Ўзбекистон | 18:30 / 06.10.2020
9993
3 дақиқада ўқилади

«Йўл қўйган хато-камчиликларимдан ўзимга тегишли хулосалар чиқардим» – Пахтачи ҳокими ҳисобот берди

Пахтачи тумани ҳокими ҳудуд кўрсаткичлари «қониқарсиз» деб баҳолангани сабабли узр сўради ва йил охиригача вазиятни тўғирлаб, келаси йил туманни «яхши» деб баҳоланувчи даражага олиб чиқишга ваъда берди.

6 октябрь куни Самарқанд вилояти Пахтачи туман кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди.

2019 йил якунлари бўйича туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасининг умумий балли жами 13,27 бални ташкил этган. Ушбу кўрсаткич билан туман вилоятда энг охирги ўринни эгаллаган. 

Сессияда туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов туман «қониқарсиз» ҳудудга тушиб қолгани юзасидан ҳисобот берди.

Йиғилишда 2019 йилда виртуал ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушган такрорий мурожаатлар сони 397тага етгани айтиб ўтилди (вилоятда энг ёмон кўрсаткич). Бу ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар минг кишидан 3 нафари такрорий мурожаат қилди, деганидир. Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлик даражаси 85,5 фоизни ташкил қилган, вилоятда 13-ўринда. 

Туманда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши 8,2 млрд сўмни ташкил этиб, умумий инвестициядаги улуши 3,1 фоизни ташкил этган ҳамда вилоятда 14-ўрин қайд этилган. 

Қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларга сувни тежовчи технологиялар билан таъминланганлик даражаси ҳам қониқарсизлиги, бу соҳада туманда умуман ишлар амалга оширилмагани, вилоятда энг охирги ўриндалиги, туман яна бир қатор соҳалар бўйича вилоятда энг ёмон натижани қайд этгани айтиб ўтилди.

Ҳоким М.Ҳамдамов туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича келгусида режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берди.

«Йўл қўйган хато-камчиликларимдан ўзимга тегишли хулосалар чиқардим. Йил якунигача юқорида айтилган рақамларни сўзсиз бажарилишига ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга ва бу орқали туманимизда камбағалчиликни кескин қисқартиришга ваъда бераман. Агар тез орада вазиятни ўзгартирмасак, туман раҳбарлари бир ёқадан бош чиқариб халқимизнинг розилигига эришмасак, бу жой бизга кафолатланган эмас», дея туман ҳокимининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу ҳисобот ва ваъда тўртта сектор раҳбарининг муносабати сифатида қабул қилинди. 

1 майдан бошлаб Ўзбекистонда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини баҳолашнинг рейтинг тизими амал қилмоқда. Тизим доирасида биринчи марта иқтисодий кўрсаткичлар, бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ҳамда туман ва шаҳарлардаги ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди.

Таҳлил натижаларига кўра ҳудудлар бизнесни ривожлантириш ҳолатига қараб «яхши», «ўртача» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилди. Вазият 48та ҳудудда «яхши», 119та ҳудудда «ўртача» ва 33 туман, шаҳарда «қониқарсиз» деб топилган.

«Қониқарсиз» баҳо олган туманлар ҳокимлари ва секторлар раҳбарлари оммавий равишда узр сўраб, вазиятни тўғирлашга ваъда беришмоқда.

Мавзуга оид