Ўзбекистон | 19:23 / 21.07.2016
10559
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонлар генафонди комплекс равишда муҳофаза қилинади

21 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Парламент аъзолари ўз ишларини янги таҳрирдаги “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама этишдан бошладилар. 

Қонун лойиҳаси биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳайвонлар генафонди комплекс равишда муҳофаза қилинишини таъминлашни назарда тутади. Қонун лойиҳасида давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатиб қўйилмоқда ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш юзасидан уларнинг вазифалари белгилаб берилмоқда. Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган амалий чора-тадбирларни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирок этишига тааллуқли нормаларни мустаҳкамлаб қўйишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Қонун лойиҳасини тайёрлаш чоғида давлат бошқарувининг, фуқаролик жамияти институтларининг турли даражаларида унинг амалий муҳокама қилинишини ташкил этишга катта эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳалар амалиётчилари, фуқаролик институтлари вакилларидан иборат Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида ташкил этилган эксперт гуруҳлари аъзолари фаол иштирок этдилар.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси парламент қуйи палатасининг Демократик кучлар блоки ва мухолифатдаги фракциялари йиғилишларида ҳам бўлиб ўтди, йиғилишлар якунларига кўра ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан уларнинг нуқтаи назари шакллантирилди. Кўриб чиқиш якунларига кўра ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.