23:09 / 19.02.2024
5285

Президентга атроф-муҳитни асраш ва чиқиндиларни бошқаришга оид лойиҳалар тақдим қилинди

Тақдимотда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш лойиҳаси, маиший чиқинди полигонларини оптимизация қилиш, чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ҳамда келгуси режаларга оид тақдимот билан танишди.

Тақдимотда «Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш» лойиҳаси ҳақида ахборот берилди.

Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокидаги ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 205 миллион доллардан зиёд бўлиб, 6 йил давомида амалга оширилади. Бу маблағ ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, барқарор бошқарувни жорий этиш, экотуризм инфратузилмасини ривожлантириш каби мақсадларга йўналтирилади.

Жумладан, 175 минг гектар ўрмон ва 38 минг гектар яйловни қайта тиклаш, 19 минг гектарда агроўрмон ва 5 минг гектарда саноатбоп ўрмон барпо этиш, 63 километр эко йўлак ташкил қилиш кўзда тутилган.

Президентга «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ижроси доирасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди. 

Қайд қилинишича, Ўзбекистонда йилига ўртача 6,8 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Сўнгги йилларда санитар тозалаш хизмати билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошди. Лекин чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси юқори эмас. Ҳозирда бундай корхоналар 313 та холос. 

Президент фармонида бундай фаолиятни янада рағбатлантириш чоралари белгиланган. Жумладан, 2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни реализация қилиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида хусусий шериклик ривожлантирилади. 

Чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун жарима миқдорини ошириш, чиқинди ташлаб кетилган жойни тозалаш ва олиб чиқиб кетиш мажбуриятини белгилаш чоралари кучайтирилмоқда. 

Шунингдек, тақдимотда маиший чиқинди полигонларини оптимизация қилиш, чиқиндилардан маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Хусусан, чиқинди полигонларини инвестициялар киритишга жозибадор қилиш учун уларнинг буфер ҳудудларига махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ҳамда органик усулда ўғитлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Ушбу янги тизим бўйича биринчи пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилади. 

Жумладан, Андижон туманида 13 миллион доллар инвестиция эвазига органик чиқиндидан 100 минг тонна ўғит, Асакада чиқиндидан йилига 2 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарадиган лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Келгусида ушбу Андижон тажрибаси бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этилади.

Top