16:00 / 03.03.2024
16521

Ғазога ёрдам «коалицияси»: Иордания бошлаган «осмон миссиясига» АҚШ ва Франция ҳам қўшилди

Фаластиннинг Ғазо секторида Исроил ўтган йил кузида бошлаган босқинни ҳамон тугатгани йўқ. ЦАХАЛ ҳужумлари оқибатида аллақачон дунёнинг энг зич одам яшайдиган ҳудудига айланиб бўлган Ғазода 30 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди.

Фаластинлик оталар фарзандлари жасадини жаноза ўқиш учун олиб кетишмоқда
Фото: AFP

Босқин бошида фаластинликлар бомба ва снарядлар зарбидан ҳалок бўлган бўлса, энди бу офатларга очликдан нобуд бўлиш ҳам қўшилди. Деярли ярим йилдан буён Исроил дунёдан узиб қўйган Ғазода аксар одамлар бошпанасидан айрилган. Ҳозир тирик қолган одамларнинг асосий мақсади қандай қилиб бўлмасин ўлиб қолмаслик учун егулик топиб ейиш.

Рамазон бошланмоқда

Айниқса бўлғадаги болалар ноинсоний шароитларда яшашда жуда қийналмоқда. Ярадорларга ҳамон нормал тиббий хизмат кўрсатилмаяпти. Гигиеник воситалар эса йўқ ҳисоб. Дунёдаги йирик давлатларнинг Ғазо борасидаги музокаралари ҳам, мусулмон давлатларнинг ўзаро йиғилишлари ҳам Фаластиннинг ушбу қамалда қолган қисмида жон сақлаётган 2 миллион одам учун ҳеч нарса бермаяпти.

Рафаҳда бўтқа учун навбатга турган ғазоликлар
Фото: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти

Рамазон ойи бошланишига саноқли кунлар қолган бир вақтда Ғазонинг кичик бир қисмида жон сақлаётган фаластинлик мусулмонларга аёвсиз очлик азоб бермоқда.

Ҳаводан ёрдам «коалицияси»

Уруш бошланганидан буён илк марта қайсидир давлат ниҳоят Ғазога ҳаводан туриб озиқ-овқат юбориш мумкинлигини тушуниб етди. Иордания ҳукумати Қирол Абдуллоҳ II номидаги авиабазадан ҳарбий самолётларини ҳавога кўтарди-да, Ғазога осмондан парашютлар ёрдамида озиқ-овқат, тиббий воситалар ва бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини ташлади.

Иорданиялик учувчилар Ғазога ёрдам ташлаш операцияси учун самолёт томон кетмоқда
Фото: Hussam Hasan / The Washington Post

Аксар ёрдам маҳсулотлари денгизга тушди ва ғазоликлар қайиқларда уларни қуруқликка олиб чиқишди. Ҳозир Ғазога қуруқликдан келаётган ёрдам ҳам тўхтаб қолгани йўқ, лекин жуда кам. Бир неча кун аввал гуманитар ёрдам учун навбатда турган одамларга берилган Исроил ракета зарбаси оқибатида камида 100 киши ғалок бўлди, 700 киши яраланди.

БМТнинг Фаластинга ёрдам бўйича агентлиги раҳбари Филипп Лазарини ҳаво орқали ёрдам энг охирги чора ва жуда қиммат йўл ҳисобланади. У Ғазога бу тарзда ёрдам бериш етарли эмас деб ҳисобламоқда. «Ўтказиш пунктларини очиб қўйиш, Ғазога гуманитар ва тиббий конвой юбориш керак», деган Лазарини.

GPS билан жиҳозланган қутилар

Иордания уруш бошланганидан буён Ғазога ҳаводан имкон қадар ёрдам бериб келмоқда. Қироллик ўзи ҳомийлаштирадиган касалхоналарга ноябр ойидан буён ҳаводан АҚШ ва Британия етказиб берган махсус GPS билан жиҳозланган қутиларда тиббий воситалар етказиб бераётганди. Аммо бу галги миссия бир қанча мураккаб бўлиб, энди ўрдунликлар кичикроқ қутиларни Ўрта Ер денгизи соҳиллари яқинига ташлаб чиқишмоқда.

Фото: Jordanian army

Ёрдам маҳсулотлари асосан озиқ-овқат, болалар учун тагликлар, гигиена воситаларидан иборат. Ёрдам маҳсулотлари C-130 самолётлари орқали ташланди. Битта бундай самолёт 16 та қутини осмондан ташлай олади. Қутилар махсус тайёрланган бўлиб, парашютлар уларни белгиланган жойга етказади.

Деярли барча қутиларда ўрдунлик мактаб болаларининг фаластинлик болаларга тилаклари битилган хатлар бириктирилган. Хусусан, болалар Қуръони каримдан иқтибослар келтириб, ғазолик болалар билан бирга эканликларини билдиришган.

