Ўзбекистон | 09:18 / 07.01.2023
11529
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ташкил этилади

Жиззахда Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиали ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган вилоят болалар диагностика маркази ташкил этилади.

Самарқанд давлат тиббиёт университети

Вазирлар Маҳкамасининг шу тўғридаги қарори норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)га жорий йилнинг 21 январ санасига қадар муҳокама учун қўйилди.

Унга кўра, мазкур филиалнинг асосий вазифалари ҳудудда малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, хорижий олий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини татбиқ этиш, шунингдек, республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга иқтидорли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали филиал илмий-педагогик кадрлар салоҳиятини ошириб боришдан иборат.

Филиалда 2023/2024 ўқув йилидан таълим фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сифатли таълим бериш учун етарли шароитлар тўлиқ яратилганлиги тўғрисидаги ижобий хулосаси олиниш шарти билан бошланади.

2023/2024 ўқув йилидан Жиззах давлат педагогика университетининг “Даволаш иши” ва “Педиатрия иши” бакалавриат таълим йўналишида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жиззах филиалида давом эттиришларига рухсат берилади.

Филиалнинг янги бино ва иншоотлари қуриб битказилгунга қадар ўқув жараёнини ташкил этиш учун вақтинчалик Жиззах Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми базасида бино ажратиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид