Ўзбекистон | 08:43 / 01.10.2020
7197
4 дақиқада ўқилади

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Сиз устозингизни йўқладингизми?

Билим ўргатишнинг савоби билан бирга, масъулияти ҳам катта. Айниқса, пандемия даврида ўқитувчиларнинг машаққати янада кўпайди. Халқ таълими тизимида мактабга келиш истагини билдирган болаларга синфхоналарда, онлайн таълим олишни истаган болаларга эса алоҳида дарс ўтилмоқда.

Пандемия шароитида ўқитувчилик – хавф энг юқори бўлган касблардан бири бўлиб турибди. Боз устига, айни пайтда Ўзбекистон мактабларида ишлаётган ярим миллионга яқин ўқитувчининг 20 мингдан ортиғи пенсия ёшида эканини таъкидлаш лозим.

Бундан ташқари, айни пайтда ўқитувчиларда иш юкламаси ортган, ҳам мактабда ўқувчиларга билим бераётган бўлишса, ҳам уйда ўқиётган болаларнинг билим олишини назорат қилиб боришлари талаб этилмоқда. Шунга қарамай, уларни қўшимча моддий рағбатлантириш тўхтатиб турилибди.

Касб байрами, 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни муносабати билан Kun.uz соҳанинг бир неча вакиллари билан суҳбатлашди.

Феруза Мирзаева

Улардан бири – Мирзо Улуғбек туманидаги 64-мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Феруза Мирзаева 38 йилдан бери таълим тизимида фаолият юритади.

Феруза Мирзаеванинг айтишича, оилада фарзандларга ота-она қандай масъул бўлса, худди шундай масъулият мактаб маъмуриятининг ҳам зиммасида бўлади.

«Мактабда 1 800 нафар ўқувчига нисбатан масъулиятлимиз. Уларнинг яхши билим олишига, юриш-туришига жавобгармиз. Ҳар қанча масъулиятли бўлмасин, шу касбни танлаганим учун ҳеч қачон афсусланмайман», – дейди Феруза Мирзаева.

Мактабнинг она тили ва адабиёт ўқитувчилари Зумрад Муқимова, Диёра Саидова ҳам ўқитувчилик машаққати ҳақида эмас, кўпроқ ўқувчиларининг натижалари билан фахрланиши ҳақида гапиришни маъқул кўришди.

Зумрад Муқимова

«Деҳқон ўз меҳнати ҳосилини бир йилда кўрса, ўқитувчи 10 йил деганда натижани кўриши мумкин. У эса ҳали натижани, меҳнатининг ҳосилини кўрмасдан туриб ҳам меҳнат қилади. Касб машаққати мана шунда», – дейди Зумрад Муқимова.

Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, ёш ўқитувчи Шуҳрат Рўзиев эса эркак ўқитувчиларни мактабга қайтаришни давом эттириш керак, дея фикр билдирди.

Шуҳрат Рўзиев

«Таълимдан ташқари, мактаб ўқувчиларнинг тарбияси шаклланишига ҳам таъсир кўрсатади. Бунда, айниқса, ўғил болаларга мардлик, олижаноблик хислатлари эркак ўқитувчилар орқали сингдирилса, самараси яхшироқ бўлади», – дейди у.

Айни пайтда, мактабларда дарслар давом этиши билан бир пайтда онлайн таълим олишни хоҳлаган болалар учун телевизион дарслар ҳам суратга олинмоқда.

Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, айни пайтда бошланғич синфлар, 5–8 ва 10–11-синфлар учун турли фанлардан дарслар суратга олинмоқда. Дарс ўтишга 120га яқин ўқитувчи жалб қилинган.

Теледарсларни суратга олишга жалб қилинган ўқитувчиларнинг асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланиб қолади ва ҳар бир дарс учун энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида ҳақ тўлаб берилади.

Инглиз тили фани ўқитувчиси Гулноза Қосимхонова теледарс ўтиш учун саралаб олинган ўқитувчилардан бири. У мактабларда чет тилларини мажбурият деб билган ҳолда ўрганиш кайфиятини йўқотиб, болалар яхши кўриб ўрганишига эришишни мақсад қилган.

Нодира Азизова эса бошланғич синфларга теледарс ўтмоқда.

Нодира Азизова

«Дастлаб, теледарс ўтишни бошлаш осон бўлмади. Сабаби – ўқитувчи ўқувчилар билан ишлашга ўрганган. У синфхонада болалар ўзига қараб турганини кўрса, куч олади. Бироқ болалар бўлмаган аудиторияда дарс ўтиш осон эмас экан», – дейди у.

Вазият қандай бўлмасин, таълим бериш ишлари давом этмоқда. Фақат йўналиш ва методлар ўзгармоқда. Пандемия ҳам ўқитувчиларнинг ишини тўхтатмади. Жуда кўпчилик ёши катта ўқитувчилар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлашни ўрганмоқда, мураккаб жараёнда меҳнат қилишмоқда.

Ҳали ўқитувчиларга минг доллар ойлик бериш имкони бўлмаса-да, лекин жамият уларнинг меҳнатини ўн минг долларлик маош олувчи касб эгаларидек қадрлашига имкон бор.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид