Жаҳон | 22:57 / 28.02.2021
11629
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Чехия президенти Путиндан вакцина сўради, Англияда ота-оналар текширилади

Чехия президенти россияликлар президент Владимир Путинга ёзган мактубида «Спутник V» вакциналаридан етказиб беришни сўради, Англияда эса мактаб ўқувчиларининг ота-оналари ҳафтасига икки марта бепул тестдан ўтказилади. Дунёдаги коронавирус билан боғлиқ шу ва бошқа янгиликлар кунлик обзорда келтирилади.

Фото: Reuters

Чехия президенти Путиндан «Спутник V» сўради
Чехия президенти Милош Земан Россия президенти Владимир Путиндан «Спутник V» вакциналари етказиб берилиши бўйича кўмак сўради. «Мен жаноб президент Владимир Путинга «Спутник V» вакциналари етказиб берилишида ёрдам кўрсатишини сўраб мактуб ёздим. Прагадаги РФ элчихонасидан олинган маълумотга кўра, яқин вақтлар ичида ушбу вакциналар партияси етиб келади», деган Земан CNN’нинг Прагадаги телеканали Prima News учун берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, у бу ташаббусни Чехия бош вазири Андрей Бабиш билан муҳокама қилган. Бош вазир бундан олдинроқ Европа Дори-дармон агентлиги (EMA) россияликлар вакцинасини маъқулламагунча Чехия ҳукумати уни қўлламаслигини айтганди. Айни вақтгача агентлик бу вакцинани фойдаланиш учун тасдиқламаганди.

CNN Prima News учун берган интервьсида Бабиш Чехия ҳукумати энди EMA санкциясини кутмаслигини айтган. Шу билан бирга, Чехия дори-дармонлар агентлиги «ҳужжатлаштириш ишларини ўрганиб чиқиши кераклиги»ни таъкидлаган. «Агар улар уни маъқулламаса, соғлиқни сақлаш вазирлиги истисно қилиши мумкин... ким истаса, эмланади», дея Бабишнинг сўзларини келтирган Reuters агентлиги.

Чехия бош вазири сўзларига кўра, унинг мамлакати Венгриядан ўрнак олиши мумкин, ушбу давлат раҳбари Виктор Орбан хитойликларнинг Sinopharm вакцинаси билан эмланганди, бу вакцина ҳам Евроиттифоқ миқёсида фойдаланиш учун тасдиқдан ўтмаган.

2020 йил декабрида Чехияда BioNTech, Moderna ва AstraZeneca компаниялари вакциналари билан эмлаш ишлари бошланганди. Биринчи босқичда 10,6 миллиондан ортиқ аҳолига эга мамлакатнинг тахминан 650 минг фуқароси эмланган.

Чехияда 1 мартдан янги чеклов чоралари амалда бўлади. Унга кўра, бошланғич мактаблар ҳам масофавий ўқишга ўтади. Аввалроқ ўрта синфлар ва юқори синф ўқувчилари учун ҳам мактаблар ёпилганди.

Полиция кўчаларда навбатчилик қилиб, одамлар тўпланишининг олдини олади ва сабабсиз ҳудудлар орасида ҳаракатланиш тақиқланганидан огоҳлантиради.

Чехия - дунёда коронавирусдан энг жиддий жабр кўрган давлатлардан бири саналади, бу ерда 1,2 млн киши вирусга чалинган, 20 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Дунёда касалланганлар сони 114 миллионга яқинлашди
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда пандемия бошидан буён коронавирус юқтириб олганлар сони 113,7 миллион кишини ташкил қилмоқда. Касаллик қурбонлари сони 2,5 млн, 88 млн.дан ортиқ киши тузалиб кетган.

АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда касалликни бошдан кечирганлар сони 10 миллиондан ортиқни ташкил қилади.

Англияда мактаб ўқувчилари ота-оналари бепул тест қилинади
Англияда вояга етмаган мактаб ўқувчилари коронавирусга қарши экспресс-тестлар тўпламлари билан таъминланади. Мамлакатда 8 мартдан мактабларни қайтадан очиш режалаштирилмоқда - бу коронавирус тарқалишига қарши жорий этилган чеклов чораларини бекор қилишнинг биринчи босқичи доирасида амалга оширилади.

Мактабда ўқийдиган болалари бор оилаларга бир ҳафтада икки марта бепул тест тўпламлари етказиб берилади. Шунингдек, иш фаолияти мактаб таълими билан боғлиқ одамлар ҳам тестларни олиши мумкин.

Британия соғлиқни сақлаш тизими бу касалланганларни тез аниқлаш ва вирус кенг тарқалишининг олдини олишга хизмат қилишига умид билдирмоқда.

Бельгияда қамоқхоналарда карантин
Бельгиянинг Намюр қамоқхонасида маҳбусларга камераларни тарк этиш тақиқланди, маҳбусларнинг ярмидан кўпининг Covid-19'ни аниқлаш учун топширган тести мусбат натижа берган.

Қамоқхонада жами 132 киши сақланади. Ахлоқ тузатиш муассасасининг 115 ходимидан 60 нафарида ҳам коронавирус чиққан. Шу билан бирга, фақат биргина маҳбусни шифохонага ётқизишга зарурат туғилган.

Қамоқхона маъмурияти вакили вазиятни жуда жиддий деб атаган. Маҳбуслар сайр қилиш ва душ қабул қилиш имкониятидан вақтинча маҳрум бўлган. Аммо уларга ҳар куни иссиқ овқат ва гигиеник воситалар бериб борилади.

Шунингдек, маҳбусларнинг яқинлари билан учрашувлари ҳам бекор қилинди. Шу туфайли қамоқхона эшиги олдида маҳкумларнинг қариндошлари тўпланиши кузатилмоқда.

Франция ва Янги Зеландияда маҳаллий локдаунлар

Франциянинг икки шаҳри - Ницца ва Дюнкеркда - касалланганлар сони кескин ўсиши муносабати билан локдаун жорий этилди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран аввалроқ Дюнкеркеда кунлик касалланиш кўрсаткичи кескин ўсгани, шаҳардаги ҳар 100 минг аҳолига 100 бемор тўғри келаётганини айтганди, бу эса мамлакатнинг ўртача кўрсаткичидан тўққиз баравар кўпроқдир.

Мамлакат бош вазири Жан Кастекс шу каби муқобил чоралар коронавирус инфекцияси тарқалиши тезлашган яна 20та аҳоли пунктига қўлланиши мумкинлигини маълум қилган.

Янги Зеландиянинг йирик шаҳри - Оклендда ҳукумат коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун камида бир ҳафтага локдаун жорий этди.

Якшанба кунидан 1,7 млн киши яшайдиган Оклендда уйдан фақат ишга ёки озиқ-овқат олиб келиш учун чиқиш мумкин бўлади. Шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқиш тақиқланган.

Мактаблар ва биринчи навбатда зарур бўладиган маҳсулотлар сотилмайдиган дўконлар ёпилди.

Мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн коронавирус инфекцияси яна тарқала бошлаганининг асосий сабаби сифатида ўзини иҳоталаш режимида яшаши керак бўлган, аммо бунга риоя қилмаган айрим фуқароларни келтирди.

Янги Зеландия ўтган йил баҳорида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини ололган камдан кам давлатлардан бири бўлганди. Пандемия бошидан буён 5 миллион киши яшайдиган ушбу мамлакатда Covid-19 туфайли атиги 26 ўлим қайд этилди.

Мавзуга оид