Ўзбекистон | 08:31 / 15.01.2020
29623
12 дақиқада ўқилади

ДСҚ ва Молия вазирлиги солиқ тўловчиларнинг 4та асосий саволига жавоб қайтарди

Фото: KUN.UZ

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 2020 йил 1 январдан бошлаб янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан ўтказилган семинарларда солиқ тўловчилардан келиб тушган саволларни умумлаштириб, жавобларни маълум қилди.

I. Айланмадан олинадиган солиқ ёки қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ва фойда солиғини тўлашга ўтиш бўйича.

1. 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган ягона солиқ тўлови ва ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчилари 2020 йил 1 январдан бошлаб:

а) айланмадан олинадиган солиқни тўлаш;

б) айланмадан олинадиган солиқдан воз кечиш ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтиш ва ҚҚСни тўлашни давом этиш ҳуқуқига эга.

2020 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан воз кечиш ва фойда солиғи ҳамда ҚҚСни тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчи бу ҳақда 2020 йилнинг 1 февралига қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарнома тақдим этиши шарт.

Солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда хабарнома тақдим этилмаганлиги унинг айланмадан олинадиган солиқни тўлашга розилигини билдиради ҳамда у 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчилари реестридан чиқарилади. Бунда, солиқ даври бир ой қилиб белгиланганлигидан келиб чиқиб, 2020 йил январь ойида харидорларга тақдим этилган барча ҳисобварақ-фактуралар ўрнига тузатиш киритилган (“ҚҚСсиз”) ҳисобварақ-фактураларни тақдим этиш ва товарлар (хизматлар)ни олувчиларга кейинчалик улар томонидан ҳисобга олинган суммаларга тузатиш киритиш учун етказиш лозим. Бу ҳолатда молиявий санкциялар қўлланилмайди.

2019 йилда ягона солиқ тўлови ва ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчилари 2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни қўллашдан воз кечганда, улар ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги кодни сақлаб қолади.

2. 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган ягона солиқ тўлови тўловчилари 2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашни танласа, бу ҳақда солиқ органларига хабарнома тақдим этмайдилар.

3. 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган 2019 йил 1 январдан ёки ундан олдин ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчилар, 2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтганда, бу ҳақда 2020 йилнинг 1 февралига қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарнома тақдим этадилар.

Бунда, 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган 2019 йилда ягона солиқ тўловини тўлашдан воз кечган солиқ тўловчилар, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга 2021 йил 1 январдан бошлаб ўтишга ҳақли.

Бунинг учун 2020 йилнинг 20 декабрига қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарномани, тақдим этиш шарт.

4. 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган, 2019 йилда товарлар импортини амалга оширганлиги муносабати билан ҚҚСни тўлашга ўтган юридик шахслар, 2020 йил 1 январдан бошлаб агар уларда 2020 йилда товарларни етказиб бериш ва (ёки) олиб кириш бўйича импорт контракти мавжуд бўлмаса, айланмадан олинадиган солиқни тўлашга ўтиш ёки ҚҚС ва фойда солиғини тўлашни танлаш ҳуқуқига эга.

2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан воз кечиш ҳамда ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчилар бу ҳақда 2020 йилнинг 1 февралига қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарнома тақдим этишлари шарт.

Солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда хабарнома тақдим этилмаганлиги, унинг айланмадан олинадиган солиқни тўлашга розилигини билдиради.

Худди шундай тартибда, солиқларни соддалаштирилган тизим бўйича тўлаш билан бир вақтда ҚҚСни тўловчи якка тартибдаги тадбиркорлар, агар уларда 2020 йилда товарларни етказиб бериш ва (ёки) товарларни олиб кириш бўйича импорт контракти мавжуд бўлмаса ҳамда 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмдан ошмаган бўлса, ҚҚСни тўлашдан воз кечиш ҳуқуқига эга.

II. Қўшилган қиймат солиғи бўйича.

1. Транспорт воситалари бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш.

2019 йилда ёки ундан олдин ҚҚСни тўлашга ўтган, 2019 йилда сотиб олган транспорт воситалари, шу жумладан амалга ошираётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган транспорт воситалари бўйича ҚҚС суммасини қисман (тенг равишда 12 ойга тақсимланган ҳолда) ҳисобга олган солиқ тўловчилар, ҚҚС суммасининг қолган қисмини 2020 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Бунда, 2020 йил 1 январдан кейин айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчилар, амалга ошираётган фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган сотиб олинган транспорт воситалари бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олмайдилар.

III. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича.

1. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 412-моддасига мувофиқ, тўлиқ амортизация қилинган бинолар бўйича солиқ базаси бўлиб уларнинг уч йилда камида бир марта аниқланадиган қайта баҳоланган (бозор) қиймати ҳисобланади.

2020 йил 10 январга қадар солиқ тўловчилар барча солиқ солиш объектлари, шу жумладан тўлиқ амортизация қилинган бинолар бўйича жорий солиқ даври учун мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотномани тўлдирадилар.

