Ўзбекистон | 14:37 / 05.12.2024
2836
2 дақиқада ўқилади

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти билан тақдирланди

Франция Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси — «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамиятини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти эканлигини таъкидлаган. Мукофот 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари кунида Парижда Франция бош вазири томонидан жамият раҳбари Абдураҳмон Ташановга топширилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти Франция Республикасининг «Озодлик, тенглик, биродарлик» халқаро мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда 4 декабрь куни Франция Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маслаҳат комиссияси хабар берди.

«2002 йилда ташкил этилган «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ягона мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотидир. Мукофотланган лойиҳа Ўзбекистондаги тинч аҳоли ўртасида Россияда истиқомат қилаётган ўзбек ишчилари ва маҳбусларининг Россия армиясига мажбурий жалб этилиши ҳақида хабардорликни оширади»,дейилади комиссия хабарида.

Франция Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича «Озодлик, тенглик, биродарлик« мукофоти 1988 йилда CNCDH ташаббуси билан яратилган. Ушбу мукофотнинг мақсади бутун дунёда инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятининг асосий ролини тан олишдир.

Мазкур мукофот дунёнинг 5 нафар фуқаролик жамияти ташкилотига берилади. Бу галги ғолиблар орасида «Эзгулик» билан бирга Камерундаги «Манделла» маркази, Гаитидаги «Citizens» ташкилоти, Колумбиянинг Ludirlena PÉREZ CARVAJAL ташкилоти ва Суриядаги «Caesar» ташкилотлари бор.

Тақдимот маросими шу йилнинг 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунида Парижда ўтказилади. Мукофот Франция Республикаси Бош вазири томонидан «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга топширилади.

Мавзуга оид