«Энг яхши хизмат – уни олганингизни билмай қоладиган хизматдир». ДХМлардаги хизмат турлари 500 га яқинлашади. Бунинг қандай оқибатлари бор?
Ҳозирда Давлат хизматлари марказлари кунига ўртача 70 минг кишига хизмат кўрсатмоқда. Келаси йил охиригача тақдим қилинаётган давлат хизматлари сони 310 дан 450 га етказилади. Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Kun.uz'га тақдим қилган мақоласида хизматлар сонининг ошиши фонида – кутиш вақти ва ходимлар иш юкламаси ортиши каби қатор рискларни ҳисобга олиш, фойдаланувчилар учун максимал қулайликларни сақлаб қолишга қаратилган ишлар ҳақида гапириб берди.
Маълум бўлишича, ўтган 5 йил давомида давлат хизматлари соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 20 га яқин президент ҳужжатлари ва 170 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинган ва бу тизимда катта ўсишга олиб келган.
“Натижада давлат хизматлари кўрсатиш тизими модернизация қилинган: 2018 йил Давлат хизматлари марказлари фаолият бошлаган пайтда дастлаб 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирда 310 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
2018 йилда кунига ўртача 15-17 минг фуқаро Давлат хизматлари марказларида хизматлардан фойдаланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 70-75 мингни ташкил этмоқда. Айрим хизматлар натижаларини олиш учун келган фуқаролар билан қўшиб ҳисоблаганда ташриф буюрувчилар сони 100-115 мингни ташкил этади.
Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳозирга қадар 52 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Энг эътиборлиси, Давлат хизматлари марказларида иш ҳажми қарийб 4 бараварга кўпайган бўлса-да, ходимлар сони кўпайтирилмади”, — дейди Мелиев.
Бундан ташқари тезкорликни ошириш мақсадида, хизматлар “осон”, “ўрта” ва “мураккаб” тоифаларга ажратилгани навбатда туриш вақтини сезиларли даражада қисқартирди. Ушбу тартиб Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида жорий этилган. Фуқаролар рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, давлат хизматларидан экстерриториал тамойил бўйича фойдаланиш имкониятининг яратилгани ҳам фойдаланувчилар сонини ошишига ва қулайликка олиб келди.
«Европа Иттифоқи ҳамда БМТнинг Тараққиёт дастури лойиҳаси доирасида ДХМга ташриф буюрувчилар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижасига кўра, фуқароларнинг 90 фоизи кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилиб, марказ ходимлари фаолиятини аъло баҳолаган».
Вазир ўринбосари фуқаролар ДХМ фаолиятидан қониқиш даражаси юқорилиги ўзларига билдирилаётган ишонч ва масъулият деб баҳолаган. Маълум бўлишича, йил охиригача кўрсатиладиган хизматлар турлари камида 350 тага, келгуси йил охирига қадар 450 тага етказишга ҳаракат қилинмоқда.
Кўрсатилаётган хизматлар сонининг ошиши бир қатор рисклар, хусусан, мурожаатчилар кўпайиши ҳамда хизматдан фойдаланишда кутиш вақтининг ортиб боришига сабаб бўлади. Шунингдек, ўз навбатида марказ ходимларининг иш юкламаси янада ортишига олиб келади. Мелиевга кўра, бунда фойдаланувчилар учун максимал қулайликлар яратиш учун қуйидаги устувор йўналишларда фаолият кучайтирилмоқда:
“Биринчидан, давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини бизнес жараёнларини реинжиниринг қилиш (BPR) усулларини қўллаган ҳолда мақбуллаштириш. Мисол учун, фуқароларнинг никоҳи ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги маълумотномани олиш учун Давлат хизматлари марказлари ходими дастурда сўровнома яратиш учун 11 та майдончани тўлдириб, бунга 3 дақиқа вақт сарфлаган бўлса, BPR натижасида бунга 30 сония вақт сарфланишига эришилди.
Иккинчидан, фуқароларнинг хизматлардан онлайн фойдаланиш кўникмаларини оширишга қаратилган тушунтириш ва амалий чораларни кучайтириш. Бу йўналишда Рақамли технологиялар вазирлиги билан алоҳида дастур ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этишни, режалаштиряпмиз. (ДХМ тақдим қилаётган барча 310 дан ортиқ давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш мумкин, фақат ID карта олиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, юридик шахсларни қайта ташкил этиш хизматлари мустасно).
Учинчидан, айрим кўрсатилиши осон бўлган давлат хизматларининг Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши билан бир қаторда хусусий сектор томонидан ҳам кўрсатилишини ташкил қилиш.
Тўртинчидан, 2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланишда шахсни идентификация қилишнинг «Мобил-ID» тизими жорий этилди. Тизимдан бугунга келиб, 1,1 миллион ортиқ фуқаролар фойдаланмоқда. Face ID, Finger Print каби идентификация қилишнинг муқобил усулларини жорий этиш устида фаол иш олиб боряпмиз.
Давлат хизматларидан фойдаланишда аризачига хизматнинг натижаси ҳақида хабар юбориш тартиби йўлга қўйилди, бу билан фуқароларнинг ДХМга такроран боришининг олди олинди.
Бешинчидан, проактив ва композит хизматлар турларини кўпайтириш. Проактив давлат хизматлари бу — давлат ташкилотларининг ўз ташаббуси билан фуқароларга муайян вазиятда ёки муайян факт вужудга келганда фуқароларнинг мурожаатисиз давлат хизматини кўрсатиш ҳисобланади.
Эстониялик мутахассис Мартен Кайватснинг “Энг яхши хизмат бу — ҳатто уни олганингизни билмай қоладиган хизматдир” деган фикрига қўшиламиз.
Фуқароларнинг ортиқча овора бўлмаслиги ҳамда идорама-идора сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик мақсадида хизматларни “композит шаклда” кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу битта сўров асосида ўзаро боғлиқ давлат хизматларини композит шаклда, яъни бир пайтда тақдим этишдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирда биз давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ўз имкониятларимиз, истиқболларимизни мунтазам баҳолаб борган ҳолда глобал рақобатга киришмоқдамиз. Хусусан, 2030 йилга келиб давлат хизматларини кўрсатишда илғор 20 та давлат қаторига қўшилиш ҳаракатидамиз”, — дейди адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев.
Мавзуга оид
09:43 / 24.07.2024
Корпоратив муносабатларнинг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилмоқда
18:02 / 11.07.2024
Ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари учун манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш кўникмаларини оширишга қаратилган семинар ўтказилди
11:40 / 02.07.2024
Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн расмийлаштириш имконияти яратилди
12:46 / 01.05.2024