12:10 / 30.03.2024
18068

Балтимор кўпригини таъмирлаш 1 млрд долларга тушиши мумкин

Мутахассисларнинг фикрича, вайрон бўлган кўприкни тиклаш бир неча йил давом этиши мумкин.

Фото: Reuters

Американинг Балтимор шаҳрида вайрон бўлган Фрэнсис Скотт номидаги кўприкни тиклаш бир неча йил вақт ва 1 миллиард долларгача маблағни талаб қилиши мумкин, деб ёзади Associated Press 29 март, жума куни мутахассисларга таяниб. Аввалроқ контейнер ташувчи кема кўприк билан тўқнашган эди.

Жон Хопкинс университетининг муҳандислик фанлари профессори Бен Шафер таъкидлаганидек, лойиҳа молиялаштириш миқдори, етказиб бериш тезлиги ва ишлар ҳажмига қараб беш йилдан етти йилгача давом этиши мумкин. Бошқа экспертларнинг фикрича, кўприкни қайта тиклаш 18 ойдан 24 ойгача давом этади ва 500 миллиондан 1 миллиард долларгача тушади. 

Ҳозирда Балтимор порти ёпилган, маҳаллий таъмирлаш хизматлари ҳарбий муҳандислар иштирокида кўприк иншоотларини демонтаж қилиш бўйича дастлабки ишларни бошлаб юборган. 

Балтимор кўприги контейнер ташувчи кема унга келиб урилганидан кейин қулади 

26 март, сешанба куни Балтимор порти яқинидаги кўприк Сингапур байроғи остидаги 300 метрлик контейнер ташувчи кема таянчлардан бирига келиб урилиши оқибатида қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида кўприк қулаш вақтида унинг устида бўлган олти киши ҳалок бўлган. Яна икки киши қутқариб олинди. 

ФТБ ва АҚШнинг бошқа хавфсизлик идоралари воқеани терроризм билан боғлиқ деб ҳисоблаш учун асос йўқлигини маълум қилди. «Ҳамма нарса бахтсиз ҳодиса рўй берганини кўрсатмоқда», деб ҳисоблайди улар. 

Top