22:24 / 30.01.2024
8036

Путин 6 йил ичида 68 миллион рубл ишлаб олгани ҳақида ҳисобот берди

Россия президенти Марказий сайлов комиссиясига даромадлари тўғрисида декларация топширди. 

Фото: РИА Новости

Россия Марказий сайлов комиссияси Россия президентлигига сайловда рўйхатга олинган номзод Владимир Путиннинг даромадлари тўғрисидаги декларацияни эълон қилди. Бу ҳақда «Коммерсант» ёзди. 

Унга кўра, Путин сўнгги 6 йил ичида 67,6 миллион рубл (≈9,1 трлн сўм) даромад олган. Бу Россия президентининг иш ҳақи, банк жамғармалари, қимматли қоғозлар, шунингдек, пенсиялар, шу жумладан ҳарбий пенсиялар ва мулкни сотишдан олган даромади. 

Путиннинг декларациясида, худди 2018 йилдагидек, Санкт-Петербургда 77 метрли квартираси ва 18 квадрат метрлик битта гаражи борлиги кўрсатилган. Шунингдек, унга тегишли автомобиллар рўйхати ўзгармаган: 1960 ва 1965 йилларда ишлаб чиқарилган иккита ГАЗ-М21, 2009 йилда ишлаб чиқарилган ВАЗ-2121 ва 1987 йилги Скиф тиркамаси. Путин, аввалгидек, Санкт-Петербург банкининг 230 та акциясига эгалик қилади (Москва биржасида битта акциянинг нархи 280,49 рубл). 

Сўнгги йилларда Путин номига очилган банк ҳисоб рақамлари сони 13 тадан 10 тага камайган. Шу билан бирга, улардаги жамғармалар миқдори қарийб тўрт баробарга – 13,8 миллион рублдан 54,4 миллионгача ошган. Охирги 12 йил ичида жамғармалар миқдори қарийб ўн баравар кўпайган – 2012 йилда Путин ҳисобларида 5,7 миллион рубл борлигини маълум қилган эди. 

Владимир Путин сайловолди штабининг матбуот котиби Александра Суворова сўзларига кўра, унинг олти йиллик даромади асосан президент лавозимидаги маошидан иборат. Бундан ташқари, 2017 йилда у Москва вилоятидаги ер участкасини сотган. «Номзоднинг жамғармаси миқдори унинг даромадига мос келади. Шуни ҳисобга олиш керакки, Россия президенти лавозими давлат томонидан қўллаб-қувватланишини назарда тутади, бу пулни тежаш имконини беради», деди Суворова. 

Россия президенти сайлови 2024 йил 15-17 март кунларига белгиланган. Владимир Путин бешинчи муддатга президентликка сайланишга қарор қилган. Марказий сайлов комиссияси 29 январ куни уни номзод сифатида рўйхатга олди. МСК шунингдек, Леонид Слуцкий (РЛДП), Николай Харитонов (Коммунистик партия) ва Владислав Даванковни («Янги одамлар») ҳам номзод сифатида рўйхатга олган.

Top