Ўзбекистон | 12:38 / 20.12.2024
3369
5 дақиқада ўқилади

Исломий молия – нима у? — Kun.uz'да янги мултфилм

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ислом молияси хизматларини жорий қилиш вақти келганини таъкидлаган. Бунинг учун “Ислом молияси тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилмоқда. Kun.uz "Al Muamalat Consulting” ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрлаган мултфилмида исломий молия нима экани ҳақида салам шартномаси мисолида ҳикоя қилади.

Исломий молия бу – Ислом дини тамойилларига мувофиқ амалга ошириладиган молиявий фаолият. У фоиз олиш, ортиқча ноаниқлик ва жамият ва инсонга зарар келтирувчи нарсалардан четланишга қурилган, хавфларни (рискларни) баҳам кўрадиган шерикчиликка таянган иқтисодий тизимдир.

Дейлик, бир деҳқон ўз ерида пиёз етиштирмоқчи бўлди. Ер бор, трактор бор, белда қувват бор – экиш керак! Деҳқон чамалаб кўрди-да, қараса, қўлидаги маблағи кам. Нима қилиш керак?

  • Матқовулдан қарз олсаммикан? Йўқ, у яқинда ўғлини уйлантиради, пул беролмайди.
  • Тракторимни сотсаммикан? Э, тракторсиз қандай деҳқончилик қиламан? Бўлмайди.
  • Тракторни гаровга қўйиб, кредит олсаммикан? Ё бошқа йўли ҳам борми?

Бор, бу – исломий молия.

Айтайлик, деҳқоннинг озроқ ери бор, пиёз экмоқчи, лекин бунинг учун унга 100 млн сўм пул керак бўляпти. Бу ҳолатда исломий молия ташкилотлари унга салам шартномасини таклиф қилиши мумкин.

Инвестор чамалаб кўради ва: “Мен сизга 100 млн сўм пул бераман, сиз ҳосил пишганда менга 50 тонна пиёзингизнинг килосини 2 минг сўмдан ҳисоблаб берасиз, бўладими?” – дейди.

Деҳқон ҳисоб-китоб қилиб кўради: “Еримдан 80 тонна пиёз олса бўлади, 50 тонна пиёзимни бу ташкилотга 2 минг сўмдан берсам, қарз-мажбуриятидан қутулган бўламан, ўзимга 30 тонна пиёз қолади, Худо хоҳласа”.

Хуллас, салам шартномасида барча тафсилотлар келишилади: инвесторга топширилиши керак бўлган пиёзнинг нархи, миқдори, сифати, тури, қай шаклда ва қачон етказилиши ва ҳоказо. Инвестор эса айтилган пулни деҳқонга ўша заҳоти бериши керак бўлади, исломий молия қоидаси бўйича бундай ҳолатда инвестор пулни кечиктириши ёки бўлиб-бўлиб бериш мумкин эмас.

Исломий молия асосида ишловчи инвестор ҳақида

Бундай инвестор ўз шахсий пулларидан фойдаланган ҳолда деҳқоннинг ишини олдиндан молиялаштиради, эвазига ҳосил пишгандан кейин белгиланган вақтда келишилган миқдордаги ҳосилни деҳқондан олади.

Бундай инвестор битта эмас, кўплаб бу каби деҳқонларни молиялаштиради. “Тома-тома кўл бўлади” деганларидек. Шу билан бирга, у маҳсулотни сотишни ҳам билади – унинг базасида кўплаб харидорлар бўлади. У ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи харидорларни бир-бири билан боғлайди.

Бунинг натижасида деҳқоннинг ишида таваккалчилик камаяди. Ахир энди маҳсулот гўё аввалдан сотиб бўлингандек. Маҳсулотлар исроф бўлиши ҳолатлари, касодга учраш ва табиийки молиявий инқирозга учраш ҳолатлари камаяди. Бу эса жамият учун фақат яхшилик.

Ушбу мисолда фақат исломий молиянинг биргина инструменти – салам ҳақида сўз юритдик. Исломий молиянинг бошқа воситалари ҳам бор.

Энди, исломий молияни ажратиб турадиган томонлари ва фойдаларини санаб ўтсак.

1. Исломий молия қоидалари бўйича молиявий муносабатга киришган томонлар хавф-хатарни, яъни рискларни ўзаро баҳам кўришади. Бу нима дегани. Масалан, биз кўрган мисолда деҳқон билан инвестор ҳали етиштирилмаган пиёз устида шартнома тузишди. Агар деҳқон пиёз етиштириш давомида муаммога учраса, масалан, ҳосил етилмай қолса, бу деҳқон ўз зиммасига оладиган хавф бўлади. Инвестор эса келажакдаги бозор нархининг ўзгариши хавфини ўз бўйнига олади, чунки нарх олдиндан келишилган. Шу тариқа, рисклар баҳам кўрилади.

2. Исломий молия бор жойда фоизга банкдан қарз олишни истамаганлар ўзларига маъқул бўлган молиявий манбага мурожаат қила оладилар. Бу орқали миллиардлаб ишламай – сандиқларда ётган пуллар иқтисодиётга кириб, айланади, минглаб тадбиркорларнинг фаолиятига жон кириб, туриб қолган хўжаликлар юриб кетади.

3. Исломий молия қоидалари бўйича ишловчи инвестор шунчаки пул берувчи эмас, балки тўлақонли шерик – ҳамкор ҳисобланади, чунки, ҳали айтганимиздек, хавф-хатар шериклар ўртасида баҳам кўрилади. Ва бунда шеригининг муваффақиятидан инвестор ҳам фойда олади, агар шериги инқирозга учраса, инвестор ҳам зарар кўради.

4. Исломий молиялаштириш иқтисодиётнинг кучайишига, пулнинг қадри ошишига ёрдам беради.

Шокир Шарипов 

Мавзуга оид