20:50 / 02.04.2024
11674

Ғазода ғарблик кўнгиллилар Исроил авиазарбаси қурбонига айланди. ЦАҲАЛ «фожиали ҳодиса»ни текширмоқда

Исроил мудофаа армиясининг Ғазо секторида йўллаган авиазарбаси оқибатида «Жаҳон марказий ошхонаси» (World Central Kitchen, WCK) ташкилотининг етти нафар ходими ҳалок бўлди. Ташкилот асосчиси анклав ҳудудида инсонпарварлик фаолияти билан шуғулланишни тўхтатишини маълум қилган.

Фото: Reuters

Зарба вақтида сафида Австралия, Британия ва Полша фуқаролари, шунингдек АҚШ ва Канада фуқаролигига эга бўлган фаластинликлар WCK логотипи ўрнатилган иккита зирҳли автомобилда ва яна бир транспорт воситасида Ғазо сектори бўйлаб ҳаракатланаётганди.

Гуруҳ ўз ҳаракатларини Исроил мудофаа армияси билан мувофиқлаштирганига қарамай, карвон Дайр-ал-Балаҳ шаҳридаги омборхонага Ғазога денгиз орқали етказилган 100 тоннадан ортиқ озиқ-овқатни ташлаб чиқаётганида ўққа тутилган, дейилади WCK хабарида.

«Бу нафақат WCK ташкилотига, балки егулик уруш қуроли сифатида фойдаланилаётган энг оғир шароитларда қолган гуманитар ташкилотларга ҳужумдир», — деган World Central Kitchen ижрочи директори Эрин Гор.

WCK асосчиси Хосе Андрес унинг ҳамкасблари «ЦАҲАЛ авиазарбаси оқибатида» ҳалок бўлганини маълум қилган. У WCK ташкилотига 2010 йилда асос солиб, вайронкор зилзиладан кейин Ҳаитига ошпазлар ва озиқ-овқат юборганди. Андрес твиттердаги саҳифасида «ғамдан адо бўлгани» ҳақида ёзиб, Исроил ҳукуматини «кимлигига қараб ўтирмасдан ўлдириш»ни бас қилишга чақирган.

Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) мазкур «фожиали ҳодиса»тафсилотларига ойдинлик киритиш учун энг юқори даражада синчковлик билан текширув ўтказилаётганини билдирган.

«ЦАҲАЛ инсонпарварлик ёрдамлари хавфсиз етказиб берилишини таъминлаш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ҳамда Ғазо аҳолиси озиқ-овқат ва инсонпарварлик ёрдамлари билан таъминланишида WCK билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда», — дейилади баёнотда.

ҲАМАС томонидан назорат қилинадиган Ғазо сектори ҳукумати гуманитар миссия ходимлари ўлдирилишида Исроилни айблаган. Ҳаракат ушбу ҳужум халқаро гуманитар миссиялар ходимларини қўрқитиб қўйишга қаратилганини маълум қилган. Зарба айнан қаердан ва қандай йўлланганини мустақил текшириб бўлмайди.

Ғазо секторида BBC учун ишловчи журналист авиазарба берилган жойда гуманитар ташкилот ходимлари бўлган уч киши ҳамда фаластинлик ҳайдовчининг жасадларини кўрган. Ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлганларнинг паспортлари суратлари тарқалган. Кейинроқ WCK баёнотида ўз аъзоси бўлган етти киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Фаластиндаги шифокорлардан бири маълум қилишича, World Central Kitchen’нинг Ғазо секторида минглаб одамларни егулик билан таъминлаб келган ходимлари WCK логотипи акс этган зирҳли нимчаларда бўлганини маълум қилган.

«Биз — World Central Kitchen ва бутун дунё — бугун ЦАҲАЛнинг мақсадли ҳужуми туфайли ажойиб одамларни йўқотганимиздан юрагим эзилмоқда», — деган Гор. WCK раҳбари ташкилот ушбу минтақадаги фаолиятини зудлик билан тўхтатишини қўшимча қилган.

World Central Kitchen уруш даврида Ғазода фаолият олиб бораётган асосий гуманитар ташкилотлардан бири эди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан буён WCK 32 миллион порциядан ортиқ егулик тарқатган.

Халқаро ташкилотлар баҳоларига кўра,  Ғазо секторининг 300 минг аҳолиси яқин вақтлар ичида очликка дучор бўлиши мумкин.

Австралия бош вазири Энтони Албанезе гуманитар ташкилот ходими бўлган 44 ёшли Лалзавми «Зоми» Франкком Ғазода авиазарба қурбони бўлганини тасдиқлаган. У ўз ҳукумати айбдорларни жавобгарликка тортиш талаби билан Исроил ҳукуматига алоқага чиққанини хабар қилган.

«Бу ҳеч қачон рўй бермаслиги керак бўлган фожиа, бундай бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди ва Австралия айбдорлар тегишли жазосини олиши учун ҳаракат қилади», — деган Австралия бош вазири матбуот анжуманида.

Албанезе тинч аҳоли вакиллари ҳамда гуманитар ташкилотлар ходимлари муҳофазага муҳтожлигини таъкидлаб, Ғазо секторида доимий ўт очишни тўхтатишга ҳамда инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширишга чақирган.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эдриен Уотсон АҚШ гуманитар ташкилот ходимлари ўлимига олиб келган зарбадан чуқур ташвишда эканини маълум қилган. «Биз Исроилни рўй берган ҳодисани зудлик билан текширишга чақирамиз», — деган Уотсон.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top