Жаҳон | 09:34 / 20.05.2022
12081
2 дақиқада ўқилади

Байден Вашингтонда Финландия ва Швеция етакчиларини қабул қилди

АҚШ президенти Жо Байден 19 май куни Финландия президенти Саули Ниинисте ва Швеция бош вазири Магдалена Андерссонни қабул қилди. Учрашувда икки давлатнинг НАТОга қўшилиш масаласи муҳокама қилинди.

Фото: New York Post

Осиё турнесини бошлашидан бир неча соат олдин Финландия ва Швеция етакчиларини қабул қилган Байден уларнинг НАТОга киришини қатъий қўллаб-қувватлаб, икки давлатнинг алянсга кириш қарорини тарихий деб атади.

«Финландия ва Швеция НАТОнинг барча талабларига жавоб беради. Уларнинг алянсга кириши Европа хавфсизлиги учун бурилиш нуқтаси бўлади. Очиғини айтаман, НАТОга янги аъзоларнинг қўшилиши ҳеч бир давлатга хавф туғдирмайди, бу мудофаа алянси», деди Байден.

Узоқ йиллар нейтрал ҳарбий позицияда бўлган Финландия ҳамда Швеция феврал ойи охирида Россия Украинага бостириб киргач, ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида НАТОга кириш ҳақида ўйлай бошлади. Айни дамда икки давлат ҳам алянсга кириш учун расман ариза топширган. Ҳозирча Туркия ҳамда Хорватия бу икки давлатнинг НАТОга киришига қарши эканини билдирган. Туркия бу борада ўз шартларини ҳам маълум қилди.

Финландия президенти Оқ уйдаги матбуот анжуманида мамлакатнинг Туркия билан ҳеч қандай муаммоси йўқлигини айтди: «Финландия доим Туркия билан яхши муносабатда бўлган ва бундан фахрланамиз. НАТО доирасида иттифоқчига айлансак, Туркиянинг хавфсизлигини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. Ўз навбатида терроризм мавзусига жиддий қараймиз. Терроризмнинг ҳар қандай кўринишини қоралаб, унга қарши курашамиз. Бизнинг аъзолигимиз Туркияда қандайдир муаммолар туғдирса, буни ўзаро муҳокама қилишга тайёрмиз», деди Саули Ниинисте.

Олдинроқ Туркия президенти Ражаб Эрдўған Финландия ҳамда Швеция терроризмни қўллаб-қуввтлашини иддао қилганди. Эрдўғанга кўра, Швеция Туркияга террорчи гуруҳ вакилларини топширшни истамаган.

Оқ уйдаги учрашувда Жо Байден Конгрессга Финландия ҳамда Швециянинг НАТОга аъзолигини тезлаштириш учун керакли ҳужжатларни топширишини айтди. Кейинроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам алянс икки давлатнинг аъзолик масаласини тезлаштирилган тартибда кўриб чиқишини маълум қилди.

Мавзуга оид