18:42 / 16.04.2024
4069

Тошкентда аҳоли томонидан сезилган инфляция 17,2 фоизга етди

Март ойида Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 12,7 фоизни ташкил этди. Бу расмий йиллик инфляциядан 4,7 фоизга юқори. Респондентларнинг аксарияти бензин ва ёнилғи нархлари ошишини ҳис қилган.

Марказий банк март ойи учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, аҳоли томонидан сезилган инфляция даражаси 12,7 фоизни ташкил қилган. Ҳудудлар кесимида инфляциянинг энг юқори даражаси Тошкент шаҳри – 17,2 фоиз ва Фарғона вилоятида – 15,3 фоиз, энг паст даражаси эса Қорақалпоғистон – 9,3 фоиз ва Жиззах вилоятида – 10,1 фоиз сезилган. 

Сўровномада қатнашганларнинг катта қисми бензин ва ёқилғи ҳамда мева-сабзавотлар нархларида юқори ўсиш кузатилганини қайд этган. 

Даромадлари 7 млн сўм ва ундан юқори бўлган аҳолининг сезилган инфляция даражаси республика бўйича ўртача кўрсаткичдан юқори даражада шаклланган. Хусусан, 15 млн сўмдан кўп даромад эгалари сезган инфляция 19,3 фоизни ташкил қилган. Тошкент шаҳрида 21 фоиз ва ундан юқори инфляция сезаётганлар улуши 31 фоизга, Фарғона вилоятида эса 24 фоизга етган.

Аввалроқ, февралда истеъмол секторидаги нархларнинг йиллик ўсиш даражаси 7,98 фоизни ташкил этгани хабар қилинганди. Ўтган ойда сезилган ва расмий инфляция ўртасидаги фарқ 4,72 фоиз бўлган.

Top