07:40 / 04.04.2024
4027

Харкивда дронларнинг такрорий зарбаси оқибатида қутқарувчилар ҳалок бўлди

Қутқарувчилар биринчи ҳужум содир бўлган ҳудудда ишлаётган пайтда Россия Харкивга яна зарба берди. Отишма оқибатларини бартараф этиш учун келган ФВВнинг 3 нафар ходими ҳалок бўлди. 

Фото: Andrii Marienko/AP/picture alliance

Россиянинг 4 апрел, пайшанбага ўтар кечаси Харкивга берган зарбалари натижасида беш нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди. Бу ҳақда шаҳар мэри Игор Терехов ва Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Олег Синегубовнинг Telegram’даги хабарларида айтилган.

«Харкивнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудидаги турар жой биноларига қайта ҳужуми натижасида воқеа жойида тўрт киши ҳалок бўлди. Шунингдек, беш нафар ярадор бор», деб ёзади Терехов. Шаҳарнинг хусусий сектор зарар кўрган бошқа ҳудудида, дастлабки маълумотларга кўра, яна бир киши ҳалок бўлган. 

Мэрнинг қўшимча қилишича, Харкив айрим ҳудудларида электр энергияси узилиши мумкин. Барча фавқулодда вазиятлар ва давлат хизматлари, шунингдек, кўнгиллилар воқеа жойида ишлаяпти. 

Такрорий зарба ва қутқарувчиларнинг ўлими 

Харкив расмийларининг таъкидлашича, Россия биринчи ҳужум содир бўлган ҳудудда фавқулодда хизматлар ишлаётган вақтда шаҳарга иккинчи зарбани берган. Терехов сўзларига кўра, турар жой биноларининг ўққа тутилиши оқибатларини бартараф этиш учун келган уч нафар қутқарувчи ҳалок бўлган. Шунингдек, такрорий ҳужум чоғида Фавқулодда вазиятлар хизматининг бир ходими тан жароҳати олган ва техникага зарар етказилган. 

Тўртинчи қурбон, Олег Синегубовнинг хабарларига кўра, аёл киши. Ҳарбий маъмурият раҳбарининг маълум қилишича, Россия ҳужумларидан кейин уч киши тиббий муассасаларга ётқизилган, ярадорлардан бири оғир аҳволда. 

1 апрел куни Игор Терехов Украинанинг Liga.net интернет-нашрига берган интервюсида Россия шу вақтга келиб Харкивнинг деярли бутун энергетика инфратузилмасини вайрон қилганини айтди. 

Top