Жаҳон | 22:01 / 19.12.2016
28608
2 дақиқада ўқилади

Россия элчиси шифохонада жон берди

Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карлов ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар туфайли шифохонада жон таслим қилди. Бу маълумот Туркиядаги NTV телеканали орқали тарқатилди.

Ҳозирча Россия томони бу маълумотни тасдиқламади.

Қуролланган шахс Анқарада ташкил этилган "Россия турклар нигоҳида" номли фотокўргазма ўтаётган галерея очилиши вақтида ҳужум уюштирган. У кўргазма қўриқчиларидан бири бўлгани айтилмоқда.

Карлов ўз нутқини тугатиши биланоқ қотил унга ортдан туриб ўқ узган.

Бу суиқасд вақтида яна бир дипломатик ходим жиддий жароҳат олиб, оғир аҳволда шифохонага етказилган. Кейинроқ унинг ҳам жон бергани маълум бўлди.

Hurriyet нашри воқеа жойидан суратларни намойиш қилган.

Суратлардан бирида қотилнинг юзи аниқ кўринади.

Жиноятчи элчини ва элчихона ходимини отганидан кейин осмонга ўқ узиб, ҳаммадан бинони тарк этишни сўраган. Ҳужум вақтида яна 3 киши жароҳатланган. Қотил сохта полиция жетонига эга бўлган.

Мавзуга оид