13:41 / 21.03.2024
2827

ЕИ ва унга аъзо давлатларнинг Украинага ҳарбий ёрдами 33 млрд еврога етди

Европа Иттифоқи Украинага кўп миллиардлик ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этиш ниятида. Ушбу мақсадлар учун Россия Федерациясининг Европа Иттифоқида музлатилган суверен активларидан олинган даромадлардан фойдаланиш таклиф этилади. 

Фото: AP / Virginia Mayo

Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатларнинг Украинага ҳарбий ёрдами миқдори 33 миллиард еврога етди. Бу ҳақда 20 март, чоршанба куни Брюсселда Европа Иттифоқи-Украина ассоциацияси кенгаши йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди. Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 2024 йилда умумий қиймати 20 миллиард евро бўлган икки томонлама ҳарбий ёрдам кўрсатиш ниятида, дея қўшимча қилди у. 

«Агар Россия Украинани забт этганида, Украина оқ байроқ кўтариб таслим бўлганида, Киевда қўғирчоқ режим ўрнатилган бўларди, украин халқи бостирилиб, Россия армияси бизнинг чегараларимизда бўларди. Улар бу билан тўхтаб қолмайди», деди Боррел ва Европанинг жавоб тезлиги Россия таҳдиди кўламига мос келиши кераклигини қўшимча қилди. 

Украинага Россиянинг музлатилган активларидан олинган 3 млрд евро берилиши мумкин 

Боррел, шунингдек, Россиянинг Европа Иттифоқида музлатилган суверен активларидан олинадиган фойдадан Украинага ўтказилиши таклиф қилинаётган суммани ҳам айтиб ўтди: унинг ҳисоб-китобларига кўра, бу йилига 3 миллиард еврони ташкил қилади. У Европа Иттифоқи мамлакатларига тақдим этган таклифга кўра, маблағлар Украинага ҳарбий ёрдам сотиб олиш учун Европа тинчлик жамғармасига, шунингдек, Украина ҳарбий саноатини ривожлантириш учун ЕИ бюджетига ўтказилиши керак. Унинг сўзларига кўра, 18 март куни бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгашида бу таклиф ижобий баҳоланган. 

Кеча Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси айтганидек, унинг 21-22 март кунлари бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида тасдиқланиши даргумон, чунки мамлакатларда Боррел таклифини таҳлил қилиш учун жуда оз вақт бўлган.

Шу билан бирга, Украина бош вазири Денис Шмихал Боррел билан қўшма матбуот анжуманида Россия Марказий банкининг музлатилган активлари бутун миқдорини мусодара қилиш зарурлигини айтди: Европа Иттифоқида бу тахминан 210 миллиард еврони ташкил қилади. «Европа ва бутун дунё тажовузкорни вайрон қилиш учун катта нарх тўлашга мажбур қиладиган самарали прецедентга муҳтож», деди у. 

Top