22:56 / 29.01.2024
11340

АҚШ сиёсатчилари Байдендан Эронга зарба беришни талаб қилмоқда — ОАВ

Улар Яқин Шарқда америкалик жангчиларнинг ҳалок бўлиши жавобсиз қолмаслиги керак, деб ҳисобламоқда.

Фото: AP

Эрон раҳнамолигидаги жангари гуруҳлар томонидан уч нафар америкалик аскарнинг ўлдирилиши ва яна ўнлаб кишиларнинг яраланиши АҚШ президенти Жо Байденга Эронга зарба бериш учун босимни оширмоқда. Бироқ, Reuters ёзганидек, у бундан ҳам каттароқ уруш бошланишидан чўчиб, бу қадамни қўйишни истамаяпти. 

Байденнинг жавоб вариантлари сифатида Эрондан ташқарида ёки ичида ҳарбийларга ёки фақат жангари гуруҳларига нисбатан эҳтиёткорлик билан жавоб зарбасини бериш бўлиши мумкин. 

Республикачилар Байденни қатъиятсизликда айблаб, Эронга тўғридан-тўғри зарба беришни талаб қилмоқда. 

«Бу ҳужумларга ягона жавоб Эрон террорчи кучларига ҳам Эронда, ҳам бутун Яқин Шарқда ҳалокатли ҳарбий зарба берилиши бўлиши керак», деди республикачи сенатор Том Коттон. 

Бўлажак сайловда Байденга рақиб бўлиши кутилаётган собиқ президент Доналд Трамп эса бу ҳолатни «Байденнинг қатъиятсизлиги ва таслим бўлиши оқибатлари» деб атади. 

Демократлар эса Байденнинг Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги можарони тўхтатиш бўйича стратегияси барбод бўлаётганидан очиқчасига хавотир билдирди. 

«Вазият назоратдан чиқиб кетмоқда. У минтақавий урушга айлана бошлади, афсуски, АҚШ ва бизнинг қўшинларимиз хавф остида», деди Демократлар партияси вакили Барбара Ли. 

Аммо денгиз пиёдаси сифатида Ироқда тўрт муддат хизмат қилган демократлар вакили Сет Моултон республикачиларнинг уруш чақирувларига қарши чиқиб, «тийиб туриш қийин, аммо уруш бундан ҳам баттарроқ», деди. 

«Эрон билан урушга чақираётганларга, сизлар душманни қайғуряпсизлар ва мен ўғил-қизларингизни жангга жўнатишингизни истардим. Биз ўз шартларимиз доирасида самарали стратегик жавоб беришимиз керак», деди Моултон. 

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, Эрон қуролли кучларига ҳар қандай зарбалар Теҳронни қатъий жавоб беришга мажбур қилиши ва бу вазият йирик урушга олиб келиши мумкин. 

Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ институти ходими Чарлз Листернинг айтишича, Қўшма Штатларнинг эҳтимолий жавоби Ироқ ёки Суриядаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳлардаги мартабали шахсларнинг ўлдирилиши бўлади. 

Эслатиб ўтамиз, 28 январ куни Иорданиядаги Америка базасига берилган зарбалар оқибатида 3 нафар аскар ҳалок бўлди, яна 30 дан ортиғи яраланди. 

2023 йил октябр ойида араб-исроил можароси авж олгандан бери, Яқин Шарқдаги Америка кучлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳлар томонидан 150 дан ортиқ ҳужумга учради.

Top