Ўзбекистон | 15:41 / 25.11.2021
19289
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада ўқиётган тошкентлик талаба қиз

Талабаликни олтин даврга қиёслашади. Бу давр инсон ҳаётида саргузаштларга бой бўлган даврдир. Кўпчилик ёшлар пойтахтга келиб таҳсил олишни хоҳлашади. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз Тошкент вилоятидан келиб Фарғона давлат университетида таълим олмоқда.

Гавҳар Ертаеванинг нима учун айнан ФарДУда таҳсил олаётганига қизиқиб, у билан суҳбатлашдик. Ёш талаба ўзи ва оиласи, туғилиб ўсган уйидан олисда бўлишига қарамай, Фарғонада таҳсил олиш сабаблари ҳақида сўзлаб берди.

«Тошкент вилояти Қибрай туманида туғилганман. Оилада 3 фарзандмиз. Мен кенжа фарзандман. Опам ва акам бор. Опамнинг оиласи иш юзасидан Фарғонага келиб ўрнашиб қолган.

Бу йил ўқишга топширгандим. 5 та олий ўқув юртидан бири Фарғонада эди. Насиб экан Фарғонага келиб ўқияпман. ФарДУнинг мактабгача ва бошланғич таълим факультети 1-курс талабасиман.

Мактабни тамомлаганимдан сўнг пишириқлар тайёрлашга қизиқдим. 5 ой давомида ўқиб ҳам ишладим. Ундан кейин ўзим мустақил иш бошлагандим. ФарДУга ўқишга кирганимдан кейин у ишни вақтинча тўхтатдим.

Фантазиялар яратиб пишириқлар тайёрлашга қизиқаман. Пишириқ тайёрлаш менинг хоббим бўлган».

Талаба Фарғонага янги келган пайтлари туғилиб ўсган шаҳрини соғиниб, қийин аҳволга тушгани ҳақида ҳикоя қилди. Унинг онаси ҳам педагог бўлиб ишлаган экан.

«Фарғонага янги келганимда қийналдим. Ўзим туғилиб ўсган шаҳримни соғиндим. Ҳозир эса мусофир юртда яшашга кўникиб кетдим. Тошкентдаги мактаб ўқитувчиларим қаттиққўл эди. Фарғонадаги ўқитувчилар эса ундан-да қаттиққўлроқ экан. Дарслардаям фаол бўлишга ҳаракат қиляпман.

Мактабда рус тили ва адабиёти фанини яхши кўрар эдим. Ўша қизиқишим бу ерда қўл келяпти.

Синфдошларим кўпчилиги пулга қизиқиб, ҳозирда ўқишни бир томонга суриб қўйиб, ўзини бизнесга урган. Улар ўзини оёққа турғазиб оила қурмоқда. Мен ўқиш йўлини танлаб, келажагимни ўйлаб шу йўналишдан кетяпман. 

Мактабгача таълим йўналишини танлаганимнинг боиси — онам ўзлари педагог. Авваллари онамнинг ишхоналарига борганимда дарс ўтаётганларини кўриб, соҳага қизиқишим ортган. Мен ҳам онамнинг йўналишида кетяпман. Шу соҳага ўқишга кирганимда ҳам онам хурсанд бўлди».

Гавҳар Ертаева ўқишни тамомлагач, Тошкентга қайтиб бориб, хусусий боғча ташкил қилмоқчи эканини таъкидлади.

«Ўқишни тамомлаб, Тошкентга қайтганимда ўз устимда яна ишлаб, илм олиб боғча очиш ниятидаман. Режамдаги боғча хусусий бўлиб, бошқаруви ўз қўлимда бўлади. Рус тили чуқур ўргатиладиган боғча якшанба кунлари ҳам ишлайдиган бўлади. Мактабга чиқиш арафасида турган болажонларга мактабга тайёрлов тўгаракларини ташкил қилмоқчимиз».

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид