Жамият | 00:50 / 12.05.2018
99261
3 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат юридик университети талабаси ўлими билан боғлиқ аниқ тафсилотлар маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга кўра, Тошкент давлат юридик университети талабаси хорижий тил фанини ўзлаштиролмагани учун ўз жонига қасд қилган. Kun.uz​ мухбири университет маъмурияти билан боғланиб ушбу вазиятга ойдинлик киритди.

Ректорат тақдим этган маълумотга кўра, асли андижонлик фуқаро (шахси Kun.uz​’га маълум) 2015-2016 йилги ўқув йилида университет талабалар сафига қабул қилинган.

«​Жорий ўқув йилда, ўша талаба иккинчи семестр давомида ихтисослиги бўйича бир неча фанларни ўзлаштира олмади. Университет томонидан берилган биринчи имкониятда битта ихтисослик фанидан бошқа барча фанларни ўзлаштирган. Қолган битта фанни (инглиз тили фани эмас - таҳр.) қониқарли ўзлаштира олмагани сабабли, кузги имкониятга қолдирилганди. Талаба кузги имкониятдан ҳам фойдалана олмай, 2016 йил 22 декабрьда талабалар сафидан чиқарилди. Курсдан курсга қолдириш имкони бўлмаган. Чунки талаба эндигина биринчи босқич талабаси бўлган. Қонуний асос сифатида олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 118 сонли қарори ҳисобланган»​, деб маълумот беради университет мутасадди вакили.

Университет маъмуриятининг таъкидлашича, 2017 йил 20 июньдаги янги шу номдаги 393 сонли Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича, мазкур талабанинг вазиятида бўлган бошқа талабалар ҳам курсдан курсга қолдирилишига рухсат берилди.

«Талаба бу вақтда университет билан боғланиб, ўқишини тиклатиш учун ариза ёзиши керак бўлган. Талаба орада деярли бир йилдан ортиқ вақт университет билан боғланмаган. Жорий йилнинг 27 март куни (ижтимоий тармоқларда 8 май кўрсатилганди - таҳр.) собиқ талаба ўзининг яшаш жойида ўлик ҳолда топилди. Жорий йилнинг 28 март куни марҳумга нафас йўлига кўп миқдорда сув тўлиши оқибатида, ўлим ташхиси қўйилган», дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган вакил.

Англашиладики, марҳум университетдаги масалаларга оид бўлмаган ҳолда вафот этган. Kun.uz​ таҳририяти юз берган ҳодиса юзасидан марҳумнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур таъзиясини изҳор этади.

Мавзуга оид