23:55 / 31.03.2024
6845

Ғазода яратилган очлик ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин

Фаластиннинг Ғазо бўлгасида вазият оғирлигича қолмоқда. Рамазонда ҳам уруш тўхтамади, одамлар Исроил ракета зарбалари ва очликдан ўлишда давом этяпти. БМТ бир неча ойдан буён сектордаги озиқ-овқат етишмовчилиги критик даражага етганини ҳақида огоҳлантириб келади.

Ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, қайд этилаётган статистикалар Ғазодаги гуманитар инқироз аллақачон сунъий яратилган очарчиликка айланиб бўлганини кўрсатмоқда. Оқибатда Исроилга бўлган халқаро босим янада ошди. Давлатлар ва халқаро ташкилотлар Исроилдан ҳуқуқий бурчларини бажариб, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва тинч аҳоли учун гуманитар ёрдам маҳсулотларини ўтказишни сўрашмоқда.

Фаластинлик болалар Рафаҳдаги лагер яқинида овқатга навбатга туришибди
Фото: Abed Zagout/Anadolu Agency/Getty Images

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича юқори мартабали мулозими Волтер Тюрк BBC билан суҳбатда Исроил Ғазодаги очликдан урушдаги қурол сифатида фойдаланаётганини айтган. Бу исботланса, сунъий очлик Исроил томонидан амалга оширилган ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волтер Тюрк
Фото: Pool photo by Salvatore Di Nolfi

Исроил иқтисодиёт вазири Нир Баркат БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарининг гапларини сафсата деб атаб, мулозимнинг ўзини масъулиятсизликда айблаган.

Фаластинлик аёл сунъий нафас олиш аппаратига уланган боласи билан
Фото: Mohammed Abed/AFP/Getty Images

Турли давлатларнинг Ғазога юбораётган гуманитар ёрдамлари Миср чегарасидаги Рафаҳ постида туриб қолиб, Исроил уларни жуда узоқ бюрократик тўсиқлардан кейингина ўтказмоқда. Оқибатда Иордания, Британия ва АҚШ Ғазога осмондан ёрдам юкларини ташлашга қарор қилди. Ваҳоланки бу энг самарасиз йўл ҳисобланади. Ҳозиргача ёрдам юкларини олаётганда 12 киши денгизга чўкиб ўлгани, 5 киши устига парашюти очилмаган қути тушиши оқибатида ҳалок бўлгани маълум.

Фото: Dawoud Abo Alkas/Anadolu Agency/Getty Images

Қўшимчасига АҚШ Ҳарбий денгиз кучлари Ўрта Ер денгизида гуманитар юкларни қабул қилиб, Ғазога юбориш учун вақтинча сувусти порти қуриш мақсадида Атлантика орқали инженерлик кемасини юборди. Исроил қуруқликдан ёрдам юклари кириб келишига рухсат берганида, бунча ташвиш бўлмасди.

Қизиғи, Ашдодда Ғазо шимолигача ярим соатда бориш мумкин бўлган замонавий порт бор. Исроил ёрдам юклари бу ер орқали қабул қилинишига ҳам рухсат бермаяпти.

Ғазолик эркаклар шаҳар харобалари бўйлаб ун олиб келишга кетишмоқда
Фото: AFP/Getty Images

Бюрократик тўсиқлар

БМТ комиссари Тюрк Женевада берган интервюсида Исроил ёрдам юклари киришини атай секинлаштираётгани ёки асоссиз тўхтатиб қолаётгани ҳақида исботлар борлиги ҳақида гапирган. У ҲАМАСнинг 7 октябрдаги Исроилга ҳужумини, тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қоралаган. Аммо ҳеч бир давлат ёрдамга муҳтож одамларга бораётган юкларни тўсиб қўйишга ҳаққи йўқлигини қўшимча қилган.

Фото: Loay Ayyoub/The Washington Post/Getty Images

«Гуманитарчи дўстларимиз бюрократик тўсиқлар мавжудлиги ҳақида гапирмоқда. Бунда Исроилнинг катта айби бор. Тушунаман, ўтаётган маҳсулотларни текшириш керак, аммо бу бир неча кун талаб қилмаслиги аниқ», деган БМТ мулозими.

