09:04 / 17.03.2024
10809

Ғазога денгиз орқали инсонпарварлик ёрдамининг илк партияси етказилди

Сешанба куни Кипрдаги портдан чиққан инсонпарварлик ёрдамлари ортилган кема Ғазо соҳилларига етиб келди. Қарийб 200 тонналик озиқ-овқатлар юкланган контейнерлар жума куни кечқурун анклав ҳудудига туширилган.

Фото: Reuters

Озиқ-овқат қуруқлик ва ҳаво орқали ҳам етказиб берилмоқда, аммо Ғазо секторидаги ҳозирги талабни қондириш учун бунинг ўзи етарли бўлмаяпти.

Денгиз миссияси Американинг World Central Kitchen (WCK) хайрия ташкилоти орқали амалга оширилди, асосий молиявий донор — Бирлашган Араб Амирликлари, испанларнинг хайрия ташкилоти эса кема тақдим этган.

Инсонпарварлик ёрдамининг илк партияси орқали гуруч, ун, ловия, консерваланган сабзавотлар ҳамда консерваланган оқсилли маҳсулотлар олиб келинган.

Айни вақтда WCK бутун аҳолиси очликка маҳкум бўлган Ғазо учун ёрдамнинг иккинчи партиясини тайёрламоқда.

World Central Kitchen асосчиси, таниқли шеф-ошпаз Хосе Андрес Twitter саҳифасида соҳилга туширилган озиқ-овқатлар 12 та юк машинасига ортилганини маълум қилган.

Анклавда порт йўқ, шу туфайли юкларни қабул қилиш учун вақтинчалик причал ташкил қилинган — унинг қурилишида вайрон бўлган биноларнинг қолдиқларидан фойдаланилган.

Ёрдам ортилган юк машиналари қаерга йўл олиниши ва сектор бўйлаб қандай тақсимланиши ҳозирча аниқ эмас.

Агар ушбу денгиз миссияси муваффақиятли деб тан олинса, инсонпарварлик юклари ортилган бошқа кемалар ҳам Ғазога йўл олади. Улар тўғридан тўғри анклавга етиб бориш учун яқинда очилган денгиз йўлагидан фойдаланади.

Инсонпарварлик юклари туширилиши учун вақтинча причал. Фото: Reuters

Юклар Кипрда Исроил ходимларини ҳам ўз ичига олган жамоа томонидан хавфсизлик текширувидан ўтказилади, бу юк тушириш вақтида шундай текширувга бўлган заруратни бекор қилади ва ёрдам етказиб берилишидаги кечикишларни камайтиради.

Аввалроқ АҚШ Ғазо соҳилида денгиз орқали етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида сузиб юрувчи док қурмоқчи экани маълум қилинганди. Оқ уйга кўра, бу орқали Ғазога кунига икки миллион порция емак етказиб берилиши таъминланиши мумкин. Аммо ҳозирча борти док қурилиши учун жиҳозланган ҳарбий кема анклавгача етиб бормаган.

Ёрдамни денгиз орқали юборишга қандай зарурат бор?

ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужумидан кейин Исроил Ғазода ҳарбий амалиёт бошлаган ва анклав ташқи дунёдан буткул узилиб қолган.

Урушнинг беш ойи давомида Ғазонинг ўзида ишлаб чиқариш жиддий зарарланган: фермалар, новвойхоналар ва фабрикалар вайрон бўлган ёки фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.

Фото: Getty Images

Гуманитар ташкилотлар Ғазонинг икки миллионлик аҳолисига озиқ-овқат етказиб бериш ва тақсимлашда муаммоларга дуч келди.

Анклав ҳудудига ёрдам етказишнинг энг тез ва самарали усули — қуруқлик йўлларидир. Аммо гуманитар ташкилотлар Исроил томонидан қўйилган чекловлар туфайли Ғазога зарур ёрдамларнинг фақат бир қисми етиб бораётганини маълум қилишган.

Жаҳон озиқ-овқат дастури ўз карвони ўққа тутилиб, талон-торож қилинганидан кейин қуруқлик орқали юклар етказиб беришни тўхтатишга мажбур бўлди. Ҳаводан ёрдам етказиб бериш эса ўтган ҳафтада ўлим ҳолатларига олиб келди: парашюти очилмай қолган юклар одамлар устига қулаши оқибатида беш киши ҳалок бўлган. Гуманитар ташкилотлар бунгача ҳам юкларни Ғазога самолётлардан ташлаш услубини қимматга тушиши ва самарадор эмаслиги туфайли танқид қилишганди.

БМТ агар зарур чоралар кўрилмаса, Ғазо секторида очарчилик юзага келиши «деярли муқаррар»лиги ҳақида огоҳлантирган.

Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел аввалроқ Исроилни очликдан уруш қуроли сифатида фойдаланишда айблаганди.

Исроил Ғазо секторига озиқ-овқат етказиб беришдаги муаммоларга жавобгарлигини қатъиян рад этади. Ҳукумат жанубдаги иккита назорат-ўтказиш пункти орқали ёрдам етказиб беришга рухсат берилганини қайд этади.

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар жума куни ҳам давом эттирилди, Исроил ҲАМАСнинг сулҳ ҳақидаги олдинги таклифини рад этганди.

Ғазода уруш 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС аъзолари Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 га яқин кишини ўлдириб, 253 кишини гаровга олиши ортидан бошланганди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шундан буён анклавда 31 400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top