«Барча муаммолар лоқайдликдан бошланади» – Президент маънавият масаласига жиддий қараш шартлигини таъкидлади
Президент Шавкат Мирзиёев 19 январ куни маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини янада ошириш борасида ўтказилган йиғилишда Республика маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
«Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.
Ҳозирги замонда маънавий нуқтайи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади.
Яна бир бор айтаман, дунёдаги қалтис вазият, сиёсий «ўйин»лар барчамизни сергакликка ундаши керак. Жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда, йўлимизни тўғри танлашимиз зарур.
Ҳаммангиз кўриб турибсиз, коррупция, тамагирлик, бюрократия нафақат иқтисодий, балки маънавий ҳаётда ҳам оёғимизга болта урмоқда. Бу иллатларга қарши кенг кўламли кураш бошладик. Лекин жамоатчилик назоратини кучайтирмас эканмиз, бу иллатлардан халос бўлиш қийин», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Президент йиғилганларга бир қатор саволлар билан юзланган.
«Бундай таҳдидларга қарши курашда маънавий-маърифий ишларга, таълим-тарбия соҳасига жавобгар ташкилотларимиз қандай рол ўйнамоқда? Бизда умуман маънавий тарғибот методикаси, замонавий технологиялар борми? Бу масалалар билан кимдир илмий асосда шуғулланяптими?
Бу борада ҳурматли зиёлиларимиз, домла ва ўқитувчилар, маданият ва санъат вакиллари, маҳалла, ёшлар ва бошқа жамоат ташкилотлари фаолларининг ўрни ва таъсири қандай? Маънавият ва маърифат кенгашининг ҳудудлардаги раҳбарлари бўлган ҳокимлар бу масалаларни ўйлаяптими?
Бугун ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.
Шунинг учун ҳам Республика маънавият ва маърифат маркази ишини танқидий ўрганиб чиқиб, фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарур. Шу мақсадда Марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этишни таклиф қиламан.
Республика маънавият ва маърифат кенгаши раиси президент экани белгилаб қўйилган. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилган.
Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлатимиз сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди. Бу фақатгина ҳокимларнинг эмас, балки вазирлар, компания раҳбарлари ва тадбиркорларнинг ҳам энг муҳим вазифасига айланиши керак.
Мана, соҳада кластер тизимига ўтиш, фермерлик ва кооперацияни кучайтириш асосида ҳокимларни қишлоқ хўжалиги ишларидан аста-секин озод қиляпмиз. Энди улардан маънавий ишларни ҳам қатъий талаб қилишга ҳаққимиз бор. Маънавият билан, аввало, биринчи раҳбарлар шахсан шуғулланмаса, ким жон куйдиради?
Боғимизда бир дарахтга қурт тушса ёки даламизда буғдойга занг тушса, дарров чорасини кўрамиз. Лекин маънавиятимизга «қурт тушса», нима учун эътибор қилмаймиз? Бир ҳақиқатни барча раҳбарлар билиши керак: фақат ҳисобот учун йиғилишлар вақти ўтди», деган президент.
Шунингдек, мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олийгоҳ ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.
Мавзуга оид
19:45 / 06.02.2024
Электромобил тармоғини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди
19:10 / 22.01.2024
Президентга спортдаги натижалар ва режалар бўйича ахборот берилди
19:05 / 22.01.2024
«Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» ташкил этилади
09:47 / 19.01.2024