Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлашга оид янги вазифаларни белгилаб берди
Ўзбекистонда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани айтилди. Турли тузилмалар масъулларига ёшлар бўйича вазифалар тақсимлаб берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласида видеоселектор ўтказди.
Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади.
Мамлакатда 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинган.
Қайд этилишича, ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизим жорий этилади.
Шавкат Мирзиёев бу ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарурлигини кўрсатди. Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш; иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш.
Таъкидланишича, бугунги кунда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз. Бу масалаларни тизимли ҳал этиш мақсадида Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.
Аниқланишича, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида кўплаб муаммолар бор.
Аксарият маданият марказлари, истироҳат боғлари ва спорт комплексларининг моддий-техник базаси қониқарсиз, тўгараклар номига ишлаяпти.
Йиғилишда бу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга кўра:
- ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари – бандлик масалаларига;
- солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари – ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга;
- ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга;
- туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари – уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлади.
2021 йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди.
Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
«Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш вазифалари белгиланди.
«Ёшлар: 1+1» дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.
Мавзуга оид
13:27 / 14.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг IELTS'даги натижалари сезиларли яхшиланди
18:19 / 07.12.2024
Ёшларга Work & Travel дастурлари харажатлари учун ссуда ажратилади
10:11 / 28.11.2024
Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили 700 мингдан ортиқ кишига ошмоқда
15:32 / 22.11.2024