Жаҳон | 14:35 / 01.03.2016
18337
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Россия федерациясининг солиқ резиденти деган мақомдан ажралиши мумкин

Таниқли тадбиркор Алишер Усмонов Россиянинг солиқ резиденти деган мақомдан ажралиши мумкин. У 2015 йилнинг катта қисмини чет элда ўтказгани бунга сабаб бўлади. Бу ҳақида Россия федерал солиқ хизмати манбасига таяниб, РБК хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, Усмоновнинг 2015 йил учун даромадлари тўғрисидаги Декларацияси 1 апрелга қадар топширилиши керак. Шундагина ҳужжат бўйича солиқ резиденти эмаслигини айтиш мумкин бўлади. Россиядаги тадбиркорлик фаолиятини ҳам шунга кўра давом эттиради.

USM Holdings компанияси вакили, Усмонов активлари бошқарувчисининг тасдиқлашича, ўтган йили сезиларли даражадаги кўп вақтни хорижда ўтказган. Бу халқаро миқёсдаги фаолияти билан ҳам боғлиқ. Чунки у ҳозирда Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ва Халқаро олимпия қўмитасининг олимпия телеканалини ривожлантириш комиссияси аъзоси ҳисобланади.

Нашрнинг Федерал антимонополия хизматидаги манбаси айтишича, Алишер Усмонов 2015 йилнинг кам қисмини мамлакатда ўтказгани учун Россия солиқ резиденти бўлмай қолган. Федерал солиқ хизмати ўз сайтида аниқлик киритишича, жисмоний шахслар даромадларига солиқ солиниши уларнинг фуқаролигига боғлиқ эмас: тақвим йилида резидентлар деб ушбу йил давомида Россияда камида 183 кун бўлган шахслар ҳисобланади.

Сўнгги бир неча йилда Алишер Усмонов жисмоний шахс сифатида Россияда 350 миллион доллар солиқ тўлаган. USM компанияси эса ўтган 2015 йил учун 100 млрд рубль (тахминан 1,6 млрд доллар) тўловни амалга оширган.

USM ходими эҳтимолий солиқ норезидентлиги USM’нинг бизнесига ҳеч қандай таъсир ўтказмаслигини айтди: Усмонов ўзига тегишли компанияларнинг операцион фаолияти билан шуғулланмай қўйган.

Алишер Усмонов USM Holdings, «Металлоинвест», «Мегафон», Mail.ru Group ва DST Global, «ЮТВ Холдинг» компаниялари эгаси саналади. Forbes журнали талқинига кўра, Алишер Усмонов 14,4 миллиард долларлик маблағга эга.