«Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди». Нозим Ҳусанов — «Сардоба» тошқини ҳудудларидаги бандликни таъминлаш лойиҳалари ҳақида
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Kun.uz'га тақдим этилган мақоласида «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган туманларнинг ишсиз фуқароларини доимий иш билан таъминлаш бўйича қилинган ишлар хусусида маълумот беради.
Давлатнинг давлатлиги, халқнинг халқлиги қийин пайтларда билинади. Афсуски, 2020 йил жуда оғир келди. Коронавирус балоси, у келтирган ижтимоий-иқтисодий инқироз етмаганидек, бир ҳафта ичида Бухоро ва Сирдарё вилоятларида табиий-техноген офатлар рўй берди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев иккала жойга ҳам зудлик билан етиб бориб, вазиятни ўз назоратига олган эди. Бу эса жабрдийдаларга кучли далда, мадад бўлди. Бутун халқимиз бирлашди. Кимдир маблағи, кимдир меҳнати билан ёрдамга келди.
Ҳозирга келиб, ҳар бир мавзе ёнида иш ўринлари ҳам ташкил этилди. Янги мавзеда ишлаб чиқариш лойиҳалари, маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этилган. Уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компанияларнинг ташкил этилиши албатта иш ўринлари яратилиши орқали аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятини берди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги олдида аҳолини доимий иш билан таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини олиб боришга кўмаклашиш бўйича белгилаб берилган аниқ вазифалар биз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг тасдиқланган баёнига мувофиқ, «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигидаги Республика Ишчи гуруҳи томонидан тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг вазифалари белгилаб олинди:
Биринчидан, талофат кўрган туманларнинг доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли сонини аниқлаш ва уларнинг ҳар бирини ишга жойлаштириш бўйича манзилли рўйхат шакллантириш;
Иккинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш учун хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур банк кредитларини ажратишга кўмаклашиш;
Учинчидан, тадбиркорлик фаолиятларини олиб боришлари учун ер участкаси, бўш бино ва иншоотлар билан таъминлаш, мухандислик-коммуникация тармоқларига улаш бўйича мавжуд муаммоларни доимий равишда ўрганиб бориш ва тезкорлик билан ҳал этиш чораларини кўриш;
Тўртинчидан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, интенсив боғдорчилик ва иссиқхоналар ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш;
Бешинчидан, лойиҳа асосида ташкил қилинган корхоналарда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилиш, шу жумладан, экспорт қилишда кўмаклашиш, яратилган иш ўринларининг давомийлигини таъминлаш ва бандлиги таъминланган аҳолининг меҳнат шароитларини мунтазам мониторинг қилиб бориш ҳамда кўп квартирали уйларда истиқомат қиладиган фуқаролар билан учрашувлар ташкил этиш вазифалари белгилаб олинган.
Ушбу ишларни ташкил этиш мақсадида вазир раҳбарлигида вазирлик масъул ходимларидан иборат кундалик ишларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи доимий иш билан банд бўлмаган жами 1 556 нафар аҳоли, шундан, Оқолтин туманида 642 нафар, Сардоба туманида 501 нафар ҳамда Мирзаобод туманида 413 нафар фуқаронинг рўйхатлари шакллантирилди.
Шакллантирилган рўйхатга мувофиқ, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида Республика Ишчи гуруҳи томонидан 2020 йилнинг 4, 5, 6 ноябр кунлари Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида «Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш ярмаркаси» янгича ёндошув асосида икки йўналишда ташкил этилди.
Биринчи йўналишда вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларидан корхона, ташкилот ва муассасалар бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этган бўлса, иккинчи йўналишда ишсиз фуқароларнинг тадбиркорлик қилиш истагини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан кредит ресурслари ҳамда таъминотчи корхоналар томонидан ускуна ва жиҳозлар кўргазмаси ташкил этилди.
Шунингдек, банд бўлмаган фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида 11 та Дамас автомашиналари ажратилиб, «Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш КЎЧМА ЯРМАРКАСИ» ташкил этилди ва ижтимоий объектлар манзилларида вақтинча яшаш учун жойлаштирилган хонадонларга борган ҳолда манзилли хизмат кўрсатилмоқда.
Уч кун давомида ўтказилган тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан 87 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 4 491 та бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этишди.
Тадбирга 3 496 нафар иш қидирувчи (шулардан 103 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 32 нафари жазодан озод қилинганлар,
136 нафари хориждан қайтган ва чет элга кета олмаган мигрантлар ва бошқалар тоифадасига тегишли 3225 нафар), шу жумладан, 1995 нафар ёшлар ва 1334 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 564 нафар иш қидирувчига (361 нафар ёшлар, 272 нафар аёллар, шундан 19 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 18 нафари жазодан озод қилинганлар, 69 нафари хориждан қайтган ва чет элга кета олмаган мигрантлар, 117 нафари «Темир дафтар»дан, 75 нафари аёллар ва 61 нафар ёшларга) ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.
Шунингдек, «Сардоба» сув омбори тошқинидан талафот кўрган туманларидан уч кунлик тадбирга 1 825 нафар иш қидирувчи (шулардан 34 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 21 нафари жазодан озод қилинганлар, 114 нафари четдан қайтган ва четга кета олмаган мигрантлар ва бошқалар тоифадаги 1656 нафар), шу жумладан, 1011 нафар ёшлар ва 684 нафар аёллар жалб қилинган бўлса, ярмарка натижаси билан 248 нафар иш қидирувчига (166 нафар ёшлар, 126 нафар аёллар, шундан 18 нафари ҳарбий хизматдан бўшаганлар, 14 нафари жазодан озод қилинганлар, 51 нафари чет элдан қайтган ва чет элга кета олмаган мигрантлар, 49 нафари «Темир дафтар»дан, 36 нафари аёллар ва 45 нафари ёшлар дафтаридан) ишга жойлашишлари учун йўлланмалар берилди.
Шу билан бирга, 572 нафари касб тайёргарлигига юборилди, 111 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 270 нафари субсидия олиш юзасидан рўйхатга олинди ҳамда 122 нафари тадбиркорлик қилиш учун кредит олиш истагини билдирди.
Шунингдек, 1 809 нафар иш қидирувчига меҳнат қонунчилиги, иш жойини ўзгартириш, бўш иш ўринлари ва бошқа шу каби масалаларда тегишли маслаҳатлар берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан талафот кўрган ҳудудлардаги ҳар бир лойиҳани амалга ошириш бўйича туман ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафтада 2 маротабадан кредитга бўлган талаби, ер участкаси ва бўш бино ва иншоотлар билан таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бошқа мавжуд муаммолар доимий равишда ўрганиб борилмоқда. Бунинг натижасида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, интенсив боғдорчилик ва иссиқхоналар йўналишларида ҳозирги кунда 65 та иш ўринлари яратилди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига Мирзаобод туманида 3 та (2 та мева-сабзавотчилик, 1 та асаларичилик), Оқолтин туманида 1 та (мева-сабзавотчилик) ва Сардоба туманида 4 та (мева-сабзавотчилик) ишлаб чиқариш кооперативлари ташкил этилиб, 449 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шу билан бирга Мирзаобод туманида 781 нафар, Оқолтин туманида 151 нафар ва Сардоба туманида 211 нафар фуқарога енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4,4 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Шунингдек Республика ишчи гуруҳи томонидан Мирзаобод туманида 365 нафар, Оқолтин туманида 217 нафар ва Сардоба туманида 461 нафар ишсиз фуқаро қисқа муддатли ўқув курсларда ўқитилди.
Банд бўлмаган аҳолини қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш учун Мирзаобод туманидаги 135 нафар ишсиз фуқаро ўқитилиб («Ахмаджон» МЧЖга 96 нафар, «Мирзаобод лимончилик кластери» МЧЖга 39 нафар), Оқолтин туманидаги 185 нафар («Асадбек Авазбек ҳамкор» МЧЖга 63 нафар, «Оқолтин ултра АРТ техстил» 122 нафар), Сардоба туманидаги 200 нафар ишсиз фуқаро ўқитилиб, 100 нафари «Сардоба Оқсарой техстил» корхонасига ишга жойлаштирилди.
Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида ишсизлар айниқса, аёллар, ёшлар ҳамда «темир дафтар»га киритилган фуқаролар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, қуйидаги вазифалар белгилаб олинди.
Жумладан, 2020–2021 йилларда ушбу ҳудудларда жами 323 та лойиҳа ҳисобига 10307 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Жумладан, Сардоба туманида 85 та лойиҳа асосида 2 675 та янги иш ўрни, Оқолтин туманида 95 та лойиҳа асосида 3 478 та янги иш ўрни ва Мирзаобод туманида 143 та лойиҳа асосида 4 154 та янги иш ўрни ташкил этилиб, ҳудудлардаги ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларнинг бандлиги таъминланади.
Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига иш сўраб мурожаат этган ишсизларнинг мавжуд бўш иш ўринларига 1,9 минг нафари доимий иш жойларига жойлаштирилади.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этиш бўйича талафот кўрган ҳудудларда жами 7 та, шундан тикувчилик бўйича 2 та, паррандачилик бўйича 1 та, мева сабзавотчилик бўйича 2 та ва асаларичилик бўйича 2 та кооператив ташкил этилиши белгиланган бўлиб, натижада 550 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланади.
Амалга ошириладиган ушбу чоралар натижасида 14 506 нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттирмоқда.
Нозим Хусанов,
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
23:56 / 02.05.2023
Сардоба фожиасига 3 йил: олдини олиш мумкин бўлган фалокат ва унинг оқибатлари
11:38 / 11.04.2023