12:20 / 25.01.2024
2110

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатганлар учун имтиёзлар берилди

Президент «Ўзбекистон президенти ва Ўзбекистон ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.  

Фото: Getty images

Умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатган ва улардан фойдаланувчи шахслар, улар фойдаланишга топширилган кундан эътиборан уч йил муддатга, қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади:

  • ушбу қурилмалар бўйича - юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, алоҳида турувчи қурилмалар билан банд бўлган ер участкалари бўйича - юридик шахслардан олинадиган ер солиғини, электр энергиясини умумий тармоққа сотишдан олинган фойда бўйича - фойда солиғини;
  • уй-жой фондининг кўчмас мулк объектлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини.

Қурилмалар ўрнатилаётган қуёш панеллари қувватининг 25 фоизидан кам бўлмаган қувватни ташкил этадиган электр энергиясини сақлаш тизими билан ўрнатилган тақдирда, солиқ имтиёзлари улар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб ўн йил муддатга қўлланади.

Мазкур солиқ имтиёзлари жисмоний шахсларга улар томонидан умумий қуввати 1 кВтдан ортиқ бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ўрнатилганда ҳар бир объект бўйича бир маротаба қўлланилади.

Бунда солиқ имтиёзларининг йиллик миқдори жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича эса - базавий ҳисоблаш миқдоридан ошмаслиги лозим.

Top