Жаҳон | 21:59 / 26.05.2023
51776
2 дақиқада ўқилади

Астрономлар Қуёшдаги улкан қора доғни кўрсатишди 

Қуёш дискини Ердан тўрт баробар катта қора доғ кесиб ўтган. Ҳозир у Ерга қараб ҳаракатланмоқда. 

Фото: SDO/NASA

Жанубий кореялик астроном Бум-Сук Ём биринчи бўлиб Қуёшда жуда катта қора доғ пайдо бўлганини пайқади. Уни оддий қуёшдан сақлайдиган кўзойнакда ҳам кўриш мумкин. 

Business Insider хабарига кўра, 23 май куни Қўшма Штатларнинг баъзи ҳудудларида уни кўзойнаксиз ҳам кўришга муваффақ бўлишган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ажабланарли эмас - ўша куни яқин атрофдаги ўрмон ёнғинларидан пайдо бўлган тутун табиий фильтр вазифасини бажарган. Бошқа шароитларда бунинг иложи йўқ. 

Аслида, бу янги доғ эмас, астрономлар уни бирмунча вақт давомида кузатиб келишмоқда ва АR3310 номини беришган. Бу ҳодиса камдан-кам учрамайди — ҳозир Қуёш ўзининг 11 йиллик цикли доирасидаги фаолликнинг энг юқори чўққисига тайёрланмоқда. Айнан шу ҳолат қора доғларни пайдо қилади. Аслида, бу жуда фаол магнит майдонга эга бўлган жойлар. Улар жиддий хавф туғдирмайди, лекин кучли қуёш чақнашларига олиб келиши мумкин. Ўз навбатида улар Ерда геомагнит бўронларни қўзғайди. 

AR3310 аллақачон М-синфидаги кучланишни келтириб чиқарди - бу интенсивлик шкаласи бўйича иккинчи даража. АҚШ Океан ва атмосферани ўрганиш миллий бошқармасининг маълум қилишича, қуёш доғи Ер юзига қараб ҳаракатланмоқда, демак, биринчи ва энг кучли даража бўлган Х-синф чақнаш эҳтимоли 20 фоизга тенг. У гўзал қутб ёғдуларини шакллантириши, шу билан бирга радиоалоқалардаги узилишларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантиради мутахассислар. 

Мавзуга оид