“Самосуд”га ечим, туҳматга қарши чора ва “чекинаётган” қийноқ – янги конституцияда айбсизлик презумпцияси
Халқимизда туҳмат балога тенглаштирилади: ўт, сув ва туҳмат балосидан ўзи асрасин, деймиз. Асоссиз айбланиб, яна камига жазога тортилишдан ортиқ адолатсизлик бўлмаса керак. Яқин ва узоқ ўтмишимизда қуруқ туҳмат ва бўҳтонлар билан айбланиб, жазога ҳукм қилинганлар оз эмас. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун айбсизлик презумпцияси конституция билан мустаҳкамланмоқда.
Охирги олти йилда жиноят ишида шахснинг айби тўла исботланмасдан туриб, унга жазо тайинлаш амалиётига чек қўйиш, айбсизлик презумпциясини қатъий таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. 2016-2022 йилларда 421 468 нафар шахсга нисбатан 324 463 та жиноят иши кўриб чиқилган. Шундан 4740 нафар шахс оқланган. Бу йилларда чиқарилган оқлов ҳукмлари олдинги давр билан солиштирганда 43 баробарга кўпайган.
Айбсизлик презумпцияси жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқ шахсни адолатли суд қарорисиз айблашдан ҳимоя қилади ҳамда уни ўзининг айбсизлигини исботлаб бериш мажбуриятидан халос этади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси томонидан айбсизлик презумпцияси чекиниб бўлмайдиган ва чеклаб бўлмайдиган мутлақ ҳуқуқ сифатида эътироф этилган.
Бугунги кунда айбсизлик презумпцияси инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим стандартлардан бири сифатида қуйидаги таркибий элементлардан ташкил топган:
– айбни исботлаш мажбурияти айблов тарафнинг зиммасига юкланади;
– айб асосланган шубҳалар бўлмаган ҳолда исботланмагунча, айбдорликка доир шубҳа қилиб бўлмаслигини кафолатлайди;
– шубҳалар доимо айбланувчи фойдасига ҳал қилиниши кафолатланади ва жиноят содир этганликда айбланувчига нисбатан ушбу тамойилга мувофиқ муносабатда бўлиш талаб этилади.
Миллий қонунчилигимизда айбсизлик презумпциясининг халқаро ҳуқуқда белгиланган барча жиҳатлари ўзининг ифодасини топган. Амалдаги Конституциянинг 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 23, 84, “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 16-моддасида, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг
6-моддасида айбсизлик презумпцияси қоидалари белгиланган. Айбсизлик презумпциясининг ҳуқуқий асослари турли қонунчилик ҳужжатларида белгиланиши ҳуқуқни қўллашда ягона ёндашувларнинг шаклланишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Айрим ҳолатларда айбсизлик презумпциясига амал қилишдан чекиниш ҳолатларига йўл қўйиляпти. Қолаверса, айбсизлик презумпцияси шахснинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланганлиги сабабли уни асосий қонунда тўлалигича ифодалаш мақсадга мувофиқ.
Янгиланаётган конституцияда айбсизлик презумпциясининг барча жиҳатлари тўлиқ ўз ифодасини топмоқда.
Биринчидан, шахснинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шахсни айбдор деб топишга фақат суд ваколатли экани айбсизлик презумпциясининг олтин қоидаларидан бири ҳисобланади. Суддан бошқа органлар ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсни айбдор деб топишга ҳақли эмас. Суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мавжуд бўлгандагина шахсни айбдор деб ҳисоблаш мумкинлигининг белгиланиши шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўзбошимчалик билан айблаш ва жавобгарликка тортишдан ҳимоя қилади. Қолверса, ушбу қоида сўнги йилларда фуқаролар ўртасида кенг учраётган “самосуд” ҳолатларига чек қўйишга ҳам хизмати қилади;
Иккинчидан, айбланувчи ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар билан таъминланади. Айбланувчи ҳар доим ҳимояланиш имкониятга эга бўлиши лозим. Айбланувчига ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш имконияти кафолатланади.
Айблов билан боғлиқ процессуал жараён ўзига хос мураккабликларга эга бўлиб, бунда гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчилар албатта малакали юридик ёрдамга эҳтиёж сезади. Ҳимоячининг ишда иштирок этишига жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлигига бўлган ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан бошлаб рухсат этилади.
Белгиланган ҳолларда адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан қопланади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва маҳкумнинг ҳимоя ҳуқуқи жиноят-судлов ишларини юритишда асос қилиб олинувчи принциплардан бири сифатида иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилинишини кафолатлайди.
