Ўзбекистон | 21:13 / 27.01.2021
5560
4 дақиқада ўқилади

2021 йилда 500 мингдан ортиқ ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш вазифаси қўйилди

Ёшларни касбга ўргатиш учун Осиё тараққиёт банкидан 93 млн доллар, Жаҳон банкидан 8 млн доллар кредит олинади. БМТнинг 3 млн долларлик гранти ҳам ёшларни ўқитиш ва бандлигини таъминлашга сарфланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар бандлиги мавзусида селектор ўтказди.

«2021 йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарур. Республика ишчи гуруҳи олдига қўйилган муаммоларнинг 60 фоизи тадбиркорлик фаолияти ва касб-ҳунарга ўқитиш билан боғлиқ.

Мисол учун, Ғузор тумани Пачкамар маҳалласида истиқомат қилувчи Aдҳам Қурбонов (25 ёш) идиш ювиш воситаси (гель) ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, 15 нафар тенгдошини доимий иш билан таъминлаш истагини билдирган.

Ёки, Иштихон тумани Бешкапа маҳалласида яшовчи Хайринисо Сулаймонова (21 ёш) тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цех очиб, 10 нафар ёш хотин-қизларни доимий даромад билан таъминламоқчи.

Мана қандай ёшларимиз бор», – дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбарига кўра, ўтган йили ўқув курсларини ташкил этиш бўйича 300га яқин давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари реестри шакллантирилган. Лекин бу жуда кам.

«Айниқса Хоразмда атиги 5та, Қорақалпоғистонда 6та, Жиззахда 7та, Самарқандда 9 та нодавлат таълим ташкилоти реестрга киритилган бўлиб, деярли барчаси вилоят марказида жойлашган.

Шу боис вилоят ҳокимлари Адҳам Икрамов, Нозим Ҳусанов ва Алишер Саъдуллаев билан бирга, бир ой муддатда аҳолиси 150 мингдан 200 минггача бўлган 46 та туманда камида 3 тадан, аҳолиси ундан кўп 64 та туманда эса камида 5 тадан ана шундай ўқув курсларини ташкил этади.

Бунда, Бозоров – 60 та, Ж.Ўроқов (Самарқанд вилоят ҳокимининг 1-ўринбосари) Абдураҳмонов, З.Мирзаев, Абдураззоқов – 50 тадан, Боболов, Холматов – 35 тадан, Ортиқхўжаев – 30 та, Зарипов, Эрманов – 25 тадан, Камалов, Солиев – 20 тадан, Турсунов – 8 та ўқув курсларини ташкил этишга шахсан масъул бўлади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлари қолган 96 та туман ва шаҳарда эҳтиёждан келиб чиқиб, таълим ташкилотлари билан бирга анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини йўлга қўйиши зарур», – деди Шавкат Мирзиёев.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусановга «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси билан бирга, икки ойда талаб юқори бўлган 15 та касб-ҳунар ўргатадиган онлайн платформани ишга тушириб, 2021 йилда камида 20 минг нафар ёшларни ўқитиш топширилди.

Бу мақсадлар учун эса жамғармага 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

«Нозим Хусанов вилоят ҳокимлари билан бирга, 2021 йилда 70 минг нафар ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 40 та касб-ҳунарга ўқитади.

Бу ишларни ташкил этиш учун Нозим Хусанов ва Шуҳрат Вафоев 1 мартга қадар Осиё тараққиёт банкининг 93 миллион доллар кредитини жалб этиб, маблағларни ўзлаштиришни бошласин», – деди президент.

Шавкат Мирзиёевга кўра, 2021 йилда шу мақсадлар йўлида Жаҳон банкининг 8 миллион доллар кредити ҳамда БМТ Тараққиёт дастури доирасида 3 миллион долларлик грантларни ёшларни ўқитиш ва бандлигини таъминлашга йўналтириш зарур.

Мавзуга оид