Ўзбекистон | 15:33 / 14.12.2019
7645
3 дақиқада ўқилади

Парламент сайловида муддатидан аввал овоз бериш қай тариқа амалга оширилади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари депутатлиги учун сайловларда илк маротаба муддатидан аввал овоз бериш амалиёти қўлланилмоқда. 22 декабрь куни маълум бир сабабга кўра, сайловда иштирок эта олмайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси 12-18 декабрь кунлари ўзи қайд этилган сайлов участкасида овоз бериши мумкин. Агар у хорижда бўлса, Ўзбекистоннинг чет эллардаги ваколатхоналари ва бош консулликларида ташкил этилган сайлов участкаларига бориб, овоз бериш ҳуқуқидан фойдалана олади. 

Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб турган Kun.uz мухбири ҳам ўзининг муддатидан аввалги овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон элчихонасида ташкил этилган 31-сайлов участкасида бўлди ҳамда муддатидан аввал овоз берди. 

Муддатидан аввал овоз беришга қарор қилган фуқаро 12-18 декабрь кунлари сайлов участкасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат (булар фуқаролик паспорти ёки чет элда бўлса хорижга чиқиш паспорти) билан бориб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун номзодлар таржимаи-ҳоли ва дастури билан танишиб, улардан ўзи танлаган номзодга яширин овоз бериши мумкин. 

Сайлов участкаси масъули сайловчини кутиб олади, унинг паспорти бўйича электрон базани текширади ва дафтарга қайд қилган ҳолда овоз бериш бюллетени ва конверт тақдим этади. Сайловчи махсус ажратилган жойда яширин овоз бергач, бюллетенни конвертга солиб, сайлов участкаси вакилига келтириб беради. Бу ерда, конверт елимланади, 2 масъул шахс ва сайловчи томонидан имзоланиб, муҳрланади. Мазкур конверт 22 декабрда овоз бериш тугаганидан сўнг, овозларни санаш вақтида очилади. 

Марказий сайлов комиссияси дунёнинг турли мамлакатларида жами 55та сайлов участкаси ташкил этилган. Шундан 8таси Россия Федерациясида, булар Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Екатеринбург, Ростов, Новосибирск, Владивосток шаҳарларидадир. Қайд этиш жоиз, элчихона ва бош консулликлар томонидан кўчма муддатидан аввал овоз бериш ҳам йўлга қўйилди. 

Хусусан, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси, Москва ҳамда Қозон шаҳридаги бош консулликлари (31-, 54- ва 52- сайлов участкалари) томонидан муддатидан аввалги овоз беришлар ҳам ташкил этилмоқда. 

Қозон шаҳридаги бош консулликнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Бош консуллик 12 декабрда 52-сайлов участкаси сифатида Татаристон Республикасининг Бавла туман маркази, Бугульма шаҳри ҳамда Лениногорск шаҳарларида муддатидан аввалги овоз беришларни ташкил этган.

Мавзуга оид