14:22 / 30.03.2024
10871

2023 йилда бюджет харажатлари даромадлардан 5 млрд долларга ошиб кетган

Ўтган йили Ўзбекистонда консолидациялашган бюджет харажатлари даромадлардан 59 трлн сўм ёки 5 млрд доллардан кўпроққа ошиб кетгани маълум бўлди. Давлат харажатларининг кескин ошиши ва даромадларнинг мутаносиб тарзда ўсмагани оқибатида бюджет тақчиллиги режадагидан салкам 2 баробарга ошиб кетиб, ЯИМга нисбатан 5,5 фоизга етган.

2023 йилда Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари – 321 трлн сўмни, харажатлари эса – 380 трлн сўмни ташкил этган.

Консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги фарқ 59 трлн сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизи миқдорида бўлган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

59 трлн сўмлик дефицит – Марказий банкнинг ўтган йил учун ҳисобланган АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача курси (11 741 сўм)га мувофиқ, 5 млрд 25 млн доллардан кўпроқни ташкил этади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, охирги 5 йилликда консолидациялашган бюджет дефицити қуйидагича бўлган:

  • 2019 йилда – 13,2 трлн сўм;
  • 2020 йилда – 26,1 трлн сўм;
  • 2021 йилда – 40,8 трлн сўм;
  • 2022 йилда – 35,2 трлн сўм;
  • 2023 йилда – 59 трлн сўм.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 5,5 фоизга кўтарилганди. Йиллик ташқи қарз лимити эса 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача оширилганди.

Аввалроқ, 2024 йилнинг икки ойидаги давлат бюджети дефицити 13 трлн сўмга етгани хабар қилинганди. Жорий йил учун давлат бюджети ҳақидаги қонунга кўра, бюджет даромадлари 270,4 трлн сўмни, харажатлар эса 280,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган. Яъни жорий йилдаги давлат бюджети 10,3 трлн сўмлик дефицит билан тасдиқланган. Консолидациялашган бюджет дефицити эса 52,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 4 фоиз даражасида чегараланган.

Top