16:59 / 17.04.2024
13273

Россия қўшини Черниҳивга зарба берди. Кўп қаватли уйлар вайрон бўлган 

Камида 17 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. Қурбонлар сони ошиши мумкин.

Фото: Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшини 17 апрел тонгида Черниҳивни ўққа тутди. Област маъмурияти раҳбари Вячеслав Чауснинг маълумотига кўра, «деярли шаҳар маркази бўйлаб учта ракета зарбаси» йўлланган. У «Суспилне» учун изоҳида аниқлик киритиб, шаҳарга «Искандер» тизимининг учта ракетаси билан зарба берилганини айтган.

Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Олексий Кулеба хабар беришича, шаҳар ўққа тутилиши оқибатида саккиз қаватли турар жой биноси вайрон бўлган, шунингдек тўртта кўп қаватли уй, шифохона, олий таълим муассасаси ва ўнлаб автомобилларга зарар етган. Черниҳив шаҳар маъмурияти раҳбари Дмитро Брижинский «Суспилне» учун интервюсида шаҳарда жами 16 та уй шикастланганини айтган.

Черниҳив мэри вазифасини бажарувчи Олександр Ломако 14 киши ҳалок бўлиб, 61 киши жароҳат олганини маълум қилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 17 нафарга етган.

Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳозирда ракеталар келиб тушган жойларда қидирув-қутқарув амалиётлари давом эттирилмоқда, харобалар остида одамлар қолган бўлиши мумкин, деб хабар берган Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко. Унинг маълумотига кўра, ҳужумдан кейин камида уч киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизмати хабар беришича, қутқарувчилар харобалар остидан уч кишини чиқариб олган.

Клименко қурбонлар орасида ИИВ ходими бўлганини айтган. «25 ёшли полиция лейтенанти. Аёл қўшни уйда яшаган, касаллик таътили туфайли уйда бўлган. Осколка жароҳатидан ўлим топган», — деган вазир. 

Украина президенти Володимир Зеленский қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, қурбонлар ва жабрланганлар сони ортиши мумкинлигини қайд этган. «Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари олганида ва дунёнинг Россия террорига қарши қатъияти етарли бўлганида бу иш бўлмасди», — дея ёзган президент телеграм-каналида.

Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққан. «Агар Украина етарлича ҳаво ҳужумидан мудофаа имкониятларига эга бўлганида бу беайб одамлар ҳалок бўлмасди. Уч кун муқаддам Яқин Шарқда биз инсон ҳаётини ракеталардан ишончли ҳимоялаш қандай бўлишини кўрдик. Украинанинг ҳамкорлари бизга украинлар ҳаётини ҳам шундай самарали даражада ҳимоя қилишга ёрдам берадиган зарур воситаларга эга», — дея ёзган Кулеба Х саҳифасида. 

Шаҳарда ҳужум оқибатларини бартараф этиш бўйича штаб ташкил этилган. Мэр вазифасини бажарувчи Олександр Ломако ҳукумат вақтинча турар жойга эҳтиёж сезувчи одамларга бошпана топиб беришга киришган, коммунал хизматлар ходимлари эса ракета зарбаси таъсир қиладиган радиусдаги уйлардаги квартираларни кўздан кечириб чиқмоқда. Шунингдек, расмийлар жабрланганлар учун зудлик билан қон тўплаш ҳақида эълон берган.

Черниҳивга зарба оқибатлари. Фото: T.ME/LOMAKO_OLEKSANDR
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Олий раданинг собиқ депутати Игор Мосийчук Черниҳивда россияликлар зарбаси оқибатида Украина қуролли кучлари ҳарбийлари жойлашган меҳмонхона вайрон бўлгани ҳақида айтган. «Шаҳар марказига яқин ҳудуддаги ҳарбийлар яшаётган меҳмонхонага зарба келиб тушган. Кўплаб қурбонлар ва янада кўпроқ жабрланганлар бор», — дея ёзган у.

Украина ҳукумати бу маълумотни тасдиқламаган, РФ мудофаа вазирлиги эса ҳозирча Черниҳив бўйлаб йўлланган зарбага изоҳ бермаган.

Одесса областида ҳам 17 апрел тонгида портлаш овозлари эшитилган, област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер инфратузилма объектлари шикастлангани тўғрисида хабар берган, жароҳатланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

2023 йил 19 августида Черниҳив марказига йўлланган зарба оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, 148 киши жароҳат олганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top