шаҳрида экологик ҳолат анча барқарор ва атроф-муҳит тозалиги бўйича юқори натижалар қайд этиб келинмоқда.

Экологик самарадорлик индексига кўра, Япония умумий 57,2 балл билан 25-ўринни банд этган бўлса, ҳаво тозалиги бўйича 78,9 балл билан дунё мамлакатлари ичида 13-ўринни банд этган.

Маълумотларга кўра, япон компанияларининг 76 фоизи иқлим ўзгаришини жиддий масала эканини қайд этиб, иссиқхона газларини камайтириш учун 85 фоиз ҳолатда энергияни тежаш, 68 фоиз ҳолатда экологик тоза товар ва хизматлардан фойдаланиш, 55 фоиз ҳолатда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш ва 51 фоиз ҳолатда ишлаб чиқариш жараёнини оптималлаштириш орқали эришиб келмоқда.

Хулоса

Минг афсус, ривожланган давлатлар босиб ўтган ва жиддий оқибатларга олиб келган экологик инқирозлардан доим ҳам тўғри хулоса чиқарилмаяпти, улар қилган хатоларни ривожланиш босқичида турган давлатлар ҳам такрорламоқда. Зеро, иқтисодий ўсишга эришиш учун бой берилган ва экология етказилган зарарнинг ўрнини келажакда ўрнини қоплаш имконияти йўқ ёки бўлган тақдирда ҳам унинг қиймати эришилган иқтисодий қийматдан бир неча карра қимматга тушади.

Эътиборлиси, Японияда юзага келган инқирозни қисқа муддатда бартараф этишга эришилган бўлса-да, ҳозирги иқлим ўзгариши ва глобал исиш шароитида атроф-муҳитга етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳамда уни тиклаш янада мураккаб ва тобора қийинлашиб бормоқда.

Бунда энг асосийси иқтисодий ривожланиш, экологик барқарорлик ва инсоннинг муносиб яшашга бўлган ҳуқуқлари ўртасида мувозанатга эришиш ҳисобланади. Зеро, қайсидир бирига устуворлик бериш бошқасининг ҳалокати ва инқирози билан якун топади. Дастлаб 1992-йилда қабул қилинган Рио декларациясида ўз ифодасини топган мазкур барқарор ривожланиш тамойиллари ҳаёт учун қулай табиий муҳитга эга бўлиш, иқтисодий ўсиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ажралмас эканлиги ва улар ўртасида мувозанатни таъминлаш кераклигини мустаҳкамлаб қўйган.

2023 йилда умумхалқ муҳокамаси орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга интилиши қайд этилган. Конституциянинг 49-моддасида ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамланган.

Бироқ, сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражаси юқорилигича қолаётган бўлиб, бу нафас йўлларининг сурункали касалликлари, аллергия ва саратон касаллигига олиб келиши мумкин.

Таклифлар

Асака туманидаги цемент заводи / Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши экологик ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ инқирозга айланиб кетмаслиги учун қуйидагилар таклиф қилинади:

Биринчидан, барқарор ривожланиш тамойилларига мувофиқ барча даражадаги қарорларни қабул қилишда иқтисодий ва экологик манфаатлар ҳамда инсоннинг муносиб яшашга бўлган ҳуқуқлари ўртасида мувозанатни таъминлаш лозим. Бунда экологик тамойилларни рад этиш ёки уларга зид равишда иқтисодий манфаатларга устуворлик беришдан воз кечиш лозим.

Жумладан, атроф-муҳит жиддий ифлосланишига олиб келадиган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар учун жорий йилда айрим солиқ ставкалари 4 бараварга пасайтирилган ҳолда уларнинг экологик масъулиятини ошириш бўйича етарли чоралар белгиланмагани натижасида иқтисодий манфаатларга устуворлик берилиши, ўз навбатида экологик ва инсоннинг муносиб яшашга бўлган ҳуқуқлари мувозанати бузилишига ва уларга зиён етказилишига олиб келиши мумкин.

Иккинчидан, фуқароларни атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборот билан таъминлаш мақсадида экологияга оид ахборотларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш ва кенгайтириш зарур.

Жумладан, ҳар бир корхона ва ташкилот кесимида атроф табиий муҳит ҳолатига зарарли таъсир қиладиган ёки номақбул тарзда таъсир этиши мумкин бўлган объектлар, атроф табиий муҳитга тушадиган зарарли моддаларнинг турлари ва миқдори, чиқиндиларнинг ҳажмлари ва таркиби, ўзгариш динамикасига оид маълумотлар очиқлигини таъминлаш ва эълон қилиб бориш зарур.

