18:53 / 16.04.2024
2987

Ўзбекистон мобил интернет ҳамёнбоплиги рейтингида Марказий Осиёда энг яхши бўлди

Ўзбекистонликлар 10 Гб мобил интернетга ўртача 4,36 доллар ёки маошининг 1,2 фоизини сарфламоқда. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистон мобил интернетнинг ҳамёнбоплиги рейтингида Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхшиси бўлди. Бу рейтингда алоқа харажатлари даражаси мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан фоизда ҳисобга олинади. Бу ҳақда Британиянинг Broadband Genie хизмати хулосаларидан маълум бўлмоқда. 

Умуман олганда, экспертлар 10 Гб трафикли тариф режасининг ўртача нархини маълумот бирлиги сифатида олиб, 179 мамлакатдаги вазиятни ўрганиб чиққан. 

Собиқ СССР таркибига кирган Марказий Осиё республикалари орасида Ўзбекистон рейтингда энг яхши кўрсаткични қайд қилди – 43-ўрин. Ўртача иш ҳақи 364 доллар бўлган аҳоли 10 Гб мобил интернетга бор-йўғи 4,36 доллар ёки маошининг 1,2 фоизини сарфламоқда. 

Қозоғистон рўйхатнинг 63-қаторида: даромад 583,6 доллар, алоқа харажатлари 9,79 доллар ёки даромаднинг 1,68 фоизи. 

Қирғизистон 90-ўринни эгаллади: ўртача 313 долларга яқин даромад олган мамлакат аҳолиси 7,61 долларга интернет траффик сотиб олади ва шу тариқа ўз даромадларининг 2,43 фоизини ушбу эҳтиёжларга сарфлайди. 

Тожикистон якунда 163-ўринни эгаллади. Республика аҳолиси тадқиқот стандартларига жавоб берадиган мобил интернетга тахминан 13,77 доллар сарфлайди. Лойиҳа муаллифларига кўра, мамлакатда ўртача иш ҳақи 170 долларни ташкил қилади. Шу тариқа, Тожикистон фуқаролари даромадининг 8 фоизини смартфонлар ёрдамида интернетга киришга сарфлайдилар. 

Рейтингда Туркманистон бўйича маълумотлар йўқ. 

Дунёда энг ҳамёнбоп мобил интернетга эга мамлакатлар: Сингапур (10 Гб траффик нархи - $17,13, даромаднинг 0,35 фоизи), Люксембург ($21,16, 0,4 фоиз) ва Исроил ($12,2, 0,47 фоиз) экани маълум бўлди.

Top