Ғазоликлар харобалар ичидан нон йиғишмоқда
Фото: Said Khatib/AFP/Getty Images

Ташкилот Ғазодаги гуманитар инқироз ҳақида эълон қилган ҳисоботи кўплаб статистика маълумотлари, диаграмма ва хариталар орқали эълон қилинди. Бу ҳисоботдан кейин кўпчиликнинг бўлгадаги вазият бўйича хавотирлари ошди. Исроилнинг иттифоқчилари ҳам бу мамлакат ҲАМАСга қарши уруш йўналишини ўзгартириши кераклиги ҳақида очиқ гапиришмоқда.

8 ҳафтаданг сўнг чинакам очлик бошланиши мумкин

БМТ суриштирувига IPC деб номланувчи озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича обрўли ташкилотнинг ҳисоботи ҳам қўшимча қилинган. Бу ташкилот ҳукуматлар ва БМТ каби халқаро ташкилотларга очарчилик масштаблари бўйича ўз тадқиқотларини тақдим этиб боради.

Ғазоликлар бўтқа олиш учун навбат кутишмоқда
Фото: Omar Qattaa/Anadolu Agency/Getty Images

Ташкилотнинг Фаластин бўйича ҳисоботи кескин оҳангда бўлган. «Ғазо сектори: очлик муқаррар. 1,1 миллион одам, яъни Ғазо аҳолисининг ярми озиқ-овқат етишмовчилигидан жиддий азият чекмоқда», дейилади хусусан ҳужжатда.

Унда айтилишича, Ғазода оташкесим ўрнатилмаса, вазият ҳозиргидай қоладиган бўлса, кейинги 8 ҳафтада бўлгада чинакам очлик ҳукмрон бўлади.

BBC'нинг ёзишича, Исроил ҳужумларидан кейин ҳам ишлашда давом этаётган кам сонли касалхоналарга фарзандини олиб боришга муваффақ бўлган ота-оналар учун вазиятни англаш учун ҳеч қандай статистиканинг кераги йўқ. Улар фарзандлари кўз ўнгида озиб бораётганини кўриб туришибди.

Очлик эзаётган болалар

Ғазо ҳозир касал бўладиган жой эмас. BBC учун фрилансер сифатида ишлаётган фаластинлик журналист деярли беҳуш ҳолатдаги қизнинг онаси билан гаплашди. Қизнинг ўпкаси ва жигари оғир бетоб ва бундай касалликлар тинч вақтда ҳам ўлимга олиб келиши мумкин. Уруш бошлангандан кейин бошланган очлик сабаб қизнинг аҳволи оғирлашган.

Силласи қуриган Ноора Муҳаммад
Фото: BBC

«Қизим ҳаракатлана олмайди. Унда анимия бор, доим ухлайди. Ейишга эса ҳеч вақо йўқ», дейди журналист билан суҳбатда она. Журналист Ноорани онаси бир амаллаб касалхонага олиб келишга муваффақ бўлганига эътибор қаратган. Ҳозирги вақтда касалхонага жойлашиш осон иш эмас.

«Биз эълон қилган суратларда болаларнинг бўғимлари шишгани, оёқ-қўлларида дерматитлари борлиги кўринган. Бу очликнинг яққол асоратларидир», дейилади BBC мақоласида.

Исроил ҳеч кимга қулоқ солмаяпти, АҚШга ҳам

Маълумот учун, Исроил БМТнинг ҳатто асосий иттифоқчиси АҚШ вето қўймаган ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган резолюциясини ҳам писанд қилмади. Исроил иқтисодиёт вазири Нир Баркатнинг айтишича, ҳеч ким мамлакатнинг ҲАМАСни йўқ қилиш режасига қаршилик қила олмайди. Вазир журналистлар билан учрашувда Исроилнинг барча иттифоқчилари бу режасини қўллашини айтган.

Фото: AP

BBC'нинг Қуддусда ишлаётган журналисти Жереми Боуэн эса ҳатто Жо Байден Исроилни танқид қилгани ҳақида сўраганда эса исроиллик вазир жавоб беришни истамади.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари исроиллик вазирнинг гапларига жавоб берар экан, аввало мавжуд бўлган халқаро консенсусга амал қилиш ва тезда ўт очиш кераклигини айтди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top