07:30 / 18.03.2024
9107

Тошкентда мактаб ўқитувчисидан норози ота-оналар омбудсманга жамоавий ариза билан мурожаат қилди

Болалар омбудсмани қабулига фуқаро келиб, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 103-сонли умумтаълим мактаби 6-синф ўқувчиларининг ота-оналари томонидан ёзилган жамоавий ариза билан мурожаат қилган.

Билдирилишича, мурожаатда ота-оналар мазкур мактабнинг математика ўқитувчиси дарс жараёнида болаларни номақбул сўзлар билан ҳақорат қилиши, шунингдек, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилаётганини билдириб, ўқитувчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур ҳолатни атрофлича ўрганди.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан 103-сонли умумий ўрта таълим мактаби раҳбарияти, мактаб психологи ҳамда математика фани ўқитувчиси билан суҳбат ўтказилиб, ўқувчилар билан мулоқот вақтида овоз оҳангини кўтармаслиги, ўқувчиларнинг шахсиятига тегмаслиги, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига дахл қилмаслиги юзасидан қатъий огоҳлантириш берилган.

Шунингдек, унга мактаб директори томонидан интизомий чора қўлланиб, ушбу синф ўқувчиларига математика фанидан бошқа ўқитувчи бириктирилган.

Мурожаат қилган ота-оналар билан ҳам ҳолат юзасидан мулоқот қилиниб, кўрилган чоралар ҳақида маълумот берилган.

Top