“Ҳайдовчисиз таксилар” — Tesla роботаксиси қандай ишлайди?
Tesla роботаксиларининг одамларга хизмат кўрсатишни бошлаши 2025 йилга режалаштирилган. Дастлаб бу хизмат тўлиқ автоном бўлиши айтилганди, аммо хавфсизлик учун таксиларни махсус операторлар масофадан кузатиб туради.
Tesla дунёни яна бир технологик инқилоб билан ҳайратда қолдирмоқчи. Компания АҚШда роботакси хизматини ишга туширишни режалаштирмоқда. Дастлаб бу хизмат тўлиқ автоном бўлиши айтилганди, бироқ ҳозирча масофадан бошқарувчи операторсиз жараённи амалга ошириб бўлмайди. Reuters хабар беришича, хавф-хатарларни камайтириш ва фойдаланувчиларнинг ишончини оширишга қаратилган бу ёндашув автоном транспорт воситаларининг ривожланишида муҳим босқич бўлади.
Tesla роботаксиси қандай ишлайди?
Cybercab — бу ҳайдовчисиз такси сифатида тижорий мақсадда фойдаланишга мўлжалланган тўлиқ автоном машина. Tesla анчадан буён автомобилларнинг йўлда мустақил ҳаракатланишига имкон берадиган тўлиқ автопилот тизимини ишлаб чиқмоқда. Бироқ хавфсизлик нуқтаи назаридан, хизматнинг дастлабки босқичида бошқарув тизимига масофадан туриб назорат қилиш функцияси қўшилади.
Технологиянинг моҳияти қуйидагилардан иборат:
- Автомобил аксарият вазифаларни сунъий интеллект тизимлари, камера ва сенсорлардан фойдаланган ҳолда мустақил бажаради;
- Агар мураккаб ёки ностандарт вазият юзага келса (масалан, йўлдаги таъмирлаш ишларини айланиб ўтиш), назорат операторга берилади. У эса масофадан туриб реал вақт режимида вазиятни таҳлил қилади ва қарор қабул қилади;
- Мураккаблик бартараф этилгач, бошқарув автоматик машинанинг ўзига қайтарилади.
Tesla роботаксиси қаерда ва қачон ишга туширилади?
Хизматни илк бор 2025 йилда Калифорния ва Техасда йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Tesla айнан шу штатларда ўз технологияларини энг кўп синовдан ўтказмоқда. Бу танлов бежиз эмас: Калифорния инновациялар маркази ва электромобилларнинг энг йирик бозори ҳисобланади, Техас эса АҚШнинг муҳим транспорт йўналишлари туташган нуқтасидир.
Tesla ишни компанияга тегишли автомобиллардан бошлашни режалаштирмоқда. Бу хизмат сифатини назорат қилиш ва жорий этиш босқичида юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиради.
Роботакси автомобиллари қандай кўринишда бўлади?
Tesla хизмат кўрсатиш учун янги электромобил моделини ишлаб чиқмоқда. У ҳозирги моделларга нисбатан арзонроқ бўлади, бу эса фойдаланувчилар доирасини кенгайтириш имкониятини яратади. Дастлабки маълумотларга кўра, автомобил рулсиз ва педалсиз соддалаштирилган дизайнга эга бўлади, чунки бошқарувни тўлиқ автопилот ўз зиммасига олади.
Бундан ташқари, компания автомобилларни чақириш учун ўзининг махсус иловасини тақдим этади. Бу илова фойдаланувчилар учун хизматга мурожаат қилишда асосий восита бўлади. Декабр ойи бошида Tesla иловаси Apple Watch ақлли соатларида ишлашни бошлади.
Бозор ва таҳлилчиларнинг муносабати
Tesla компанияси ўз режаларини эълон қилганидан сўнг унинг акциялари барқарор ўсишни намойиш этди. Deutsche Bank компания акцияларининг мақсадли нархини 295 доллардан 370 долларгача кўтарди ва роботаксиларнинг ишга туширилиши бизнеснинг ривожланиши учун муҳим омил бўлишини таъкидлади.
Маск автоном технологияларни ишлаб чиқишда етакчиликни давом эттирмоқда. Роботаксини ишга тушириш нафақат янги даромад манбаларини яратиш, балки компаниянинг мобиллик бозорида келгуси мавқейини мустаҳкамлаш йўлидаги қадам бўлади.
Мавзуга оид
17:25 / 03.12.2024
Суд Tesla компаниясига Илон Маскка 56 млрд доллар тўлашни тақиқлади
19:34 / 20.11.2024
Германияда Tesla заводи қурилишига қаршилар дарахтлардан тушишни хоҳламаяпти
23:39 / 08.11.2024
Tesla капитализацияси 1 трлн доллардан ошди
10:57 / 07.11.2024