11:45 / 02.02.2024
13596

Минимал истеъмол харажатлари миқдорининг ўзгариши ижтимоий тўловлар ва нафақаларга қандай таъсир кўрсатди?

2024 йил 1 февралдан қарийб 195 минг нафар фуқаронинг нафақалари оширилди.

Фото: Kun.uz

2023 йил инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 621 минг сўм этиб белгиланганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги МИХ миқдорининг ўзгариши ижтимоий тўловлар ва нафақалар миқдорига қандай таъсир кўрсатганини таҳлил қилиб чиқди.

2024 йил 1 февралдан бошлаб қуйидаги нафақалар миқдори 608 минг сўмдан 621 минг сўмга оширилган:

  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларнинг ёшга доир нафақалари (74,9 минг нафар);
  • боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олувчиларнинг нафақалари (51,2 минг нафар);
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилнинг (68,4 минг нафар) парваришлаш нафақалари.

Бундан ташқари, хусусий секторда ишловчи аёлларга тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг давлат бюджетидан қопланадиган миқдори ҳам 2 млн 272 минг сўмдан 2 млн 484 минг сўмга оширилади.

Шунингдек, минимал истеъмол харажатлари миқдорининг оширилиши натижасида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали қўшимча 63 минг нафар кам таъминланган оилага болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинланиши кутилмоқда.

Минимал истеъмол харажатлари қийматининг қайта кўриб чиқилиши натижасида жорий йил якунига қадар 216 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Маълумот учун, парваришлаш ҳамда аёлларга тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш учун фуқароларнинг мурожаати талаб этилмайди.

Top