Жаҳон | 16:14 / 24.07.2020
19591
6 дақиқада ўқилади

Аё София жума намозига қандай тайёрланди? Мозаикалар масаласи қандай ҳал қилинди?

UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Аё София бугун жума намозида мусулмонлар учун ибодати учун очилди.

916 йил давомида черков, 481 йил давомида масжид ва 80 йилдан ортиқ вақт давомида музей сифатида фойдаланилган Аё Софиянинг қайтадан мусулмонлар ибодати учун очилишига икки ҳафтадан буён тайёргарлик ишлари олиб борилди. Чипта кассасини олиб ташлаш, тарихий мозаика ва суратлар устини ёпиш ҳамда полларга гилам тўшаш шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, ушбу тайёргарлик доирасидаги ишлар, айниқса, мозаикалар масаласи жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиб келаётганди. Чунки Ислом динида сурат ва ҳайкаллар ибодат жойларига «фаришталарнинг кириши»га тўсқинлик қилади, деб билинади.

Мозаикалар намоз пайтида парда тизими билан ёпилиши маълум қилинди. Очилиш маросимидагина шундай йўл тутиладими ёки доимий шундай бўладими, ҳозирча номаълум. Мозаикалар намоздан ташқари вақтларда ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлиши кутилмоқда.

Аё София обидаси ичида христианлик эътиқодига кўра муқаддас саналган сиймолар ва Византия императорлари тасвирланган кўплаб мозаикалар мавжуд. Ушбу мозаикалар IХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб яратилгани тахмин қилинади.

Аё Софиядаги мозаикалар ва уларнинг тарихий аҳамияти ҳақида Нишонтоши университети ўқитувчиси ва Истанбул гидлар палатаси аъзоси доктор Седат Борновали BBC нашрига ўз фикрларини баён этди.

Аё Софиядаги мозаикалар қачон яратилган?

«Тарихнинг энг узун шеъри – Аё София» деб номланган китоб муаллифи Бирновали VI асрда қурилган Аё Софияда олтин билан қопланган мозаикалар мавжудлиги ва 16 минг квадрат метр майдон юзаси мозаикалар билан безатилганини айтди.

«Илк мозаикалар фигурали бўлмаган. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам 726 ва 843 йиллар орасида «иконокласт даври» номи билан танилган бу даврда улар йўқ қилинган бўлса керак. Шу боис, бугун томоша қилинаётган ва христианликда муқаддас саналган сиймолар акс этган мозаикаларнинг дастлабкиси 867 йилда яратилган, деган фикр мавжуд», дейди у.

Борновали 1453 йилда Истанбул фатҳ этилгандан сўнг бино масжидга айлантирилган, аммо мозаикалар учун ҳеч қандай қоплама ишлатилмаганини таъкидлади.

XVIII асрда реставрация ишлари олиб борилган пайтда ушбу мозаикалар мавжуд бўлмаган. Борновали бунинг эҳтимолий сабаблари ҳақида ҳам гапирди.

«Бунинг сабаби шундаки, мозаикалар табиатан чидамли материаллар эмас. Улар гипс қатламига ёпиштирилади, гипс эса зилзила пайтида тўкилиб тушиб, ер билан битта бўлади. Демак, мозаикаларнинг бир қисми тўкилиб тушган», дейди у.

Борновалининг таъкидлашича, Усмонлилар империяси даврида бинони таъмирлаш пайтида деворлар гипс қилинган ва путур етган мозаикалар ёпиб ташланган.

1847 йил Султон Абдулмажид буйруғи билан ака-ука Гаспаре ва Жузеппе Фоссати раҳбарлиги остида мозаикалар қайтадан ишланган. Бироқ уларнинг усти яна ёпилган.

1931-1949 йилларда амалга оширилган таъмирлаш ишлари натижасида машҳур мозаикаларнинг юзаси яна қайта очилган.

Аё Софиядаги асосий мозаикалар қайсилар?

Борновали Ая Софиядаги баъзи муҳим мозаикаларни қуйидагича изоҳлади:

Биби Марям ва чақалоқ Исо: Ая Софиядаги энг марказий мозаика. У Апсис (черковларда шарқни кўрсатадиган қисм) деб номланган қисм таркибидан ўрин эгаллаган. Ушбу мозаика 867 йилда иконокласт даври тугаши билан яратилган. Уни қуришда ноқулай юза туфайли техник қийинчиликларга дуч келинган бўлиши мумкин.

Диесис: Хайр-эҳсон маъносини англатади, аммо туркий тиллардаги «шафоат» сўзига тўғри келади. Византия санъатининг энг олий намунаси. Ўртада ҳазрати Исо, икки ёнда эса Биби Марям ва Ҳазрати Яҳё.

Император мозаикаси: Бу Византия императорлиги тарихи, хусусан, ўша давр кийинишга оид масалаларни тадқиқ қилиш учун муҳим аҳамият касб этувчи ҳужжат. Мозаика тасвирида Византия императори Леон VI тахтда ўтирган Исога сажда қилмоқда. Яна бир тасвирда эса ҳазрати Исо Биби Марямнинг бағрида тасвирланган. Чап қўлида Аё София моделини кўрсатаётган император Юстиниан, ўнг томонда эса Истанбулнинг макетини ушлаб турган император Константин I.

Серафим фаришталари: Улар Аё София қуббасини қўллаб-қувватловчи ва тўрт камар устида туришини таъминловчи учбурчакка яқин эгри текисликлардан жой олишган. Ер ва осмон бирлашган жойда самовий, аммо муқаддас саналмаган фаришталар тасвирланган. Ҳар бир фариштада олтита қанот бор ва пастдан қаралса, гавдаларига нисбатан юзлари бир мунча кичик кўринади. Ушбу тўрт фариштанинг иккитаси тўкилиб тушган, қолган иккитаси эса асл нусха. Бирининг юзи 2010 йилда очилган.

Борновали Аё София Истанбул фатҳ қилиниши ортидан масжидга айлантирилгач, саккизта ҳаттотлик плакаси қўшилганини билдирди. XVII асрнинг лавҳалари мавжуд. Уларнинг энг диққатга сазоворларида эса Аллоҳнинг, Муҳаммад (с.а.в), унинг набиралари Ҳасан ва Ҳусайн ва тўрт халифанинг исмлари бор.

Пол юзасини қоплаш бўйича нима ишлар қилинди?

Борновалининг айтишича, Усмонлилар даврида Аё Софияга ибодат пайтида битта гилам эмас, бир нечта қўлда тўқилган гиламлар тўшалган.

Туркиянинг Аё Софияни масжидга айлантириш тўғрисидаги сўнгги қароридан сўнг полни гилам билан безаш ишлари олиб борилди.

Шарқий Рим империяси даврида императорларнинг тож кийиш маросимидаги тахминан минг йиллик «ompalion» тўшама мозаикасининг усти эса гилам билан қопланди.

Тўшама мозаикага зарар етмаслиги учун гиламнинг остига икки қаватли кигиз қўйилди.

Янгиликларга кўра, гилам 100 фоиз жундан тайёрланган бўлиб, унинг бир квадрат метри 5 килограммга тенг. Гиламнинг нақш ва ранги президент Ражаб Тоййиб Эрдўған кўрсатмаси билан танланган. Шунингдек, у антибактериал хусусиятга эга. Гиламнинг туклари буғ тизими ёрдамида қибла томонга қараб йўналтирилган.

Мавзуга оид