Ўзбекистон | 11:15 / 09.11.2021
1565
2 дақиқада ўқилади

Жиззах ва Наманганда ер майдони олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Жиззах ва Наманган вилоятида ўзгаларнинг ишончига кириб, танишлари орқали ер майдони олиб бериш эвазига ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Т.Д. ўзгалар ишончига кириб, ноқонуний бойлик орттириш мақсадида, фуқаро Н.га меҳмонхона ва умумий овқатланиш шохобчаси қуриш учун Оқдарё тумани ҳудудидан 3 гектар ер майдонини танишлари кўмагида аукцион савдоси орқали олиб бериш эвазига 6 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Департаментнинг Косонсой тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А.Қ. фуқаро Қ.га 1 гектар ер майдонини 18 000 АҚШ долларига танишлари орқали расмийлаштириб олиб беришга келишиб, шундан 5 000 АҚШ доллари ва 43 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, Жиззахда тадбиркорга тегишли ерни сотаётган иш бошқарувчи ва Наманганда ер сотмоқчи бўлган фирибгар ушлангани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид