Ўзбекистон | 19:26 / 25.11.2021
6856
2 дақиқада ўқилади

“Светофорни сунъий интеллект бошқаради”. Ўзбекистонлик муҳандис автомобиллар тирбандлиги муаммосига ечим топди

“Сунъий интеллект билан бошқариладиган светофор тирбандликнинг олдини олади. Бунда қурилма чорраҳадаги машина оқимини ҳисоблаб, светофорга буйруқ беради. Натижада ёниши зарур бўлган чироқ бир хил белгилаб қўйилган вақтда эмас, керакли дақиқаларда ёнади”, дейди муҳандис Шуҳрат Йўлдошев.

Айни кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилаётган "Innoweek-2021"технологиялар ҳафталигида бир қанча янги лойиҳалар тақдим қилинмоқда.

Улардан бири — сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган светофор. Сунъий интеллект ва робототехника бўйича муҳандис Шуҳрат Йўлдошевнинг айтишича, бу қурилма машиналар тирбандлигини бартараф қилишда катта самара беради.

Унинг сўзларига кўра, мазкур стартап автомат режимда ишлайдиган светофорларни сунъий интеллект ёрдамида бошқариш орқали тирбандликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

“Ҳозирда вилоятлар ва шаҳарлар марказларида автомобиллар тирбандлиги юқори. Ўзбекистондаги барча светофорлар автомат режимда ишлайди. Улар бир хил вақт оралиғида чорраҳаларни бошқаради. Бу нотўғри. Шунинг учун ҳам вақт ютқазиляпти, ЙТҲ содир бўлмоқда, “пробка”да ёнилғи кўпроқ сарфланяпти...

Светофор сунъий интеллект ёрдамида бошқарилса, тирбандлик муаммоси ҳал бўлади. Бунда чорраҳанинг тўрт томонига камералар ўрнатилади. Дастур ишга тушиб, барча томонлардаги автомобиллар сонини ҳисоблайди. Қайси томонга яшил ёки қизил чироқни кўпроқ ёқиш кераклигини аниқлайди ҳамда светофорга буйруқ беради. Натижада ёниши зарур бўлган чироқ бир хил белгилаб қўйилган вақтда эмас, керакли дақиқаларда ёнади. Шу орқали тирбандликнинг олди олинади.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда бу технологиядан фойдаланишади. Ўрта Осиёда эса ҳали йўқ. Агар буни Ўзбекистонда қўлласак, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшироқ таъминлаймиз, вақт, экология ва иқтисодга ҳам фойда бўлади.

Фақатгина бу лойиҳамизни амалга ошириш учун молиявий кўмак керак. Инновация вазирлиги бизни молиявий томондан қўллаб-қувватласа, бу соҳани ривожлантирамиз”, деди тадбиркор.

Мавзуга оид