Тўлиқ амортизация қилинган биноларнинг қийматини қуйидаги усуллардан бири орқали аниқлаш мумкин:

солиқ тўловчидаги мавжуд баҳолаш ташкилотларининг маълумотларига кўра (масалан, корхона кредит олди ва унда баҳолаш қиймати мавжуд);

мустақил равишда, ўхшаш объектларнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда – кўчмас мулк сайтлари, оммавий ахборот воситалари, кўчмас мулк биржалари ва бошқа маълумотлар асосида.

Мустақил равишда баҳоланган объектнинг қиймати бозор қийматига нисбатан кам ёки юқори бўлиши мумкин. Шу муносабат билан, солиқ тўловчи баҳолаш ташкилотлари хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Агар баҳолаш фаолиятини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган ташкилот томонидан амалга оширилган баҳолаш қиймати солиқ тўловчининг ҳисоботидаги қийматдан фарқ қилса, солиқ тўловчи 2020 йил учун аниқлаштирилган солиқ суммаси тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишга ҳақлидир. Тақдим қилинган ҳисоботга нисбатан бозор қиймати камайса, солиқ камайиш томонга қайта ҳисобланиши мумкин. Бозор қиймати ошганда – солиқ ошади, бунда жорий йилнинг 1 апрелга қадар аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этилиб, бўнак тўлови қўшимча тўланса, пеня ҳисобланмайди.

2020 йил мобайнида мўлжалланаётган солиқ базаси ўзгарган тақдирда (яъни, янги солиқ солиш объектлари, шу жумладан тўлиқ амортизация қилинган бинолар пайдо бўлганда), солиқ тўловчи солиқ суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этишга ҳақли. Бунда, солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловларига солиқнинг ўзгариш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистрал қувурлар, алоқа ва электр узатиш линияларига, шунингдек, ушбу объектларнинг ажралмас технологик қисми бўлган иншоотлар ва ушбу объектлар эгаллаган ерларга (ва Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 415-моддаси тўртинчи қисми ва 429-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган бошқа объектларга) мол-мулк солиғи (0,2 фоиз ставкада) ва ер солиғи (солиқ ставкалари 0,1 коэффициентида қўлланилган ҳолда ҳисобланади) солиниши белгиланган.

Ушбу норма Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-599-сонли Қонунининг 4-моддасига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб кучга киради.

Жорий солиқ даври учун мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотнома ва (ёки) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини юқорида кўрсатилган объектларни акс эттирмаган ҳолда, жорий йил 10 январгача тақдим этган солиқ тўловчилар мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотномани ва (ёки) ер солиғи тўғрисидаги аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини пеня ҳисобламаган ҳолда 2020 йил 10 апрелгача тақдим этишга ҳақлидир. Бунда, солиқ даврининг қолган қисми учун мол-мулк солиғи бўйича бўнак тўловлари ва ер солиғи суммасига ҳар бир солиқ бўйича ўзгартириш суммаси миқдорида тузатиш киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 82-моддасига асосан йирик солиқ тўловчилар жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади. Бунда, йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирмайдиган солиқ тўловчилар қуйидагиларни тақдим этадилар:

мол-мулк солиғи бўйича солиқ ҳисоботини солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига йилда бир марта, йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда. Агар кўчмас мулк (умумий фойдаланишдаги темир йўллар, магистрал қувурлар, алоқа линиялари ва электр узатиш линиялари бундан мустасно) солиқ тўловчининг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида жойлашмаган бўлса, солиқ ҳисоботи кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органларига тақдим этилади (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 417-моддаси);

ер солиғи бўйича солиқ ҳисоботини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 431-моддаси):

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича – жорий солиқ даврининг 10 январигача;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича – жорий солиқ даврининг 1 майигача.

IV. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини умумбелгиланган солиқларни ёки айланмадан олинадиган солиқларни тўлашга ўтказиш бўйича.

2020 йил 1 январдан бошлаб ягона ер солиғи бекор қилинди, шу муносабат билан, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари умумбелгиланган солиқларни ёки айланмадан олинадиган солиқни (агар 2019 йил якуни бўйича жами даромади 1 млрд. сўмдан ва суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони 50 гектардан кам бўлса) тўлашга ўтказилади.

2019 йилда ягона ер солиғи ва жами даромади 1 млрд. сўмдан ошганлиги ёки суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 50 гектардан кўп бўлганлиги ёхуд пахта хом-ашёси етиштирганлиги муносабати билан ҚҚС тўловчиси бўлган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҚҚС, фойда солиғи ва юридик шахслар учун назарда тутилган бошқа солиқларни тўлайдилар.

Шу билан бирга, ягона ер солиғи тўловчилари бўлган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, шу жумладан ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтганлар, агар уларда 2019 йил якуни билан жами даромадлари 1 млрд. сўмлик чегаравий миқдордан ёки суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари майдони 50 гектардан ошмаган бўлса, 2020 йил 1 январдан айланмадан олинадиган солиқни ёки ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтишга ҳақли.

ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтиш учун солиқ тўловчи бу ҳақда 2020 йил 1 февралга қадар солиқ ҳисобида турган жойдаги солиқ органига, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган шаклда хабарнома тақдим этиши лозим.

Солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда хабарнома тақдим этилмаганлиги унинг айланмадан олинадиган солиқни тўлашга розилигини билдиради.

Мавзуга оид