Айни пайтда, республиканинг барча ҳудудларида атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга оширувчи станцияларни тезроқ ишга тушириш ва реал вақт режимида онлайн узатишни йўлга қўйиш зарур.

Шунингдек, ҳаво ифлосланиши фон мониторингидан келиб чиқиб, аҳоли учун ўз саломатлигини асраш чораларини кўриш учун қандай эҳтиёт чораларини кўриш кераклиги бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш ва аҳоли эътиборига етказиб туриш зарур.

Учинчидан, экологияга зарарли таъсирларнинг асосий сабабчиларидан бири корпоратив сектор ҳисобланади. Ривожланган давлатларда корпоратив ҳамжамиятнинг масъулиятини ошириш учун корпоратив ижтимоий масъулият (КИМ) тамойилларидан кенг фойдаланилади. Шу сабабли, миллий қонунчиликда, хусусан тадбиркорлик ва экологияга оид қонунчиликда КИМ тамойилларини мустаҳкамлаш орқали корпоратив секторнинг экологик масъулиятини ошириш зарур.

КИМ корпоратив секторнинг жамият ва атроф-муҳитга эҳтимолий таъсири юзасидан масъулияти ва ҳисобдорлигини оширишни назарда тутади. КИМ нафақат қонунларга амал қилиш, балки ўзининг фаолиятига қонунларда назарда тутилганидан ҳам юқори стандартлар жорий этиш орқали, корпоратив секторнинг жамият ва экологияга салбий таъсирини минималлаштириш ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатлар уйғунлигини таъминлашни назарда тутади.

КИМ тамойилларининг амалга татбиқ этилишини назорат қилиш фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ, фаол истеъмолчилар қатлами ёрдамида жамоатчилик назорати механизмлари орқали амалга оширилади. Шу сабабли, давлат фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, ижтимоий шерикчилик тамойиллари асосида инсофсиз тадбиркорлик субъектлари, экологияни ифлослантирувчи корхоналарни фош этишга оид фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб олиши мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорида келтирилган атроф-муҳитга зарар етказиш даражаси юқори ва ўрта бўлган корхоналар томонидан атроф-муҳитга зарар кўламини камайтириш ва олдини олиш учун илғор экологик тозалаш технология ва филтрларини мажбурий қўллаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Бунда худди цемент ишлаб чиқариш ташкилотлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги 223-сон қарорида белгилангани каби мазкур корхона ва ташкилотларга туташ ҳудудларда стационар кузатиш пунктлари (постлар)ни ўрнатиш ҳамда фон мониторингини реал вақт режимида онлайн узатишни йўлга қўйиш таклиф қилинади.

Бунда атроф-муҳитга жиддий зиён етказадиган корхоналар фаолияти экологик ва жамоатчилик назорати механизмлари орқали назорат қилиниши ва фош этилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, экологик назоратни амалга оширувчи идораларнинг мустақил, холис фаолият юритишини таъминлаш лозим. Айни пайтда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфида бўлган экологияни асраш билан боғлиқ бўлмаган ёки аксинча унга зиён етказиши мумкин бўлган Туризмни ривожлантириш қўмитаси вазирлик тасарруфидан чиқарилиши мақсадга мувофиқ.

Мазкур чора тадбирлар маълум бир молиявий харажатларни амалга оширишни талаб этса-да, бундай харажатлар экологик масъулиятсизлик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган жиддий экологик талафотлар ва аҳоли соғлиғи билан боғлиқ инқирозли ҳолатлар натижасида етказилган зарарга қараганда бир неча баравар арзон ҳисобланади. Бунинг учун давлат томонидан тегишли қонунчилик ва стандартларни ишлаб чиқиш, уларнинг жорий этилиши ва кенг татбиқ этилишини рағбатлантириш талаб этилади.

Энг асосийси, инсоннинг муносиб яшаш ҳуқуқи, атроф-муҳит ва иқтисодий манфаатлар ўртасида мувозанатни таъминлаш, фуқаролар ва корпоратив секторнинг экологик хабардорлиги ва масъулиятини ошириш, экологик ахборотнинг очиқлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назорати имкониятларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ.

Бобур Турдиев,
мустақил тадқиқотчи

Top