08:10 / 06.04.2024
3865

Германия фирмаларни Мариуполга маҳсулот етказиб бермаслик тўғрисида огоҳлантирди

Германия ТИВ таъкидлашича, немис компанияларининг Мариуполни тиклашда иштирок этиши «фақат Россия ташвиқотига хизмат қилади». Иқтисодиёт вазирлиги санкцияларни бузган компанияларни текширишга чақирди.

Фото: Picture Alliance

Германия ташқи ишлар вазирлиги немис компанияларини Россиянинг Украинага қарши уруши чоғида рус қўшинлари томонидан вайрон қилинган ва эгаллаб олинган Мариупол шаҳрини қайта тиклашда иштирок этмаслик тўғрисида огоҳлантирди. Қурилиш ишлари «фақат Россия ташвиқотига хизмат қилади», деди Германия ТИВ вакили 5 апрел, жума куни. «Бу билан шуғулланадиган ҳар қандай компания қандай хизмат кўрсатаётганини ўзидан сўраши керак», дея қўшимча қилди вазирлик. Бундан ташқари, Германия Иқтисодиёт вазирлиги вакили прокуратура ва мамлакат божхона органларини немис компаниялари РФ қўшинлари томонидан эгаллаб олинган ва Россияники деб эълон қилинган Украина шаҳрига ўз маҳсулотларини етказиб бериш орқали санкцияларни бузгани ёки йўқлигини текширишга чақирган.

Мариуполдаги қурилишларда Knauf цементи ва WBK Systems бетон блоклари

Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида рус қўшинлари томонидан вайрон қилинган ва эгаллаб олинган Мариупол шаҳрини қайта тиклашда Германия компаниялари иштирок этмоқда. Германиянинг ARD ижтимоий-ҳуқуқий телеканалининг 3 апрел куни чоп этилган Monitor дастури журналистлари суриштирувида шундай хулосага келинган. 

Мариуполдаги кўплаб қурилиш майдончаларида Knauf томонидан ишлаб чиқарилган цемент ишлатилади, дея таъкидлайди журналистлар. ARD маълумотларига кўра, ҳозирги кунга қадар Knauf Россияда 4000 ходим ва миллиардлаб рубллик айланмага эга. Таҳририят томонидан сўралганда, компания Россиянинг Украинага қарши урушини қоралашини ва РФга қарши ЕИ барча санкцияларига риоя қилишини билдирди. Россияда ишлаб чиқарилган Knauf маҳсулотлари «фақат Россия бозори учун» мўлжалланган, дея қўшимча қилди матбуот хизмати. Таҳририят томонидан берилган саволларнинг кенг рўйхатига ҳеч қандай жавоб олинмади, деб таъкидлайди ARD. 

Бундан ташқари, Мариуполдаги қурилиш майдончаларидан олинган фотосуратлар ва видеоларда ARD журналистлари Шимолий Рейн-Вестфалиядаги Мюнстерланд минтақасидан бўлган WKB Systems немис компанияси номи ёзилган яшил қадоқли плёнкадаги бетон блокларини пайқади. Компаниянинг асосий акциядори россиялик тадбиркор Виктор Будариндир. WKB Systems журналистларнинг изоҳига жавоб бермади.  

Top