Ўзбекистон | 16:16 / 15.04.2021
25530
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди

Сўнгги йилларда Самарқандда амалга оширилган энг йирик бунёдкорлик ишлари рамзига айланган Қорасув массиви бугун ҳам диққат марказида бўлди. Самарқандга сафари доирасида давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бу масканга ҳам ташриф буюрди.

Умумий майдони 60 гектарни эгаллаган, лойиҳавий қиймати дастлабки босқичда 900 млрд сўмдан, иккинчи босқичда 2 трлн сўмдан ошувчи бу шаҳарча бугун Самарқанднинг ташриф қоғозларидан бирига айланган. 

Айни пайтда 1,07 трлн сўмлик ишлар бажариб бўлинган ва 3890 та квартирали 52та кўп қаватли турар-жойлар фойдаланишга топширилган. Улар 35та 16 қаватли, 4та 15 қаватли, 9та 14 қаватли ва 4та 12 қаватли уйлардан иборат. 

Массивда 1600 ўринли мактаб, 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, маҳалла фуқаролар йиғини биноси, болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, савдо шохобчалари ишлаб турибди.

Биринчи босқич қурилиш ишлари 2020 йил декабр ойида якунланган бўлса, массив кун сайин кенгайишда давом этяпти.

Қурилиш ишларига 3000 нафардан зиёд мутахассислар ва ишчилар ҳамда 200га яқин техника жалб қилинган. 704та хонадонли 6та уй қурилмоқда ва 5700та хонадонли 60га яқин турли қаватли турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари ўтказилган тақдимот чоғида массивдаги қурилиш ишлари билан бирга умуман Самарқандда режалаштирилаётган йирик лойиҳалар билан ҳам танишди.

«Унумдор ерларни имкон қадар асрашимиз керак. Мана ҳозир Андижонда яна бир йирик режамиз бор, адирликларни ўзлаштириб, 440 минг аҳоли учун массивлар қурилишини режалаштиряпмиз. Андижон шаҳри аҳолисининг ўзи 400 минг атрофида. Мана шу рақам лойиҳа кўламини кўрсатади.

Қорасув массиви намуна бўлиши керак. Бундай қурилишлар индустрияга айланиши лозим. Ҳали бундай массив Тошкентда ҳам йўқ. Нафақат Самарқандда, балки бошқа вилоятларда ҳам бундай лойиҳаларни амалга оширишимиз керак», – деди давлат раҳбари.

Чет эл тажрибаси асосида сервис турларини кенгайтириш, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи корхона ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус пункт ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.

 Шу ерда Самарқанд шаҳри Бош режаси ва шаҳар ҳудудини кенгайтириш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

 

Мавзуга оид