Жиноят ишини юритишга масъул барча давлат органлари ва мансабдор шахслар (суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья) гумон қилинувчига, айбланувчига унинг ҳуқуқларини тушунтиришлари ва ўзига тегишли ҳимоя ҳуқуқидан амалда фойдаланиши учун реал шароит яратиб беришлари шарт.
Учинчидан, айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши назарда тутилмоқда.
Шахснинг айбига оид аниқланиши лозим бўлган, аммо тергов йўли билан исботлашнинг имкони бўлмаган ҳар қандай ҳолат гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдаси ва манфаатларидан келиб чиқиб ҳал этилади.
Баъзан шахснинг айбига оид гумон ва тусмолларга аниқлик киритишнинг қонуний имкони бўлмай қолади. Ана шундай гумон ва тусмоллар гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг манфаатлари ва фойдасидан келиб чиқиб талқин қилинади.
Тўртинчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Афсуски, баъзи ҳолатларда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчидан ўзининг айбсизлиги тўғрисида алиби ва бошқа далиллар талаб этилади.
Шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб беришга мажбур эмаслиги тўғрисидаги қоида халқаро ҳужжатларда ҳам ўзининг ифодасини топган. Исбот қилиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан амалга оширилиши керак. Шахсни ҳам жавобгарликка тортиб, ҳам ундан ўз айбсизлигини исботлаб беришни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Бешинчидан, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Суд ва терговда шахсни ўзига ва оила аъзоларига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилиш унинг манфаатларига асло тўғри келмайди. Қолаверса, миллий менталитетимизда оила аъзолари ва қариндошлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат муҳим қадрият сифатида тушунилади. Отанинг ўз фарзандига, фарзанднинг отасига, ака-ука ва опа-сингиллар бир бирига қарши гувоҳлик бериши оилавий қадриятларимизга ҳам мос эмас. Шу сабабли шахснинг ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги тўғрисидаги норма айбсизлик презумпциясини миллий менталетимиз асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Олтинчидан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Бу суд ва терговда шахс манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича янги кафолатлар тақдим этади.
Гап шундаки, шахснинг айбига оид далиллар етарли бўлмаганда унинг ўз айбига иқрор бўлганлиги тўғрисидаги ягона далил билан чекланиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Биргина ўз айбига иқрор бўлганлиги билан шахсни жавобгарликка тортиш ва жазога ҳукм қилиш адолат ва мантиқ мезонларига тўғри келмайди. Эндиликда шахсни айблаш учун далиллар етарли бўлмаганда айбига иқрорлик олиш учун қўрқитиш, унга таҳдид қилиш ва босим ўтказиш ёки қийноқ қўллаш ҳолатларига йўл қўйилмайди.
Саккизинчидан, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас. Бир инсоннинг судланганлиги учун унинг яқинлари жабр тортиши кўп йиллардан бери оддий одамларни қийнаб келаётган эди. Ишга кирмоқчи бўлса “аканг судланган”, лавозимда кўтарилмоқчи бўлса “отанг судланган” деб айбсиз айбдорга чиқаришарди.
Шахснинг яқин қариндошларидан бири қачонлардир судланган бўлса унинг айби нима? Дейлик у туғилишидан олдин отаси судланган бўлса, “Сен туғилишингдан ўн йил бурун отанг судланган” деб ишга қабул қилмаслик қонунга ҳам, инсонийликка ҳам, адолатга ҳам умуман тўғри келмайди.
Конституцияга шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги тўғрисидаги норманинг киритилиши кўп йиллардан бери инсонларни қийнаб келаётган айбсиз айбдор бўлиб қолиш муаммосига ечим бўлади.
Айбсизлик презумпциясининг конституция билан мустаҳкамланиши судланаётган фуқароларнинг умуминсоний ҳуқуқларга риоя этилиши ва тергов жараёнларидаги муҳим инсонпарвар қоидалар жорий қилинишини кафолатлайди.
Фарҳод ПРИМОВ,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Мавзуга оид
15:27 / 10.07.2024
Самарқандда боғдан олма ўғирлаган болаларни жазолаган эркакнинг ўзи ҳам “самосуд” қилинди
07:29 / 09.07.2024
Тошкентда бир йигитни «самосуд» қилиб, машинада олиб кетганлар ушланди
12:12 / 20.05.2024
Самарқандда ўқувчи севги изҳор қилгани сабаб “самосуд” қилинди
08:51 / 11.05.2024