Ҳар қутида мақлуба

Ғазога ташланаётган ҳар бир қутида фаластинликлар миллий таоми мақлуба ҳам бор. Бу таом гуруч, бақлажон, гўшт, картошка ва карам солиб тайёрланади.

Фаластинликлар миллий таоми мақлуба
Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Ёрдам миқдори жуда кам, осмондан бўладими, ерданми, барибир кам. Шу сабаб биз қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз», дейди Иордания ҳарбий ҳаво кучлари вакили. Мамлакат расмийлари ҳар бир парвоз неча пулга тушаётгани ва парвозлар Исроил томони билан қандай келишилаётганини очиқлашни рад этган.

Гуманитар ёрдамни ташлашда самолётдан туриб иштирок этган Washington Post журналисти Ҳуссам Ҳасан ҳолатни шундай тасвирлайди: «Учоқ ғарбга учиб, Тел-Авив орқали Ғазога йўналди. Бўлғанинг устига келганда барча эркаклардан иборат экипаж жимликка чўмди. Улар ҳеч нима демай самолётнинг кичик деразаси орқали вайронага айланган шаҳарни томоша қилиб, дамба-дам қутиларни саралар, кислород баллонлар ва парашютларни текширишарди.

Ғазога ёрдам ташлаш жараёнида қатнашаётган иорданиялик ҳарбийлар
Фото: Hussam Hasan / The Washington Post

Washington Post журналистлари бўлган самолёт ўз юкларини Иордания Ғазо шимолида барпо этган дала ҳоспитали устига ташлайди. Уни касалхона ходимлари кутиб туришганди. Қутилардан бири кучли шамол сабаб Исроил ҳудудига тушди.

Юклар ташлаб бўлингач, ҳарбийлар ниҳоят тин олишди-да, қуритилган олма ва сув тамадди қилишди. Улардан бири 20 кундан буён уйига бормай шу операцияга тайёрланган ва ҳар икки кунда самолётга кўтарилади. У юклар ташлаб бўлингач ёпилган эшикка қараб «Аллоҳ уларни бу азоблардан қутқарсин деб қўйди», деб тасвирлайди самолётлардан биридаги ҳолатни журналист.

C-130 самолёти деразасидан кўринаётган Ғазо вайроналари
Фото: Hussam Hasan / The Washington Post

Журналистнинг таъкидлашича, иорданияликлар учун Фаластин масаласи жуда оғриқли ҳисобланади. Ахир Иорданияда ҳам Ғазодагидан кам бўлмаган фаластинликлар яшайди. БМТ қочоқ сифатида рўйхатга олган аксар фаластинликларда Иордания паспорти ҳам бор.

«Оммавий болалар қирғини»

Ғазога ёрдам юклари юбориш феврал ойига бориб кескин тушиб кетди. Чунки Исроил ҳарбийлари гуманитар конвойни қўриқлаб кетаётган Фаластин полициясини ўққа тутиши вазиятни қийинлаштириб юборди. Норвегия қочоқлар масалалари бўйича кенгаши Ғазодаги ҳолатни «гуманитар апокалипсус» деб атаган.

Овқат учун навбатда турган ғазолик болалар
Фото: Reuters

Save the Children International халқаро ташкилоти вакили Александра Сайе Al Jazeera билан суҳбатда Ғазода олам «болалар оммавий қирғинини секинлаштирган кадрларда кўраётганини» айтган.

Осмондан ёрдам «коалицияси»

Дунёда Исроилни қўллаш деярли йўқолиб бормоқда, шу сабаб тобора кўпроқ давлатлар Иорданиянинг ҳаво операциясига қўшилмоқда. Ўтган ҳафта давомида Франция, Миср ва БАА ўз самолётларини ушбу миссияга жалб қилган. Иордания самолётлари АҚШ ва Британия томонидан берилган ёрдам юкларини етказиб бермоқда.

Фото: The New York Times

3 март куни АҚШ ҳам ўз самолётлари билан ёрдамларни ташлашни бошлади. Шунингдек, Оқ уй Ғазга денгиз корридори очиб, бўлғага ҳоспитал кўринишидаги кемаларни юбориш ҳақида ҳам ўйламоқда.

Жо Байден 1 март куни Оқ уйда Италия бош вазири Жоржия Мелони билан учрашув вақтида АҚШ ҳаводан Ғазога ёрдам ташлаш операциясига тайёрланаётганини эълон қилганди. Байден ҳам Ғазога денгиз корридори ҳақида гапирди.

Ғазолик қизалоқ қочоқлар лагерида укасига овқат бермоқда
Фото: Reuters

«Биз бу борада кўпроқ иш қилишимиз керак, АҚШ шундай қилади ҳам. Ҳозир Ғазога юборилаётган ёрдам юклари етарли эмас. Фаластин ҳудудига кўпроқ машиналар ўтказилиши учун Исроил томони билан музокара ўтказамиз. Ахир ўртада бегуноҳ одамлар ва болалар ҳаёти турибди», деди Байден матбуот анжумани давомида.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top