Ўзбекистон | 12:53 / 22.07.2020
18048
9 дақиқада ўқилади

Пандемия шароитида ишсизлик ва камбағалликка қарши қандай курашилмоқда? Тошкент вилояти ҳокими билан суҳбат

Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўзга ташланиб қолди. Қолаверса, карантин чоралари камбағал қатламнинг молиявий имкониятларини янада пасайтириб юборди. Хўш, вилоятлар кесимида пандемия боис юзага чиққан бу каби муаммолар қандай бартараф этилмоқда?

Коронавирус пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар кўзга ташланиб қолди. Қолаверса, карантин чоралари камбағал қатламнинг молиявий имкониятларини янада пасайтириб юборди. Хўш, вилоятлар кесимида пандемия боис юзага чиққан бу каби муаммолар қандай бартараф этилмоқда?

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга шу ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.

– Тошкент вилоятида йирик тиббиёт муассасалари камлиги боис вилоятликлар Тошкент шаҳридаги шифохоналарга мурожаат қилиб келади. Бу масала ўтган даврлар мобайнида ҳал этилмагани пандемия вақтида ўзининг салбий томонини намоён қилди десак, хато қилмаймиз. Тошкент вилоятида йирик тиббиёт муассасалари етишмаслиги билан боғлиқ муаммога пандемия шароитида қандай ечим топиляпти?

– Бугун раҳбарларнинг биринчи галдаги вазифаси коронавирус таъсирини иложи борича камайтиришдир. Тошкент вилояти 22 тумандан иборат, 3 миллиондан ортиқ аҳолиси бор. Асосан Тошкент шаҳри атрофини эгаллаган. Қолаверса, Қозоғистон билан чегарадош. Қозоғистон, Тожикистондан Ўзбекистонга кирувчи чегаралар вилоятимиз ҳудудидан ўтган. Вилоятда махсус кенгайтирилган штаб тузилган. Унда малакали мутахассислардан иборат гуруҳ ишлаяпти.

Илгари Тошкент вилоятининг маркази Тошкент шаҳри бўлган. Ушбу марказ жойи ўзгартирилди. Бу эса вилоят аҳолисининг муаммоларини ечишга катта ёрдам берди. Тасаввур қилинг: вилоят маркази Тошкент шаҳрида бўлса, барча маъмурий ташкилотлар жойлашса, бугунги аҳвол қандай бўларди? Вилоят касалхоналари ҳам шаҳарда жойлашган эди.

Президент ўтган йили Тошкент вилоятига ташрифи якунида вилоят соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш бўйича топшириқ берди. Бунинг учун 398 млрд сўм маблағ ажратилди. Барча туман тиббиёт бирлашмалари имкониятлари мутахассислар томонидан кўриб чиқилди. Тошкент тумани марказидаги шифохона шароитлари жуда хароб эди. 32 млрд сўмга реконструкция қилинди. Жиҳозланиши эса «Саломатлик» дастури орқали амалга оширилади.

Янгийўл туманининг шифохонаси бўлмаган. Туманнинг Халқобод шаҳарчасида 30 млрд сўмга янги шифохона қурилди, яқинда ишга тушади. Янгийўл шаҳрида эса 14 млрд сўм маблағга юқумли касалликлар шифохонаси қуриляпти. Чиноз туманида 28 млрд сўмга замонавий шифохона бунёд этилди. Оққўрғон, Бўка туманларида янги имкониятларга эга поликлиника қурилди. Ўтган йили соҳага салкам 400 млрд сўм ажратилгани бугун ўз самарасини беряпти.

Олдинги йилларда тиббиётга ажратилган маблағларнинг нотўғри тақсимланиши тиббиётнинг оқсашига сабаб бўлди. Ҳозир вазият ўзгарди: шифохоналар имкониятлари кўриб чиқиляпти, зарур жиҳозлар билан таъминланяпти, тез тиббий ёрдам машиналари етарли қилиб қўйилди.

– Пандемия республика тиббиётининг ҳақиқий аҳволини кўрсатиб қўйди, назаримизда. Тан олиш керак, нафақат Тошкент вилояти, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудида тез тиббий ёрдам автомобилларининг танқислиги билинди. Шунинг учун бу борада вилоятда қандай ишлар қилинмоқда? Вилоятга нечта тез тиббий ёрдам автомобили керак? Қанчаси харид қилинди? Қанчасига буюртма берилди?

– Фикримча, тиббиётдаги энг асосий бўғин тез тиббий ёрдам ҳисобланади. Шунинг учун тез тиббий ёрдам шохобчалари, ходимларга яратилган шарт-шароитлар, тез тиббий ёрдам машиналари техник ҳолати, жиҳозланишини атрофлича ўрганиб чиқдик. Жами 237та тез тиббий ёрдам бригадалари бор. Янгидан 20та тез тиббий ёрдам машинаси келди. Улар маҳаллий бюджетлар ҳисобидан харид қилинди. Туманлар ўз бюджетдан 1-2та тез тиббий ёрдам машинасини харид қилиб бўлди.

Тез тиббий ёрдам соҳасини тартибга келтирмасдан туриб фуқаролар саломатлигини таъминлаш қийин.

– Вилоятда тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж қандай?

– Албатта, эҳтиёж бор. Бугун 4885дан ортиқ олий маълумотли, 48 мингга яқин кичик тиббий ходимлар бор. Бир қарашда етарлидек туюлади. Лекин марказдан олис бўлган Бекобод, Бўка туманларида вакант ўринлар бор. Бу бўйича ҳам топшириқ берилган. Масалани ҳал қилишни ўрганиб чиқяпмиз.

– Тиббиёт академиясини битирган кадр Чирчиқдан бўлса, Бекободга бориб ишлаши учун унга шароит қилиб берилиши керак-да. Шу жиҳатлари ҳам ўйланяптими?

– Яқин 3 йилда ҳокимлар, прокурорларга давлат балансида турадиган уйлар берилди. Профилактика нозирлари яшаш ҳудудида уйлар билан таъминланди. Энди шифокорларга ҳам уй-жой қуриб берилиши керак. Уй-жой билан таъминламасак, Бекободга бормайди. Бу масалани кўриб чиқяпмиз. Туманда қурилаётган уйлардан тиббиёт ходимларига берилади. Бусиз муаммони ҳал қилолмаймиз.

– Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига тўхталайлик. Қанча камбағал оила бор? Уларга молиявий кўмак бериш масаласи қандай ҳал қилиняпти?

– Авваллари бу сўз расмий доираларда ишлатилмасди. Президентнинг шахсий ташаббуси билан жойларда камбағалликни тугатиш учун саъй-ҳаракатлар бошланди. Президент топшириғига асосан маҳаллабай, тумандаги секторбай, шаҳарбай ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир хонадон яшаш шароити ўрганиб чиқиляпти. Ўзим ҳам кўплаб хонадонларга кириб чиқдим. Халқ тилида «темир дафтар»га қайд қилиб, электрон база яратилди. Шунинг натижасида 30 мингдан ортиқ оила камбағаллиги аниқланди.

Вилоятда 1044та маҳалла бўлса, ҳар бир маҳалла бўйича камбағаллар рўйхати бор. Улар бўйича тизимли ишлар олиб боряпмиз. Моддий ёрдам масаласи ҳақида айтсам. Тадбиркорлар кўрсатган моддий ёрдами туфайли 48 млрд сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти муҳтожларга тарқатилди. Бу ишлар давом эттириляпти. Аҳоли бандлиги масаласи 3та йўналишда олиб борилади.

Биринчидан, ёшлар бандлигини таъминлаш. Кўп ёшлар хорижга ишлашга кетяпти. Маълум сабабларга кўра, кета олмаганлари вақтинчалик даромадсиз қолди. Уларни банд қилиш устида иш олиб борилмоқда. Иккинчидан, олий ёки ўрта-махсус таълим муассасаларига ҳамма ёшлар ҳам киролмайди. Уларнинг бандлигини таъминлаш учун кредитлар ажратиш, тадбиркорлик қилиши учун шароитлар яратишдир.

Учинчидан, хотин-қизлар бандлигига ҳам эътибор беряпмиз. Вилоятда 31та тўқимачилик корхонаси ташкил қилинди. Вилоят аёллари Тошкент шаҳрига боришарди. Ўзини-ўзи банд қилиш, енгил саноат, ердан фойдаланиш йўналишларида уларнинг бандлигига шароит яратиб беришни мақсад қилганмиз.

«Саховат ва кўмак» хайрия жамғармаси ҳисобига вилоят тадбиркорлари томонидан 10 млрд сўм маблағ келиб тушди. 7 млрд сўми ҳали ишлатилмади, шу билан бирга, аҳолининг камбағал қатламига қорамол, паррандалар етказиб берилиб, камбағалликдан чиқишга ёрдам берилди.

Президент ташаббуси билан камбағалликни камайтириш бўйича тизимли ишлар қилиняпти. Афсуски, биз камбағални кўриб, унга ёрдам бермадик, ногиронлар аҳволини кўриб, аравача олиб бермадик. Мана бугун ҳаммасини бир четдан ҳал қиляпмиз.

Вилоятда тадбиркорларга етарли шароитлар яратилди, текширувларга мораторий қўйилди, имтиёзли кредитлар ажратилди. Шу сабабли инвестиция, экспорт борасида пандемия шароитига қарамасдан яхши натижаларни қўлга киритяпмиз. Кичик тадбиркорлик субъектлари ярим йилда 1676тага кўпайди. Бу 5тадан деганда 8 минг, 10тадан деганда 16 минг иш ўрни деганидир. Замонавий, экспортбоп маҳсулот чиқарадиган заводлар шунақа вазиятда ишга тушиши қувонарли ҳолдир.

– Вилоятда иқтисодий аҳвол қандай? Пандемия туфайли вилоят иқтисодиёти қанча зарар кўради? Ўсиши қандай бўлади? Ҳисоб-китоб қилиндими?

– Иқтисодиётда муаммолар бўлиши аниқ. Тайёр маҳсулотлар бор, лекин бозор ёпиқлиги учун олди-сотди, ўзаро мулоқот йўқ. Яқинда Хитой металл корхонаси очилди, 65 млн доллар инвестиция киритилган корхона. У ерда чиққан металл маҳсулотларининг А-500 сифат ёрлиғи бор. Бу ноёб технологияни импорт қилмасдан ўзимизда ишлаб чиқаришга эришяпмиз.

Умуман олганда, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ёмон эмас. Маҳаллий бюджетда 70 млрд сўм атрофидаги маблағ кам-кўстларни бартараф этиш учун қолди. Илгари ишлаган вақтимда ҳокимият бюджетида йил бўйи пул бўлмасди. Масалан, шифохонада канализация йўқ. Буни биламан, лекин ижобий тарафга ўзгартиролмайман масалани, чунки маблағ бўлмасди. Бугун эса вазият бошқача.

– Ҳоким Рустам Холматов танқидга қандай қарайди?

– Биз маълум даврда туғилдик, яшадик. Тоталитар тузумда, танқид бўлмаган даврда кўпчилик шаклланди. Қолаверса, ундай кейинги жамиятда эркин фикр билдириш, танқид қилиш энг қуйи даражаларда бўлиб турди.

Агар танқид адолатли бўлса, сизнинг ишингизга ижобий таъсир ўтказадиган бўлса, уни қабул қилиш, ҳал қилиш керак. Қайси тумандаги бирор муаммо бўлса, уни тезлик билан ҳал қилишга ҳаракат қиламан, масъулларга жойига бориб ўрганиши учун топшириқ бераман.

Танқид – келажак меваси. Танқид бўлмаса, бир жойда тўхтаб қолиш мумкин. Шунинг учун бунга ижобий қарайман.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди.
Оператор Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид