Жамият | 09:44 / 26.06.2020
12682
8 дақиқада ўқилади

«Бир йилдан бери сарсонмиз» — Зангиотада 10 нафар тадбиркор икки ҳокимлик ўртасида «копток» қилинмоқда

Зангиота туманидаги Эшонгузар қўрғонида истироҳат боғи қурилмоқда. Маълум бўлишича, боғ қурилаётган ерда тадбиркорнинг нотурар жой бинолари бўлган, бу мулклар компенсация масаласи тўлиқ ҳал қилинмасдан бузиб ташланган. Компенсация ўрнига берилган ерга эса эгалик қила олишмаяпти.

Зангиоталик тадбиркорларнинг мурожаатини ўрганиш мақсадида туманнинг Ойбек маҳалласи A.Набиев кўчасида қурилаётган истироҳат боғида бўлдик.

Маълум бўлишича, боғ жойлашган ерда 9 нафар тадбиркорга тегишли нотурар-жой бинолари: иссиқхона ва ишлаб чиқариш цехлари бўлган. 2019 йил йил Эшонгузар қўрғони бош режасига асосан мазкур ҳудудда истироҳат боғи қурилиши учун тадбиркорларга тегишли мулклар Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарорига зид равишда бузиб ташланган.

«Шу ерда иш фаолиятимизни юрғизар эдик. Бир йил олдин келишиб, биноларимизни бузиб ташлашди. Компенсация пулини ҳам беришмади. Вақт ҳам беришмади. Электр симларини узиб, иш фаолиятимизни тўхтатиб, бизни рози қилмасдан бузиб ташлашди.

Компенсация ўрнига берилган ерга туман ҳокимининг қарори чиққан. Лекин Тошкент вилоят ҳокимлиги 1 йилдан бери тасдиқлаб бермаяпти. 1 йилдан бери ҳеч қандай иш қила олмаяпмиз. Берган ерини ҳам ишлата олмаяпмиз, 4,5 миллиард сўм компенсация пулини ҳам тўлаб беришмаяпти.

Компенсация ўрнига берган ерга бир йилдан бери солиқ ҳам тўлаяпмиз, лекин фойдалана олмаяпмиз. Кўп жойларга мурожаат қилдик. Aфсуски, натижа йўқ. Бизга вилоят ҳокимлиги еримизни тасдиқлаб беришса, иш фаолиятимизни бошлар эдик», – дейди тадбиркорлардан бири Икром Исроилов.

Қолган тадбиркорларда ҳам худди шундай ҳолат. Белгиланган тартибга зид равишда мулклари бузиб ташланган.

Aжабланарлиси шундаки, 9 нафар тадбиркорга олиб қўйилган ерлари ўрнига Қатортол қишлоғи Наврўз массиви ҳудудидан ер майдони ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиққан. Лекин қарорнинг 3-бандига: «Ушбу қарор тасдиғи Тошкент вилояти ҳокимидан сўралсин» деб киритиб қўйилган.

Aфсуски, 1 йилдан бери Тошкент вилоят ҳокимлиги ушбу қарорни тасдиқлаб бермаган.

Тадбиркорлар ўзига ажратилган ерда қурилиш ишларини бошлаши билан туман прокуратурасидан келиб тўхтатиб қўйилган. Ер бўш турмаслиги учун тадбиркорлар ажратилган ерга маккажўхори экиб қўйишган. Лекин бу экиннинг ҳам «эгаси» чиқиб қолиши мумкин. Хуллас икки ҳокимлик ўртасида тадбиркорлар сарсон-саргардон…

Яна бир тадбиркор эса «Eshonguzar City» қурилиши сабаб кўчада қолган

Зангиотада бир неча йиллардан бери токарлик билан шуғулланиб, ёшларни иш билан таъминлаган ва уларга ҳунар ўргатиб келаётган Aкмал Мухторхонов ҳам бугун адолатсизликдан норози.

Ҳозирда қурилаётган «Eshonguzar City» ўрнида унинг устахонаси бўлган. Унга ҳам туман ҳокимлиги «снос»га тушган устахонаси ўрнига бошқа жойдан ер ажратиб берган, қарор ҳам чиқарган.

Лекин қарорнинг яна ўша 3-бандидаги: «Ушбу қарор тасдиғи Тошкент вилояти ҳокимидан сўралсин» деган қисми 1 йилдан бери бажарилмаслиги оқибатида тадбиркор кўчада қолган.

Aжратилган ерга ҳеч нарса қура олмаяпти. Ситини қураётган тадбиркорлар томонидан берилган компенсация пулини эса ойлик қилиб ишчиларига тўлаб келмоқда. Устахонадаги дастгоҳлар кўчада, қўни-қўшнининг уйида қолган.

Туман ҳокимлиги ўз айбини бир ҳафта ичида тўғриламоқчи

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Зангиота туман ҳокимлигида бўлдик.

Ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Жасур Усмоналиевнинг айтишича, тадбиркорларга компенсация ўрнига қўшимча ер берилган.

«Aжратилган ерни тасдиқлатиш учун вилоятга хат билан чиққанмиз. Лекин узоқ вақт жавоб бўлмади. Яқинда яна вилоятдагилар билан боғландик. Бизга ҳужжатларда камчиликлар борлигини айтишди. Камчиликларни тўғрилаб яна юборсак, улар комиссияга қарорни тасдиқлатиш учун киритишади.

Бу – тадбиркорларнинг масаласи эмас. Уларнинг иш фаолияти тўхтаб қолгани бу биринчи навбатда бизнинг айбимиз. Вилоят ҳокимлигига ўз вақтида ҳужжатларни камчиликсиз тақдим этмаганимиз бу бизнинг айбимиз. Ҳозир бунинг устида ишлаяпмиз. Шу ҳафта тўлиқ ҳужжатларни тақдим қиламиз», дейди ҳоким ўринбосари.

Расул Кушербаев: «Бир йил давомида тадбиркорлар кўрган зарар қоплаб берилиши керак»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам Зангиотадаги сарсон тадбиркорлар масаласида ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Мен ҳам бу масалани ўрганиб чиқдим. Давлат ва жамият эҳтиёжи учун ерни олиб қўйиш тартиби бор. Шу тартибга масъуллар томонидан риоя қилинмаган. Бу аниқ. Тадбиркор мулки бузиб ташлангандан сўнг ўринга-ўрин ер бериляпти. Aслида бундай бўлиши мумкин эмас. Қонунчилигимизда ерни олиб қўйиш ва компенсация қилиш масаласи аниқ кўрсатиб қўйилган. Яъни тадбиркор билан келишиб, уни рози қилиб, ҳисоб-китоб бўлгандан сўнггина уни бузиш мумкин. Мана шу жиҳатларга риоя қилинмаган.

Бундай ишлар мамлакатда олиб борилаётган инвестицион ишларга тўсиқ бўлади. Мулкка нисбатан бундай муносабат бўлар экан, бизга инвестиция кирмайди. Бори ҳам қочиб кетади.

Хатога йўл қўйишдими, тан олиш керак. Ўзлари тўғрилаб бериши керак. Лекин қилишмаган. Бу шунчаки оддий инсонларнинг устидан кулиш. Оддий одамлар ҳам «масъуллар қонунни айланиб ўтяптими, демак биз ҳам шундай қилсак бўлар экан», деган тушунчага келмоқда. Бу – фирибгарликни бир йўлига ўхшаш нарса. Ким-кимга нима учун ўрнак бўляпти?

Мен яна қайтариб айтаман: бизда масъуллар томонидан ерга, хусусий мулкка бўлган муносабат, амалдаги қонунларни қўллашга ёндашув ўзгармас экан, ривожланиш бўлмайди.

Зангиотадаги ҳолатда тадбиркорлар 100 фоиз ҳақ. Улар маъмурий органни қарорига ишониб қурилиш қилган, мулк орттирган. Бу ҳолатда тартибларни бузган масъуллар марҳамат қилиб жавоб бериши керак. Уларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Иккинчидан, зарарлар зудлик билан қопланиши керак.

Учинчидан, шу ҳолатга йўл қўйгани учун тадбиркор 1 йил давомида кўрган зарар ҳам қоплаб берилиши керак», – дейди депутат Кушербаев.

Хулоса

Мулкдорнинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган. Бош қомусимизнинг 53-моддасида: «Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин», деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил августдаги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли қарорида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган мулклар қандай тартибда ва асосда олиниши кўрсатиб ўтилган.

Aфсуски, Зангиотадаги тадбиркорлар 1 йилдан бери сарсон бўлишмоқда. Хўш, бу ерда уларнинг айби нима? Икки ҳокимлик ўртасидаги «копток» бўлаётган бу инсонларга тегишли ерлар қачон расмийлаштирилиб берилади-ю, қачон улар ўз иш фаолиятини давом эттиради?

Ишлаб турган, фуқароларни иш билан таъминлаётган, давлатга солиқ тўлаб келган тадбиркорларга нега бундай муносабатда бўлинмоқда? Ҳокимликларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги ва совуққонлиги давом этаверар экан, инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича қилинаётган ишлар самара берармиди?

1 йилдан бери сарсон юрган, моддий ва маънавий зарар кўрган бу инсонларга зарарни ким қоплаб беради?

Умид қиламизки, тез орада Тошкент вилояти ва Зангиота туман ҳокимлиги бу саволларга жавоб беради ва тадбиркорларнинг муаммосини ижобий ҳал этади.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид