11:38 / 09.04.2024
2941

ЗАЭС раҳбарияти станция узра янги дрон уриб туширилганини эълон қилди

Россия томонидан тайинланган «Запорижжя АЭС ваколатхонаси» маълумотларига кўра, уриб туширилган дрон парчалари, АЭХА тасдиқлаганидек, бир кун олдин дрон келиб урилган олтинчи энергия блокининг гумбазига тушган.

Фото: Dmytro Smolyenko/imago images

8 апрел, душанба куни Россия томонидан тайинланган «станция маъмурияти» вакилларининг маълум қилишича, Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) олтинчи энергетика блоки томига дрон парчалари тушиб кетган. Аввалгидек, улар ҳужумда Украина Қуролли кучлари (УҚК)ни айблади

«УҚК томонидан Запорижжя АЭСни ўққа тутишга уринишлар давом этмоқда. Бугун станция устида камикадзе-дрон уриб туширилди. У 6-энергоблок томига қулади», - дея «Интерфакс» агентлиги ЗАЭС «раҳбарияти» хабаридан иқтибос келтиради. Қайд этилишича, атом электр станциясида «хавфсизлик чегараларини бузиш» таҳдиди қайд этилмаган. 

Хабар эълон қилинган пайтда АЭХА ЗАЭСдаги янги ҳодисага ҳали изоҳ бермаган эди. Россия ҳарбийлари 2022 йил март ойи бошида Запорижжя атом электр станциясини эгаллаб олди. Ушбу стратегик объект бир неча бор ўққа тутилган. 

АЭХА ЗАЭС ҳудудида дрон портлаганини тасдиқлади 

Запорижжя атом электр станцияси ҳудудида дрон портлаши 2022 йил ноябр ойидан бери биринчи марта станциянинг асосий ядро реактори ҳимоя қобиғига зарар етказди. Бу ҳақда куни кеча Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси X ижтимоий тармоғида маълум қилди. Унга кўра, реактор ҳимоя қобиғига камида 3 та зарба бўлган. Гросси, шунингдек, ҳодиса Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигига таҳдидларнинг жиддий кучайиши» эканлигини таъкидлади. «Бундай эҳтиётсиз ҳужумлар йирик ядровий авария хавфини сезиларли даражада оширади ва зудлик билан тўхтатилиши керак», — деди у.

Запорижжя АЭС ҳудудида учувчисиз учоқ портлагандан сўнг, станция раҳбарияти УҚКни 6-энергоблок гумбазига ҳужум қилганликда айблади. Унга кўра, «ҳеч қандай жиддий зарар ёки қурбонлар йўқ», бироқ бир нечта дронлар бўлгани тахмин қилинмоқда: битта аппарат ошхона яқинида қулаб, озиқ-овқат олиб кетаётган юк машинасига зарар етказган, яна бир УУА юк порти яқинида қулаган. Запорижжя АЭС «бошқаруви» маълумотларига кўра, ҳужумдан 20 дақиқа олдин АЭХА мутахассислари станция ҳудудига режалаштирилган экскурсияни амалга оширган. 

Бунга жавобан Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси («ГУР») вакили Андрей Юсов ҳодисада Россия қўшинларини айблаб, дрон зарбасини «имитацион» деб атади. 

Вазир Галушченко: «Ядровий ҳодиса» ҳақиқатдир 

6 апрел куни DW нашрига берган интервьюсида Галушченко Россия томонидан эгаллаб олинган ЗАЭСда Украина энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумлар туфайли фавқулодда вазият юзага келиши хавфи ҳақида огоҳлантирди. «Яна қанча блэкаутларни (ядровий ҳодисадан олдин) кутишимиз керак? Тўққизтами? Ўнтами? Ўн бешми? Йигирматами? Бу авария содир бўлиши - фақат вақт масаласи», - дейди у. 

АЭХА ЗАЭСда ядровий фалокат хавфи ҳақида огоҳлантирган 

2022 йил август ойи бошида АЭХА раҳбари Гросси Запорижжя АЭС ҳудуди ўққа тутилиши муносабати билан ядровий фалокатнинг «жуда реал хавфи» борлигини айтди. «Мен Европадаги энг йирик атом электр станциясига қилинган ҳужумдан жуда хавотирдаман. У Украина ва ундан ташқарида аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитга таҳдид солиши мумкин бўлган ядровий фалокатнинг ҳақиқий хавфини кўрсатади», деди у. 

Top