Ўзбекистон | 09:49 / 10.12.2021
11316
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 2400 йиллик тарихий ёдгорлик ҳудуди қабристонга айлантирилгани аниқланди

Фото: Лилия Николенко

Ижтимоий тармоқларда “Миздакхон мажмуаси” ҳудудида жойлашган Ҳалифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида янги қабрлар учун ерлар сотилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Юз бераётган воқеалар акс этган фотосуратлар таниқли жамоат арбоби ва блогер Лилия Николенко томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.

Унинг сўзларига кўра, бу ерда замонавий дабдабали қабристон яратиш режалаштирилганга ўхшайди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

"Ўрта аср ёдгорликлари деворлари остида замонавий қабрлар учун жойларни сотиш бошланган. Назаримда, Миздакхон сайёҳлик объекти сифатида тизимли равишда йўқ қилинмоқда ", - деди у.

Маданий мерос агентлиги ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Унда таъкидланишича, октябрь ойида Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармаси томонидан “Миздакхон мажмуаси” тарихий обидалар ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, “Миздакхон мажмуаси”дан қабристон сифатида фойдаланиб келинаётгани аниқланган.

Шундан сўнг, Хўжайли туман ободонлаштириш бошқармасига тарихий обидалар ҳудудида қабрларнинг жойлаштирилишини назоратга олиш вазифаси юкланган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Аммо ҳозирги вақтда бошқарма томонидан ушбу маданий мерос объекти атрофида янги қабрлар жойлаштирилишининг тўхтатилиши тўлиқ назоратга олинмаган.

1 декабрь куни Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Турсунали Қўзиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ишлари олиб борилиши жараёнида мазкур масала назоратга олинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармасига маданий мерос объекти ҳудудини муҳофаза қилиш ва асрашга доир кўрсатмалар берилган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Маълумот учун, Миздакхон некрополи қадимий қабристон бўлиб, Нукус шаҳридан 40 дақиқа узоқликда жойлашган археологик иншоотлар мажмуаси ҳисобланади ва икки юз гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда қадимий қабрлар мавжуд, уларнинг баъзилари эса 2400 йиллик тарихга эга. Миздакхон - Марказий Осиё минтақасидаги энг қадимий ва йирик қабристонлардан биридир. Қадим замонлардан бери бу жой муқаддас ва сирли маскан сифатида кўплаб зиёратчиларни жалб қилиб келмоқда. Сўнгги дафнлар XIV асрга тўғри келади.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Афсонага кўра, қабристон ҳудудида дунё охиратигача қолган вақтни ҳисоблайдиган “Дунё соати” ёки “Қиёмат соати" мавжуд. Ҳар йили "соат" деворидан битта ғишт тушади ва афсонада айтилганидек, охирги ғишт тушганда, қиёмат содир бўлади. Шунинг учун бу ерга келган зиёратчилар тошларни эҳтиёткорлик билан йиғиб, уларни ёнма-ён қўйишади ва нажот сўраб дуо ўқишади.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Шунингдек, некропол ҳудудида Малика Мазлумхон Сулув ерости мақбараси, Гиаур-қалъа қалъаси, Халифа Ережеп ва Мадаминхон мақбаралари, Карвонсарой, Қирик-шопан қалъаси, Жомарт-Кассап минораси, мадраса ва бошқа объектларни кўриш мумкин. Қабристон бўйлаб минг йиллик тарихга эга бўлган сон-саноқсиз мозорлар мавжуд. Улардан баъзилари шу даражада яхши қурилганки, асл қиёфасини деярли йўқотмаган. Қабрлар ёнида қадимги қолдиқлар: турли уй буюмлари, идишлар, ассуарийлар учратилади.

Мавзуга оид