Ўзбекистон | 16:22 / 28.08.2023
11978
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 10 млн сўмдан юқори ойлик олувчи ўқитувчилар сони маълум қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимидаги масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиляпти.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида янги ўқув йили арафасида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Кейинги йилларда “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади”, деган эзгу ғоя асосида бу соҳада катта ишлар амалга оширилди.

Ўтган қисқа даврда юзлаб замонавий мактаблар барпо этилди. Илгари тажрибамизда бўлмаган Президент мактаблари, ижод мактаблари ҳаётимизга кириб келди, ихтисослаштирилган мактаблар тармоғи кенгайтирилди. Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратилди.

“Энг муҳими, мактабларимизда янгича руҳ, мазмун ва муҳит пайдо бўлди. 

Бунда, ҳеч шубҳасиз, болалар қалбининг меъмори, муҳандиси бўлган ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар учун эркин ишлаш имкониятини яратиб берганимиз муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Чунки ўқитувчига эътибор бу – аввало фарзандларимизга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор, дегани. Ўқитувчининг обрўси ошса, мактабнинг обрўси ошади, илмнинг, таълим-тарбиянинг қадри кўтарилади. 

Шу сабабли, муаллим ва ўқувчилар учун шароитларни яхшилаш, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратяпмиз”, - деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Йиғилишда маълум қилинишича, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошди (ўртача ойлик 3 миллион сўм).

Чет тили, Ай-Ти, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди.

Натижада, 6 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони – 23 мингга етди, 10 миллион сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошди. 

Яна 2 мингга яқин муаллимларга вазир жамғармасидан қўшимча устамалар тўланяпти.

Мактаблар юкламасини камайтириш мақсадида 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу – аввалги йилларга нисбатан 15 баравар кўп.

“Ўзининг ўқитиш услуби, “маҳорат мактаби”га ва обрў-эътиборига эга ўқитувчилар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Биз уларнинг меҳнатини юксак қадрлаймиз. Сўнгги йилларда олий таълимда қамровни 4 баробар ошириб, ёшларимиз учун қўшимча имкониятларни яратиб беряпмиз.

Кўп ёшларимиз қизиқиши ва қобилиятига мос касб-ҳунар эгаллашни афзал кўраётгани ҳам давр талаби. Шу боис, болаларимизга мактабдаёқ камида иккита чет тили, компьютер ва касб-ҳунарни ўргатсак, қўлида ҳунари бўлса, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлади”, деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид